Бир неча йилдан буён Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Куни кеча унинг жорий йилги ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, ОАВ вакиллари Адиблар хиёбонидаги буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Сўнгра Муқимий номидаги Ўзбекистон мусиқали драма театрида бўлган танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида қатнашдилар.
Бу йилги танлов уч йўналишда ташкил этилиб, республикамиздаги барча туман ва вилоят ҳокимликларида давлат тили тарғиботи қандай олиб борилаётгани ўрганилди. Шу боис қатнашчилар ўз ҳудудларида амалга ошираётган ишларига қараб, “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд”, “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим”, “Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа” йўналишлари бўйича сараландилар.
– Бизнинг ҳудудимизда 44 та корхона ва ташкилот мавжуд бўлиб, барчасида давлат тилида ва лотин алифбосида иш юритилмоқда, – дейди ғолиблардан бири – Ширин шаҳри ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Насиба Алимова. – Биз бу борадаги фаолиятни доимий равишда назорат қилиб бораяпмиз. Тўғри, ёши катта ишчи-ходимларнинг лотин алифбосида ёзишга кўникишлари бироз қийинроқ кечди. Ана шундай бир пайтда ҳар ҳафтада бир кун лотин алифбосини ўрганишни ташкил этганимиз ижобий самарасини берди,
Тадбирда ўз ҳудудларида давлат тилини тарғиб қилишда жонкуярлик кўрсатганликлари учун ғолиб деб топилган Жондор, Беруний, Китоб, Нарпай туманлари, Олмалиқ, Хива ва бошқа шаҳарлар масъуллари тақдирландилар.
Зебо НАМОЗОВА.
“ISHONCH”
