Йилларга татигулик кунлар

369

Касаба уюшмалари байрами Хоразм вилоятида ҳам кўтаринки  кайфиятда нишонланди. Шу муносабат билан барча бошланғич ташкилотларда маънавий-маърифий кечалар, спорт мусобақалари  ташкил қилинди. Тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган касаба уюшма фаоллари хонадонларига ташриф буюрилди.

Тўрт сектор раҳбарлари, “Аёллар дафтари” вилоят штаби, касаба уюшма фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Хоразм вилоятидан  “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” эсдалик кўкрак нишони билан мукофотланганларни тақдирлаш маросимида  ўтказилди. Унда сўзга чиққан  Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Қутлимурод  Собиров, Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг аҳамияти, касаба уюшмаларининг жамиятдаги нуфузи ҳақида тўхталдилар.

Тадбирда 52 нафар касаба уюшма фаоллари “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

“Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати” Республика кўрик-танловида математика фанидан 2-ўринни эгаллаган Шовот тумани 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати математика фани ўқитувчиси Ихтиёр Матмуродовга 20 миллион сўм пул мукофоти ҳамда 2-даражали диплом топширилди.

Тадбир давомида, шунингдек, “Аёллар дафтари”билан ишлашда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Касаба уюшмалари лауреати”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг намунали аёл иш берувчи” танловларининг вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида фаол иштирок этганларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилди.

***

Урганч давлат университетида вилоятдаги олий ўқув юртлари ёш ходимлари, талабалари иштирокида ташкил қилинган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов кейинги йилларда аъзоларни қўллаб-қувватлаш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

***

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси томонидан ташкил қилинган тадбирга фаол бошланғич ташкилотлар етакчилари таклиф қилинди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров соҳада эришилаётган ютуқларда касаба уюшмаларининг ҳиссаси катталигини эътироф қилди. Фаолларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди. Бир пиёла чой атрофидаги суҳбатларда касаба уюшмалари ҳар бир ишловчининг таянчи ва суянчи эканлиги эътироф қилинди.

***

Нукусдаги Савицкий номли музейга саёҳат касаба фаолларида катта таассурот қолдирди. Музей ходимлари Савицкий ҳаёти ва фаолияти, экспонатлар тарихи ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Нодир санъат дурдоналари билан танишув иштирокчиларга маънавий қувват бағишлади. Қадимий асори атиқалар, ажодларимиз ҳаёт тарзларини акс эттирувчи буюмлар, либослар ва тақинчоқлар касаба уюшма фаолларини мафтун қилди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,

“Ishonch”