Бизга аъзо бўлган ютқазмайди

767

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Буни тармоғимиздаги 400 минг нафарга яқин аъзонинг ижтимоий-иқтисодий, интеллектуал ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш даражаси ошиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.

Жорий йилда ходимлар манфаатлари ва тармоқ касаба уюшмасининг меъёрий ҳужжатларида белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб, Республика кенгаши мутахассислари томонидан 2 та қонун лойиҳаси ва 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар тайёрланиб, мутасадди идора ва ташкилотларга тақдим этилди.
Республика кенгашига фуқаролардан келиб тушган 80 тадан зиёд мурожаат кўриб чиқилди. Ўрганиш натижасига кўра, қонун талаблари бузилган деб топилган 20 нафардан зиёд шахснинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари муносиб ҳимоя қилиб келинмоқда. Уларга республикамиз ва бутун дунёга ташвиш келтираётган пандемия оқибатларидан халқимиз ва меҳнаткашларимизни ҳимоя қилишга қаратилган нормативлар киритиб борилмоқда. Буни жорий йилда янгидан қабул қилинган барча жамоа шартномаларига «Коронавирус ёки бошқа юқумли касалликлар туфайли жорий қилинган карантин чоралари даврида ходимларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар» деб номланган алоҳида бўлим киритилиши ва ходимларнинг ушбу имтиёзлардан кенг фойдаланишига эришилгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Жорий йилда тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 415 нафар фарзанди учун 32 млн. 534 минг сўмлик ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилинди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 88 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабага 214 млн. 646 минг сўмлик ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилди. 94 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 339 млн. 457 минг сўмлик фоизсиз cсуда маблағлари ажратилди. 277 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаб берилди.
Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қабул қилинган тармоқ келишувларига, корхона ва муассасаларда иш берувчилар билан тузилган жамоа шартномаларига меҳнат муҳофазаси бўйи­­ча бўлимлар киритилиб, бажарилиши таъминланмоқда.
Меҳнатни муҳофаза қилиш йўналиши ­бўйича жамоа шартномаларида кўзда тутилган 20 минг 962 та тадбирни амалга оширишга 15 млрд. 300 млн. сўмдан ортиқ ­маблағ сарфланди.
Жорий йилда тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги 3 минг 285 та бошланғич ташкилотда 2 минг 930 нафар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар сайланди. 1 минг 328 нафар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар иш берувчи маблағлари ҳисобидан ўқитилди.
Ҳудудларда «Энг яхши ташкилот», «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил» ва «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» номинациялари бўйича кўрик-танловлар ўтказилиб келиниши ҳам анъанага айланган. Ушбу танловларнинг туман, шаҳар, вилоят ва республика босқичларида 100 дан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари иштирок этгани ҳам уларнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатади.
«Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг респуб­лика босқичида касаба уюшма ­аъзолари сони 100 нафардан кам бўлган ­бошланғич ташкилотлар ўртасида Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейи бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ғолиб бўлиб, Федерация тизимида ҳам фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Касаба уюшмаларига аъзолик афзалликларини тушунтириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 254 та янги корхона ва ташкилот касаба уюшмаси хизматига олиниб, уларда фаолият юритиб келаётган 6 минг 827 нафар ходим касаба уюшмасига аъзо бўлди.
Бугун даврнинг ўзи бизни замондан орқада қолмасликка, барча соҳаларда бўлгани каби тармоқ касаба уюшмасида ҳам янгиланишларни амалга ошириб, тизим ходимларини янгича фикрлаш ва ишлашга ундамоқда. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг янги таҳрирдаги Низоми талабларига асосланиб, жорий йилда 14 та ҳудудда тармоқ касаба уюшмасининг ҳудудий вилоят кенгашларини очишга эришдик. Ўйлаймизки, тармоқ касаба уюшмасининг янги ташкилий тузилмаси ходимларимизнинг меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, азиз ва қадрли касаба уюшмалари аъзолари ва фаолларини 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами билан самимий муборакбод этаман.
Ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги, элимиз фаровонлиги, меҳнаткаш ва фидойи ишчи-ходимлар саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча-барчага заҳматли ва масъулиятли ишларида улкан зафарлар тилайман.

Анваржон АБДУМУХТОРОВ,
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари