Пойтахтимизда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 30 йиллиги ва 19 ноябрь – Халқаро аёллар тадбиркорлиги куни муносабати билан “Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга муваффақиятли ёндошувлар: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти тажрибаси” мавзуида ишбилармон аёллар бизнес ҳафталиги ўтказилди.
Ҳафталикда юртимиз ишбилармон аёллари билан бир қаторда давлат ва нодавлат ташкилотлар, хорижий ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, қатор мамлакат элчилари, хорижий бизнес экспертлар, чет давлатлар тадбиркорлик уюшмалари, илмий тадқиқот, халқаро, молия институтлари, суғурта муассасаларилари вакиллари иштирок этди.
30 ёшга тўлган ташкилот бугунга келиб мамлакатимизда аёллар тадбиркорлиги ҳаракатининг чинакам локомотивига айланди. Республикамизда унинг 68 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилган бўлиб, уларда 200 нафар мутахассис жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда.
Ўтган даврда маҳаллий ва халқаро институтлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Натижада, 60,3 минг нафар хотин-қиз тадбиркорлик малакасига эга бўлиб, уларнинг 80 фоизи иш билан банд бўлди. 50 минг нафардан зиёд аёл бизнес юритиш асослари ва методикасига ўргатилиб, улар ўз бизнесларини ташкил этди.
Бу каби жиҳатлар алоҳида таъкидланган ҳафталикда аёлларнинг ҳуқуқий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ишбилармон доиралар ва бизнес ҳамжамиятининг ўрни, гендер тенглиги, кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни ва тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш масалалари муҳокама этилди.
| Исломобод Глобал бизнес тадқиқотлари маркази (CGSS) томонидан ташкил этиладиган 3 кунлик “Муваффақиятли бизнес” онлайн ўқув семинари ташкил этилиб, унда иштирокчиларига покистонлик малакали бизнес тренерлар томонидан ташқи ривожланган бозорларга чиқиш сир асрорлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, “Покистон ва Ўзбекистон ишбилармон аёллар бизнес алоқалари истиқболлари” мавзусида халқаро онлайн конференция ҳам ўтказилиб, унда ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма корхоналар тузиш, лойиҳаларга инвесторлар ва потенциал шерикларни жалб қилиш, аёллар раҳбарлигидаги корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш, икки мамлакат бизнес манфаатларини бирлаштириш, Покистон Ўзбекистон аёллар ишбилармонлик ҳаракати янги истиқболлари, ахборот технологиялари, фармацевтика, тўқувчилик, қурилиш каби қатор соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Шу билан бирга, “Замонамиз тадбиркор аёли тимсоли бадиий асарларда” мавзусида киноижодкорлар, режиссёр, сценарист, театр арбоблари, тадбиркор аёллар иштирокида давра суҳбати, Ўзбекистон ишбилармон аёлларининг “Анор” миллий кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди. Ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, улар учун оптимал бизнес муҳити яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Комила БОЙМУРОДОВА, “Ishonch” |
