Ўқитувчиларга қанот бўлиш бурчимиз

1046

Педагогларга мотивация бериш, ўз устида ишлашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш жамиятнинг энг улуғ вазифалардан биридир. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгашининг фаолияти эса бевосита ушбу мақсадлар билан чамбарчас боғлиқ.

Кенгашимиз аввалгилардан фарқли ўлароқ, бу йил янги бир лойиҳага қўл урди. Аниқроғи, 12 апрелда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни тарбиялаётган педагогларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ­ниятида Халқ таълими вазирлиги ва Касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати» республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Шунга кўра, 20 апрелдан 20 майгача бўлган давр оралиғида таълим муассасаларининг 5692 нафар математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси ustozfondi.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, кўрик-танловга ўз ҳужжатларини тақдим этишди. Улар экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, 2714 нафар муаллим саралаб олинди. 8 июль куни эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги танланган 14 та таълим муассасасида кўрик-танловнинг иккинчи босқичи – тест синовлари ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, жами 90 нафар ўқитувчи кўрик-танловнинг учинчи – республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Бу босқич эса икки турда ташкил этилди. 17 август куни ўқитувчиларнинг маҳорат дарслари, 18 августда меҳнат ҳуқуқи ва касаба уюшмаси фаолияти йўналишидаги билимлари синовдан ўтказилди. Якуний натижаларга кўра, ҳар бир фан бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан, 6 нафар 1-ўрин соҳибига 30 млн. сўмдан пул мукофоти ва «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати» кўкрак нишони, 2-ўринни забт этганларга 20 млн. сўмдан, 3-ўрин эгалари 10 млн. сўмдан, бошқа иштирокчиларга 1 млн. сўмдан пул мукофоти ва диплом топширилди.
Шунингдек, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши Ижроия қўмитаси қарори асосида «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш» кўрик-танлови ўтказилди. Унинг I-босқичида 200 дан ортиқ иштирокчи қатнашиб, республика босқичига 27 та бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳужжатлари тақдим этилди. Уларнинг ҳаққонийлиги комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди. Баҳолаш мезонларига биноан, «Энг яхши корхона», «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили» ҳамда «Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Бундан ташқари, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларида ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси, ташкилий ва маданий-маърифий ишларни яхшилаш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида жойларда «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг I-ва II-босқичлари ўтказилди. Пировардида, республика босқичига ҳар бир ҳудуддан иккитадан ғолиб ташкилот ҳужжатлари тақдим этилди. Улар ташкилий комиссия томонидан тегишли низом талаблари асосида тўлиқ таҳлил қилиниб, ғолиблар белгиланди. Кўрик-танлов яхши ташкил этилгани ва бошланғич ташкилотлар саъй-ҳаракатлари инобатга олиниб, III-босқич ғолиб­лари қатори 24 та бошланғич ташкилот ҳам тақдирланди.
«Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш» ҳамда «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловлари ғолиблари Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши томонидан Касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда мукофотландилар.
Педагоглар мавқеини ошириш, меҳнатларини рағбатлантириш, муаммоларини ижобий ҳал этиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб ишлашлари ва яшашларига эришиш келгуси фаолиятимизнинг ҳам асосий мезонлари бўлиб қолаверади.

5692 нафар математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси ustozfondi.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, кўрик-танловга ўз ҳужжатларини тақдим этишди. Улар экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, 2714 нафар муаллим саралаб олинди. 8 июль куни эса Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги танланган 14 та таълим муассасасида кўрик-танловнинг иккинчи босқичи – тест синовлари ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, жами 90 нафар ўқитувчи кўрик-танловнинг учинчи – республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Равшан БЕДИЛОВ,
Таълим ва фан ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси