ёхуд муаллиф воқеанинг асл сабабини ўрганмасдан қаламга олган
“Ishonch” газетасининг шу йил 28 октябрдаги сонида Республика маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Муҳтарама Улуғованинг “Кўрмоқ бору, емоқ йўқми?” мақоласи чоп этилган эди.

Мақолада муаллиф Юнусобод туманидаги мактаблардан бирида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, болалар ёзувчиси ҳамда иқтидорли ёш санъаткорлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир кун иссиқ бўлишига қарамай мактаб ҳовлисида ўтказилгани, бунга сабаб мактаб раҳбариятининг таълим муассасасидаги мавжуд фаоллар залидан фойдаланишга рухсат бермаслигини баён қилган.
Мазкур мақолага Юнусобод тумани Халқ таълими бўлими тезкорлик билан муносабат билдирди.

Юнусобод тумани Халқ таълими бўлими мудири О.Ярашев имзоси билан келган муносабатда, жумладан, шундай дейилади:
“Жорий йилнинг 24 сентябрь куни тумандаги 288-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Мустақиллигимиз абадий бўлсин!” шиори остида тадбир ўтказилган.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Эркин Малик ва Р.Глиер номидаги “РИМАЛ” ўқитувчи ва ўқувчиларидан иборат созандалар гуруҳи ҳамда мактабнинг 6-, 7-синф ўқувчилари, мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилар иштирок этган.

Ташриф буюрган меҳмонлар мактаб раҳбарияти томонидан фаоллар залига таклиф этилганида меҳмонлар пандемия пайти экани, ўз соғлиқларидан хавотир олишлари ҳамда об-ҳавонинг тадбирни мактаб ҳовлисида ўтказиш учун очиқ ва мос эканини айтиб, ҳовлида ўтказиш таклифини беришган.
Шу сабаб тадбир мактаб ҳовлисида карантин қоидаларига мос равишда ташкил этилган.

Бугунги кунда тумандаги барча таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар мавзуга мос тарзда синф хоналарида, фаоллар зали ва спорт залларида ташкил этилмоқда ва бунга ҳеч қандай чеклов қўйилмаган”.
Шунингдек, Юнусобод тумани халқ таълими бўлимининг қўшимча маълум қилишича, мазкур мактабда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳомийлигида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини ўқитиш бўйича таянч мактаб ҳам ташкил этилган.
Таҳририятдан: Муҳтарама Улуғова таҳририятнинг доимий муаллифларидан бири ҳисобланади. Шу сабаб таҳририят мазкур мақолани ҳам жиддий ўрганмасдан, муаллифга ишонч билдирилган тарзда чоп этган эди. Мазкур ҳолатда муштарийларда муаллиф мавзуни тўлиқ ўрганмаган ёки шахсий ғарази мавжуд деган хулоса келиб чиқиши мумкин.
Газета – халқ минбари. Шу сабаб таҳририят воқеага янада аниқлик киритиш ва унинг сабабларини баён этиш учун барчага бу минбардан фойдаланиш имконини беришга тайёрлигини маълум қилади.
