Ўзбекистонда 12 ёшдан катта болалар ота-онаси ёки васийларининг розилиги билан COVID-19га қарши Pfizer вакцинаси билан эмланишига рухсат берилди. Болаларни ҳам ковиддан эмлаш бошланиши – бу касалликнинг болалар ўртасида тарқалиши кенгайгани ва Ўзбекистонга 2 млн. доза Pfizer вакцинаси олиб келинганлиги билан боғлиқ. АҚШда ҳам Pfizer вакцинаси билан 5-11 ёшли болаларни эмлашга рухсат берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, 29 октябрь ҳолатига мамлакатимизда ушбу вакцина билан эмаланган 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар сони 183 025 нафарга етган.
Ихтиёрий равишда амалга оширилган вакцинация жараёнларида катта ёшлилар орасида баъзан қўрқув, хавотир бўлмади десак, хато қилган бўламиз. Энди навбат кичик ёшдаги фарзандларимизнинг эмланиш масаласига келганда бунга жамоатчилик қандай қараяпти?
Куни кеча транспорт бекатларининг бирида катта ёши катта бир киши менга: “Фарзандларингиз бор экан, болаларни вакцина билан эмлаш бошланди, ола кўрманг! Қўшнимни болалари эмлаш олиб, ёмон аҳволга тушиб қолди. Ҳозир касалхонада”, деб қолди. Бундай гап-сўзлар ҳеч қайси инсонни хавотирга солмай қўймайди, албатта. Хўш, бу фикрлар қанчалик ўринли? Мавзуни очиқлаш мақсадида Республика санитария-эпидимологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари билан боғландик.
Дилором Турсунова,
Республика санитария-эпидимология осойишталик ва жамоатчилик хизмати марказининг вакциналар ва иммунопрофилактикалар бўлими бошлиғи:
– Айни дамда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни ихтиёрий равишда эмлаш ҳолатлари республикамиз бўйича 246 мингдан ошди. Эмлаш жараёнлари катта ёшдагиларга 2021 йилнинг 1 апрелдан бошланган бўлса, одамлар орасида қўрқув, хавотир ҳам уйғонди. Ижтимоий тармоқларга турли блогерлар, тиббий тушунча ва тиббий маданияти тор одамлар COVID-19 вакцинаси хусусида асосланмаган фикрларни тарқатишди. Бу нотўғри. Аввало вакцина ишлаб-чиқаришнинг ўзи қийин.
Вакцина қўлланишидан аввал бир неча клиник ва илмий текширувлардан ўтади. Вакциналар тўлиқ илмий асосланган тадқиқотлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг муайян тавсияларига мувофиқ қўлланилади. Шунга кўра, кичик ёшдаги болаларнинг сурункали касалликлари бўлса ҳам ўз шифокорининг рухсати ва тавсиясига кўра вакцина қабул қилиши мумкин. Жамиятдаги ҳар бир инсоннинг ўз тиббий тушунчаси бўлиши лозим. Ҳар-хил асоссиз миш-мишларга ишониш керак эмас. Вакциналарнинг сифати кафолатланган.
Эмланиш олинганидан сўнг ҳар қайси организмда иммунжавоб бўлади. Шундай пайтларда вакцина асоратлари юзага келиши эҳтимоли бор. Бунинг ечими эса вақтида ҳудуд шифокорларига мурожаат қилишдир. Эмланишни тўғридан-тўғри қабул қилмай шифокор рухсатига кўра олиш керак. Шунда ортиқча саволларга ўрин қолмайди.
Жорий йилнинг 12 октябридан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларда ихтиёрий равишда эмлаш бошланган бўлса, ҳали оғир асоратли ҳолатлар кузатилмади. Бу юз фоиз ҳаммаси жойида дегани эмас, айрим ҳолатларда тасодифлар ҳам юзага келиши мумкин.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, олиб борилаётган вакцинация жараёнида бирор фуқародан тиббий қўлқоп ёки шприц талаб қилинмайди. Тиббий анжомлар ва вакцина бепул берилади. Айрим ҳолатларда эса баъзи ташкилотларда фаолият олиб бораётган ходимлар иш жойига эмланганлик гувоҳномасини тақдим этиш учун вакцинанинг биринчи дозасини олиб, қолгани учун “келишилган ҳолда” сетификат олган ҳолатлар ҳақида эшитяпмиз. ССВнинг 204-буйруғига асосан “Эмлаш.уз” бу борада мониторинг олиб боришни кучайтириши лозим, деб ўйлайман.
Пандемия даврининг балоси – коронавирусни ҳар биримиз бошимиздан ўтказганимиз, унинг қандай дард эканлигини билиб олганимиз рост. Мазкур вакцина ҳам тиббиётга аввалги вакциналар каби кириб келгани маълум. Ковид вируси эса ўз навбатида мутацияга учраб, унинг янги турлари кириб келяпти. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам биз қабул қилган вакциналар касалликка қарши курашади, ўлим ҳолатларини камайтиради. Фақат вакцина борасидаги тиббий тушунчаларимизни кенгайтирсак бўлгани. Қолган хулоса ўзингиздан.
Шаҳло НУР,
“Ishonch”
