ёхуд қарз олиб роҳатланадиганлар дарди
Шундай инсонлар борки, қарздан боши чиқмайди, қарзни қарзга улаб кун кечиради. Албатта, одамга маблағ зарур бўлса-ю, қўлида пули бўлмаса, яқин кишисидан қарз сўраши табиий. Лекин бундай касалликка учраган кишида руҳий бузилиш ҳам кечаётган бўлади. Бора-бора у бировдан қарз олишга ўрганиб қолади. Бундай руҳий тобелик кредитомания («қарз-ман») деб ҳам аталади. Унда фақат банклардан кредит олишга ружу қўйиш эмас, одамлардан қарз сўраш одати кучайиб кетгани ҳам ўрганилади.
Ҳозир замондошларимизнинг ҳар учтасидан биттаси айнан шунақа қарамликка чалинган бўлиб, унинг ортига стресс яширинган. Айниқса, пандемия даврида касалликдан безган аҳоли депрессияга тушиб қолди ва ўзини кредитларга ура бошлади.
«Қарз-ман» бировдан қарз олмай яшолмайди. Қўлига пул тушса, уни олдинги қарзи учун тўлайди. Оқибатда навбатдаги эҳтиёжлари учун яна қарз сўрашга мажбур бўлади. Бир вақтнинг ўзида бир неча одамдан қарздор бўлгани учун маоши «Ойликкача!» деб олган пулларини қайтаришга етмайди ва қарзини тўлаш учун яна кимдандир қарз олади. У ана шундай чигал занжирга ўралиб яшайди. Психологлар бегона пулларга бу даражада қарам бўлиб қолишнинг асоратлари алкоголизм ёки баъзи ўйинларга боғланиб қолишдан кам эмас, деб баҳолайдилар.
Ўсмирлик даври нотинч ўтган инсонлар қарз олишга «уста» бўлишлари исботланган. Чунки бу пайтда одамзоднинг орзулари кўп бўлади, уларни амалга ошириш эса фақат ўзига боғлиқ бўлмагани учун яқинларига суянади. Агар ўша вақтда бу эҳтиёжи қондирилмаса, у келажакда пулсизлик туфайли атрофдагиларга суянишга, қарз олиш йўли билан муаммоларини ҳал этишга ўрганиб қолади. Бинобарин, агар ўсмир ёшидаги фарзандингизни қўллаб-қувватламасангиз, қизиқишларини ҳисобга олмасангиз, мақсадларига эришишда ёрдамлашмасангиз, билингки, сиз бўлажак қарздорни, яъни «қарз-ман»ни тарбиялаётган бўласиз.
Фақат камбағал, ночор одам қарз олади, деган фикр мутлақо нотўғри. Агар онгида психологик бўшлиқ мавжуд бўлса, миллионер ҳам қарз олаверади. Чунки у кармонидаги пул билан ҳисоблашмайди. Масалан, қўлида 10 миллион сўм пул билан дўконга кирса, 15 миллион сўмлик буюм беихтиёр эътиборини тортади ва унга эгалик қилиш учун кимдандир қарз олади. Бор пулини биргина буюмга сарфлаб қўйгач, эртанги харажатлар учун бошқа бировнинг олдига бориб сарғаяди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – қарз сўраш ва олиш унга руҳий хотиржамлик бағишлайди. Шу зайл у ён-атрофдан қўллаб-қувватлов ва суянч қабул қилаяпман, деб ўзини ўзи алдайди. Қарзга олинган пул қўлига тушгач, муаммоларини бир зумга бўлса-да, унутади.
Баъзи кишилар «Қарзим бўлса, ухлолмайман», дейишади. Улар қарздорликдан қочишади, оч қолсалар ҳам қарз олмасликка ҳаракат қилишади. Кредитомания бемори эса, аксинча, қарз олмасдан туролмайди, қарзидан қутулганида эмас, қарз олганидан роҳатланади.
Ўзига нисбатан ишончнинг пастлиги ҳам одамни кўп қарз олишга ундайди. Чунки у моддий қийинчиликлар олдида ўзини ожиз ҳис қилади, муаммоларини бошқаларнинг аралашувисиз бартараф этишига кўзи етмайди.
Банкдан кредит олишга ишқибозлар ҳам «қарз-ман»лар сирасига киради. Уларга бўлиб-бўлиб тўлаш қизиқ туюлиб, нимагадир эга чиқишга интиладилар. Аслида бир неча кредитларга ёппасига кўмилиш ҳам руҳий кемтикликларни тўлдиришга уринишдир.
«Қарз-ман» ўзини ғамхўрлик остида деб ҳис қилишни истайди ва банк мижози сифатида бунга эришиш йўлини танлайди. Ҳаётда имкониятларга ташна бўлгани учун бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзи уни дарров ўзига ром этади. Фоиз «туғиши» эса кўзига кўринмайди. Қарзни вақтида тўлолмаслиги туфайли жавобгарликка тортилиши эҳтимолдан холи эмаслиги ҳам хаёлига келмайди.
Бундай «бемор», аввало, дарднинг илдизини аниқлаши, ўсмирлик давридаги муаммоли воқеаларни онг остидан қўйиб юбориши лозим. Ўзига вақтида суянчиқ бўлолмаган ота-онасини ва бошқа оила аъзоларини, яқин қариндошлари, устозлари ҳамда дўстларини кечириши керак. Психолог унга кечиришнинг махсус технологияларини ўргатади. Қарздорликдан қутулиш учун ўзига нисбатан ишончни ошириш, иродани мустаҳкамлашнинг психологик машқларини бажариш ҳам фойдали.
«Қарз-ман»га кучли назорат керак. Бу назоратни атрофидагилар эмас, ўзи амалга оширгани маъқул. Яқинлари эса уни қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга, суянчиқ бўлишга тайёр эканликларини сўзда ва амалда билдириб туришлари лозим. Совғалар билан сийлаш ҳам яхши ёрдам беради.
«Қарз-ман» сиздан пул сўраса, рад этиш билан уни тарбиялай олмайсиз. Билъакс, бу унинг кўнглини ўкситиб, руҳий ҳолатини янада ёмонлаштиради. Ундан кўра, маблағ нимага кераклигини сўраб-суриштиринг. Сабаби асосли бўлса, қарз беринг ва муддат белгиланг, ўша санада қайтариши шартлигини, пул ўзингизга ҳам зарурлигини уқтиринг, муддат яқинлашганда эслатиб туринг. Қарзни яхши кайфиятда беринг ва тез орада пулингиз қайтишига, қарздор бунинг учун имкон топа олишига ишонаётганингизни билдиринг.
Дурдона АЛИМОВА
