Тил ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Шу боис даврлар ўтиши ва турли-туман эврилишлар таъсирида баъзи сўзлар ўзгариб ҳам туради. Ёки янгилари истеъмолга киргач, эскилари ишлатилмайди. Масалан, Ўрхун – Енисей ёзма ёдгорликларида қайд этилган ата, ада, ана, аба, ача, оғул, қыз, ақа, синил, ини, эр, қатун, йигит, қарындаш сингари атамалар ҳозирги туркий тилларда, жумладан, ўзбек тилида ҳам у ёки бу фонетик ўзгаришлар билан қўлланилади.
Тилшунос олима Н.Жалилованинг таъкидлашича, Маҳмуд Кошғарийнинг бундан ўн аср муқаддам яратилган «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони») номли қомусий асаридаги қон-қардошликка оид атамаларнинг бешдан тўрт қисми ўзбек тили ва унинг турли шеваларида қарийб ҳеч қандай лексик-семантик ўзгаришсиз сақланиб қолган. Қариндош-уруғчиликни ифодаловчи атамалар ҳам туркология тарихида биринчи бўлиб шу қомусда изоҳланган. Ундаги маълумотлар кейин битилган асарларда ўша атамаларга тааллуқли фикр-мулоҳазалар билдирилиши учун асос вазифасини ўтаган.
Манбаларга кўра, тилдан бутунлай чиқиб кетган атамалар ҳам мавжуд. Бунинг исботи сифатида йотаз (хотин, аёл), йурч (қайни, хотиннинг кичик укаси), йегин (жиян, набира), кудаз (аёл), урағут (аёл, хотинлар), ава (она), ойаба (қайинсингил), кѳку//кѳкяй (хола), тунур (қуда), аштал ўғул (кенжа ўғил), эгат (никоҳ кечаси келиннинг ёнида хизмат қилувчи хотин), чоново (амаки, тоға), авачча (ини, жиян) каби сўзларни келтириш мумкин.
Бундай мисоллар «Девону луғотит турк»ка ҳам хосдир. Масалан, кic//kici (хотин), намїжа (божа), iri (ака ёки эрнинг катта акаси), балдiр оғул (ўгай ўғил), iшlap (хотинлар), гәнч (бола), бачал (акавачча), эгатlїk (келин), әкә (опа), әчi (кекса хотин), әвлук (хотин), jupi (хотиннинг укаси) атамалари ҳозирги истеъмолда учрамайди. Шунга қарамай, әвлук, гәнч, кiс сўзларини истисно қилганда, китобга киритилган барча қариндошлик атамалари бугунги тилимизда ва шеваларимизда асл ҳолича мавжуд. Олиманинг тадқиқотида ҳозир ҳам балдыв – хотиннинг синглиси, әр – эр киши, әнә – она, ѳгаj, ѳгаj қiз, ѳгаj оғул, ѳгаj ата – ўгай, ўгай қиз, ўгай ўғил, ўгай ота, йанга – янга, iнi – ини, ука, дәдә – дада, ота, йазна – катта қиз қардошнинг эри, кэлiн – келин шаклида намоёнлиги таъкидланган. Бироқ Алишер Навоий асарларидаги ва мумтоз адабиётимиздаги абушқа (эр, чол), эран (эрлар, мардлар), ароис (келинлар), аҳфод (неваралар), бин, бинни (ўғил, ўғли), валад (бола), завжа (хотин), завж (эр), инос (аёллар, хотинлар), хол (тоға) бугунги кунда муомаладан чиқиб кетган.
Тил аслиятида миллий ва маънавий мерос мужассамлашади. Унга миллий ғурур ҳам уйғунлашади. Она тилини соф сақлаш ва авлоддан авлодга нуқсонсиз етказиш – бу отадан болага ўтадиган мерос, масъулият ва бурчдир. Лекин кейинги пайтларда ўзаро сўзлашувда аксинча ҳолатлар кўп кузатилмоқда. Жумладан, қавму қариндошлик атамаларига нисбатан ҳам нописандлик ва бефарқлик сезилмоқда. Бобо, момо, ота, она, амма, хола, ака ва ука сўзлари ўрнига дед ёки дудушка, бабулия ёки мамашка, пахан, мамулия, аммашка, холашка, брат ва братишка сўзлари нутқимизга бемалол кириб келмоқда. Ҳатто ўзини ўта маданиятли ҳисоблаган баъзи оилаларда ҳам «Дедушкаси келди», «Бабушкаси падарила», «Скажи пахану» деб гапириш одат тусига кирмоқда.
Биласиз, узоқ ва яқин ўтмишда эр-хотиннинг ўзаро мурожаатлари ниҳоятда нозик жиҳатлари билан ажралиб турган. Улар бир-бирининг исмини айтиб чақиришмаган. Замонлар оша бу борадаги миллий ва маънавий чегарани муқаддас билишган. Орамизда ҳозир ҳам бундай хайрли анъаналарга қатъий риоя қиладиган оила бошлиқлари ва хонадон бекалари жуда кўп. Улар ўзаро муомала чоғи «бегим», «хўжайин», «дадаси», «бобоси», «онаси», «азизам», «бекам», «бегойим», «момоси» каби сўзлардан фойдаланишади.
Бу яхши, албатта! Аммо кейинги пайтларда эр-хотинлар бир-бирига исмини ва отаси исмини тилга олиб, мурожаат қилиш ҳоллари тез-тез такрорланмоқда. Айниқса, хонадон соҳибасининг эрига тўғрдан-тўғри «ака» ёки «фалончи ака» деб, тенгқури бўлса, номини айтиб мурожаат қилиши одатга айланмоқда. Бу мантиқан ва моҳиятан мутлақо нотўғридир.
Иккинчидан, орамизда эри исмининг бош ҳарфи «Р» бўлса, уни «Радик», «М» бўлса, «Миша» дейдиган ва шунга ўхшаш лақаблар билан атайдиган аёллар ҳам оз эмас. Бу, аввало, уларнинг, қолаверса, оиладаги ёши катталарнинг, маҳалла фаоллари ва миллий-маънавий қадриятларга масъулларнинг лаёқатсизлиги ва бепарволиги оқибатидир.
Халқимизда «Бефарқлик белни синдирар!» деган нақл бор. У бизни ҳушёрликка чорлайди. Миллий қадриятларимиз тожи саналган она тилимизга ҳеч қачон бепарво бўлмасликка ундайди. Бу борада болалар боғчаларида, мактабларда ҳамда олий ўқув юртларида назарий ва амалий таълимни йўлга қўйишга эҳтиёж борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.
Зеро, она тилимиз муқаддас, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш эса ўзини ўзбек деб билган барча инсонларнинг шарафли бурчидир!
Суюндик
Мустафо НУРОТОИЙ,
журналист.
