Икки туйғу ёхуд «ЙЎЛ»ни қачон ёзасиз, Норқобил?

1964

Норқобил билан ўқтин-ўқтин телефонлашиб турамиз. Буни қарангки, беш марта қўнғироқлашсак, шундан тўрт мартасида у йўлда кетаётган бўлади: гоҳ Чиноз, гоҳ Қашқадарёга, гоҳ Қорақалпоққа… Ўйлаб кўрсам, бирор дафъа, «Ака, Тошкентга кириб келаётувдим» деганини эшитмадим.

Йўллар Норқобилни пойтахтдан олис-олисларда умргузаронлик қилиб юрган таниш-нотанишлар дийдори томон олиб боради. У томонларга бориб, ёнилғи тўлдирилган мошиндек, куч-қувватга тўйиб-тўйиниб қайтади…
Фараз қиламан: «ХХI аср»дек нуфузли газета таҳририятидаги хонасида қўлёзма ва корректурадан бош кўтармай ўтирган ҳолида ҳам Норқобилнинг кўз олдидан бутун мамлакат бўйлаб «сочилиб» кетган таниш чеҳралар сиймоси ўчмайди, қўли бўшади дегунча, у яна ва яна йўлга отланади.
Норқобилнинг «Кўнгилдан кўчирмалар»ини ўқиган чиқарсиз? Дабдурустдан сўраганим – ижодда энг қийини хотиралар ёзиш, одам ўзи ҳақда – ўзидан чиқариб бериши мушкул-да, ахир!
Буюк ҳинд адиби Рабиндранат Тагор «Хотиралар»ини қуйидаги мулоҳазалар билан бошлайди: «Билмадим, ким ҳаёт манзараларини хотира алвонига сурат қилиб тортаркин. …У дид-фаросатига қараб, баъзи бир нарсаларни чиқариб ташлайди, баъзи бир нарсани қолдиради. …ташқи ҳаётда воқеалар юз беради, киши қалбида эса маълум манзаралар ҳосил бўлади».
«Кўнгилдан кўчирмалар»га қайтамиз.
Олис Қашқадарё, олис Китоб тумани, олис Минжир қишлоғида таваллуд топган, улғайган, мурғак қалбида шоирлик насимлари эсаётган ўсмир қай ошиёнларни мўлжалга олиб қанот қоқади? Шахс ва жамият ҳақида кўп ўйлаймиз, фикрлашамиз, бироқ шу ўринда мезонни пича соддалаштирайлик, ҳаётийроқ ўзанларга олиб тушайлик: оддий фуқаро ва жамият! Ўрта мактабни битирган ўсмир ва жамият! Янаям аниқлаштирсак: Норқобил Жалиллар ва жамият!..
Ўтган асрнинг 80-йиллари бўсағаси, Ватанимиз истиқлолидан ўн, шўроларнинг сўнгги нафас олиши – ошкоралик ва қайта қуриш дабдабалари бошланишидан тўрт-беш йил бурун ўрта мактабда ўқишни тугатган шоиртабиат йигитча олий ўқув юртига кириш умидида пойтахт сари йўл олиши турган гап. Бироқ Тошкентга келиб, бу синовдан ўтгандан ўтмаган кўп. Ҳаётда ўз ўрнини излаган – тополмаган, адашиб-улоққан, тасодифлар қурбонига айланган, юз гулидан бир гули очилмай омадсизлик гирдобида ғарқ бўлган йигит-қизлар ҳозир ҳам озмунчами?!
Норқобил ҳам мандатдан «йиқилган»лар қаторида қишлоққа қайтди. Туман газетаси, комсомол, мактабга борди – иш йўқ, кутубхонага борди – иш жойи қаҳат. Кўнгил эса осмонларга учаман дей­ди, тоғни талқон қиламан дейди, шафқатсиз ва қув имтиҳонлардан йиқиладиган анойи йўқ дейди!
Катта ҳаётнинг сертикан сўқмоқларидан мардонавор ва беталафот ўтишнинг энг яхши, энг тоза йўлини – ЯХШИЛИК йўлини танлади Норқобил. Беғубор кўнглига яраша бегидир дўст-биродар орттирди. Ҳарбий хизматни ўтади, армиядан қайтишда йўлни яна тўппа-тўғри Тошкентнинг Талабалар шаҳарчаси томон солди. Талабалик чоғлариданоқ матбуот, журналистика амалиётига кириб келди, қаламини чархлади. Респуб­лика радиосида, газеталарида суяги қотди. Телевидениеда росмана оёққа турди, қад ростлади.
«Оёққа турди», «қад ростлади» деганда мен, биринчи навбатда, унинг дунёқараши шаклланганини, ўша олис қишлоқ шароитида, оила ва яқин қондош-жондошлар бағрида кўз очган инсоний ақида-майллари профессио­нал концепция – зиёли маслак даражасига кўтарилганини назарда тутмоқдаман. Халқона лутфи-тили эса эшиттиришлари, мақолалари, кўрсатувлари ва, албатта, шеърларида ўзига хос ажиб ширадор бир оҳанг­­га айланганига эътибор қаратмоқдаман. Мурғак индивиднинг ижодий ­қудрат-салоҳият шарофати ўлароқ, жамият манфаатлари йўлида жонбоз­лик кўрсатиш истагидаги шахс мақомига етишганини тасаввур қилмоқдаман. Бу ниҳоятда мушкул ва мураккаб курашда ғолиблик нашидасини суриш қалбига катта ва эзгу ниятларни жо этган, бор инсоний ва ижодий салоҳиятини мақсад сари сафарбар қила олган кишиларгагина насиб этади. Зеро, касб-кор ҳам, унинг ортида қўлга киритилган ютуқлар ҳам тақдир, қисмат инъом этган насибадир.
Оддий мисол. Кимлар қандай мавзуларда эшиттириш ё кўрсатувларга муаллифлик қилишмаяпти, дейсиз. Ваҳоланки, мавзу танлашда муаллифнинг табиати, феъли, дунёқараши, ҳаётий ақидалари ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Бунга кўпда эътибор қаратилмаётгани ачинарли, албатта. Шу маънода ҳам Норқобил Ўзбекистон телевидениесида бир неча йил мобайнида «Яхшилик» дея аталмиш туркум кўрсатувлар тайёрлагани мутлақо тасодиф эмас. Унга беҳудага «Яхшилик» раво кўрилган эмас. Қўлимиздаги хотиралар яхшилик, эзгулик туйғулари Норқобил Жалилнинг инсоний, ижодий аъмолининг марказий ўқи, лейтмотиви, қизил ипини ташкил этишидан далолат бермаяптими?!. Лўндасини айтганда, оила аъзолари, туғишганлари, ҳамқишлоқ ёр-биродарлари, ижодкор-касбдош дўстлари, оддий замондошлар… азиз авлиё аждодлар, қадамжолар, табаррук устозлар ҳаётидан, суҳбатидан, асарларидан – умуман, ҳаёт йўлларидан эзгулик, яхшилик исташ-излаш Норқобил Жалилнинг ҳам инсоний, ҳам ижодий кредосига айланган эди. Яхшилик истаган кўнгилнинг яхшилик топгани ҳам, «Яхшилик» кўрсатувининг элга манзур бўлгани ҳам ва ниҳоят, муносиб тақдирлангани – мамлакатда илк бор таъсис этилган «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳибига айланганининг сир-синоати ҳам шунда эди.
Хотира-ёдномалар дарёсига ғарқ бўлишнинг ўзига хос сеҳри, шукуҳи бўлади – муаллифни изтиробга солган армонлар, таассуфлар ўқувчи кўнглига кўчиб ўтади. Норқобилнинг хатидаги, ­баёнидаги беғуборлик, самимият бундай «кўчиш» таъсирини икки ҳисса оширади. «Ака, қачон келасиз? Укамлар сизни ҳар куни кутади. Автобус келса, югуриб чиқамиз. Яқинда бораман дебсиз, қачон келасиз, ўзи?!», деб ёзади Норқобилнинг жияни Зулхумор қизалоқ. «Эҳ, сингилгинам менинг, – жавоб қилади Норқобил. – Мен… зил-замбилдай соғинчини ичига ютиб, кўзёшсиз йиғлаётган одамман. Нима қилай, бу дунё соғинчдан иборат экан».
Хотираномани ўқидим-у, муаллиф ­дўстим она тупроқ, ота қишлоқ томонларга ойига, ҳафтасига неча бора қатнаши ҳисобини ололмай қолдим. Тағин неча бегона, таниш-билишларга оқибат-эътибор кўрсатиш ниятидаги бориш-келишлар-чи? Норқобил ҳаммасига улгуради, улгурмаса, ўзини қўярга жой тополмайди. Унинг қалби-шуури яқинларга аталган меҳр-шафқатнинг кони. Бинобарин, унинг ёдномаларидан самимият, муҳаббат оҳанги, ноласи таралиб туради.
…Бундан қирқ йиллар бурун йиқилишдан қўрқмайман, дея аҳду паймон қилган, Тошкентдек пойтахти азимни ишғол этаман деган Инсон ҳаётининг бир палласи – бекатига етган чоғида икки буюк туйғуни кашф этиб, ўз қадоқ қўллари билан ушбу туйғулардан бино қилган кошонасининг соҳиби бўлиб ҳаёт кечирмоқда, ижод қилмоқда, меҳр улашмоқда, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист сифатида фаол ижод қилмоқда.
Ҳар қандай инсоннинг инсонийлигини белгилаб берувчи бу икки туйғу – ЯХШИЛИК ва СОҒИНЧ деб аталади! Ўзини ­дунёга келтирган Ота ва Она, қондош яқинлар, қишлоғи, ҳамқишлоқлари, жумладан, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, Муҳаммад Юсуф каби шоирлар, режиссёр Нуриддин Қосим, бетак­рор Қодир бахши ва бошқа кўплаб оддий, лекин чин инсонларга бўлган яхшилик ва соғинчдан руҳ, қувват, илҳом олади Норқобил Жалилнинг ўткир қалами.
Она, кўнглим кўнглимни ютди,
Олиб кетар мени бир шамол.
Осмонимдан узилиб кетди
Битта йилим – битта барг мисол, –
деб ёзади шеърларидан бирида Норқобил.
Ҳаётнинг, инсон умрининг ҳикматларга тўлиб-тошганлиги, айни чоғда бешафқатлиги ҳам шунда – йиллар ортидан йиллар чопаверади, япроқ сингари бир-бир узилиб тушаверади, Ҳазрати инсон эса кўнгил кўчирмаларини моҳир мусаввир янглиғ «хотира алвонига сурат қилиб тортаверади».
…Таниш рақамларни териб, гўшакни қулоққа босдим. Қадрдон овоз:
– Ака, вилоятга елиб бораётгандим, бирор хизмат борми, айтаверинг!
– Бор, – дедим, – қутлуғ 60 ни урибсиз, муборак бўлсин! Шу ёшга тўлгунча қанча йўл босдингиз?.. «ЙЎЛ» деган сафарнома ёзинг, тўкиб-тўкилиб ёзинг, китобхонларингиз, мухлисларингиз мириқиб ўқисинлар, хизмат – шу, жўра!

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси