Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти жамоаси томонидан жорий йилда нашр этилган “Бир сўз…”, “2021 факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…”, “Биз ҳаётдан розимиз!” номли китобларнинг тақдимоти ўтказилди.
Табирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров очиб бериб, сўнгги йилларда “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти кутубхонаси” рукнида китоблар чоп этилиши яхши анъанага айланганини, хусусан, “Бир йилга бир назар”, “Ишонч” айтадики…”, 2020 – миллатни улғайтирган йил” каби китоблар таҳририят жамоасининг ўзига хос йиллик ижодий сарҳисоби сифатида ўқувчиларга манзур бўлганини таъкидлади.
Тақдимот маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад “Китоб қандай бўлмоғи керак?”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов “Ishonch” публицистикаси…”, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов “Уч китоб – уч солнома” мавзусида маъруза қилди.
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов “Биз нега китоб чиқарамиз?” деган саволни ўртага ташлади. Бу саволнинг жавоби эса кўпчиликка маълум: яқинда нашрдан чиққан “2021 факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…” номли китоб ҳам ижодий жамоанинг салкам бир йиллик меҳнати меваси бўлиб, унда юқоридаги китобларга киритилгани каби “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарида жорий йилда чоп этилган турли мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалар, юртимизда амалга оширлаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ижросига бағишланган материаллар ўрин олган.
“Биз ҳаётдан розимиз!” Мазкур китоб давлатимиз раҳбарининг оқилона ва инсонпарварликка йўғрилган эзгу ташаббуси билан ташкил этилган “Аёллар дафтари” сабаб рўшноликка эришган хотин-қизларнинг миннатдорлик мактублари асосида тайёрланган. Мактубларни ўқиган китобхонлар бугунги ислоҳотларнинг ёрқин самараларини аёллар тақдиридаги ўзгаришлар мисолида кўради, мушоҳада этади.
Ҳаётий ҳақиқатларни, унинг ранг-барангликларини бадиий ифодалаш ижодкордан катта куч ва маҳоратни, истеъдодни талаб қилади. Руҳий ҳолат ва кечинмаларни тасвирлаш ҳам анчайин мураккаб. Ана шу йўлда изланиш, Сўзни сўзлатишга ташналик ҳам бир қисмат. “Бир сўз…” деб номланган мўъжаз тўпламга шу қисматга дохил бўлган “Ишонч” газетаси таҳририяти ходимларининг ижод намуналари жамланган. Аслида, шоирлик ҳам, ёзувчилик ҳам қисмат, аммо буни ҳамма ошкор қилавермайди.
Умид қиламизки, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти жамоасининг ҳар учала китоби ўқувчиларга манзур бўлади.
