Тарихан қисқа вақт ичида минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда туб ижобий ўзгаришлар рўй берди ва сифат жиҳатидан янги геосиёсий вазият юзага келди.
Бу эса минтақа касаба уюшмалари фаолиятига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Мамлакатлар касаба уюшмалари Федерациялари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ўзаро ҳамжиҳатлик руҳи тобора кучаймоқда.
10 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида айни шу ҳамкорлик йўлидаги муҳим роль ўйнаши кутилаётган тарихий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон касаба уюшмалари лидерлари иштирокида Марказий Осиё касаба уюшмалари кенгашига асос солинди.
Йиғилишни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди ва аввало ушбу муҳим қарорга келиш йўлидаги учрашувлар, мулоқотлар ва музокаралар ҳақида тўхталиб ўтди. Меҳмонларни Ўзбекистон заминига ташрифлари билан қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, минтақа давлатлари билан ўзаро яқин алоқаларнинг барча халқлар ҳаётидаги муҳим ўрнига эътиборни қаратди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган тадбирда минтақа давлатларининг иқтисодий, сиёсий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барча йўналишларида интеграциялашуви халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига мос келиши ва келажакда мамлакатларимиз тараққиётига хизмат қилиши бир овоздан қайд этилди.
Йиғилишда сўзга чиққан Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сотибалди Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Маликшо Неъматзода Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгашининг таъсис этилишини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Ҳар икки раҳбар мазкур кенгашнинг бош котиблигига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсоатович Рафиқов номзодини илгари суришди.
Таъсис мажлисида Марказий Осиё касаба уюшмалари кенгашининг Низоми тасдиқланди. Мазкур Кенгаш ҳамкорлик учун очиқ экани ҳамда келажакда минтақанинг бошқа мамлакатларидаги ҳамкорлар ҳам унга қўшилишлари мумкинлиги таъкидланди.
Учрашувда ушбу Марказий Осиё касаба уюшмалари саммитини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаган халқаро ҳамкорлар – Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори раҳбари Сергеюс Гловаcкас, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгашининг ижрочи котиби Aнтон Леппик, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бош мутахассиси Гоча Aлександрия онлайн тарзда иштирок этиб, минтақа касаба уюшмалари лидерларининг ушбу қарорини якдиллик билан қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Йиғилиш сўнггида Марказий Осиё касаба уюшмалари кенгаши таъсисчиларининг умумий йиғилиши баённомаси тантанали имзоланди.
Ўз мухбиримиз



