Ватанни қўриқлаш

513

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида илм-фан, илмий-инновацион фаолиятда ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Шу жумладан ҳарбий илм-фан орқали ижтимоий-ҳарбий, ҳарбий-техник, хусусий ҳарбий, ҳарбий-иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий йўналишлар бўйича ҳам мақсадли илмий тадқиқотлар ривожланиб бормоқда.

Мудофаа вазирлигида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида ҳарбий илм-фаннинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида Матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Бахром Зулфиқоров, Мудофаа вазирлиги Ҳарбий кадрлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Мамадалиев ва Қуролли Кучлар Академияси бошлиғининг инновация ва илмий ишлар бўйича ўринбосари Рустамжон Самаровлар иштирок этишди.

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий фанни ривожлантириш — стратегик масалалар қаторига кириб, унинг асосий мақсади мудофаа ва хавфсизликка таҳдид солувчи омилларнинг манбаси ва динамикаси, қўшинларимизни шайлик даражасини таъминлаш, душманни яксон қилиш учун қўлланиладиган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни қўллаш кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси, Мудофаа вазирлиги Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилиши Мудофаа вазирлигида илм-фан, ҳарбий-илмий ва инновацион фаолият ривожига улкан ҳисса қўшди. Мудофаа вазирлигида ҳарбий-илмий тадқиқотлар йўналишида белгиланган вазифаларни ҳал этиш, мудофаа соҳасининг устувор йўналишлари бўйича назарий ва амалий илмий тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида Қуролли Кучлар Академияси негизида Илмий взвод ташкил этилиб, докторантурада хорижий давлатлар ҳарбий кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, сўнгги 5 йилда олий ҳарбий таълим муассасаларида илмий салоҳият 10 баробарга, яъни 3 фоиздан қарийб 30 фоизга ошган бўлса, олимлар сони сўнгги беш йилда қарийб 14 баробарга ошди. Натижада, беш йил аввал вазирлик таркибида бор йўғи 15 нафар олим бўлган бўса, жорий йилга келиб уларнинг сони 201 нафарга етди. Қуролли Кучлар Академиясининг таянч докторантурасида тўққизта ихтисослик бўйича ҳарбий-илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда академия илмий салоҳияти 51% ни ташкил этиб, ўндан ортиқ монография ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси хабарлари”, “Ҳарбий таълим ва фанда иннновациялар” каби ҳарбий-илмий журналлар нашр этиб келинмоқда. Шу билан бирга Чирчиқ олий ҳарбий танк қўмондон-муҳандислик билим юртида “Зирҳли қалқон”, Ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳарбий-алоқа институтида “Ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳарбий-алоқа институти ахборотномаси” ҳарбий-илмий журналлари нашр этиб келинмоқда.

Шунингдек, вазирлик илмий салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий олимларнинг илмий-тадқиқот ишларини қўшинларга ва кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ёш ҳарбий олимларни кашф этиш мақсадида Мудофаа вазирлигида “Энг яхши илмий мақола” кўрик-танлови ўтказилиши жорий этилди.

Бугунги кунда Қуролли Кучлари Академиясининг илмий-ижодий гуруҳи томонидан Амир Темур бобомизнинг бой ҳарбий мероси

ва илғор ҳаётий тажрибасининг илмий жиҳатларига асосланган “Амир Темур ҳарбий санъати” номли китобни яратиш ишларини олиб борилмоқда.

Бибигул МУРТАЗАЕВА