Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорликда 26 ноябрь –“Халқаро ахборот куни” муносабати билан “Халқ дипломатияси ривожида халқаро ахборотнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Миллий матбуот марказида ўтказилган мазкур тадбирда халқаро мавзуни ёритиб келаётган таниқли журналистлар, сиёсий шарҳловчилар иштирок этди.
Тадбир аввалида Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров марказининг ташкил этилиши тарихи ва унинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида гапириб ўтди. Унда айтилишича, марказ 2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилиб, юртимизда ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтиришга хизмат қилади.
ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларни мунтазам чоп этиб бориш Марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Шу боис марказ журналистлар билан ҳамкорликда фаол ишлайди.
Қобилжон Собировнинг айтишича, Халқаро ахборотлаштириш академиясининг 1992 йил 26 ноябрдаги Биринчи халқаро ахборот форумида ушбу кунни дунё миқёсида “Халқаро ахборот куни” сифатида нишонлаш таклиф этилган. Ўшандан буён 26- ноябрь – “Халқаро ахборот куни” сифатида нишонланади.
Ўзбекистон учун мазкур сана муҳим воқелик ҳисобланишининг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 20 йиллиги кенг нишонланди. Иккинчидан, ушбу халқаро ташкилотга Ўзбекистон раислик қилиши, жорий йилда ташкилотнинг фаолияти ҳақида кенгроқ оммага етаказиш масъулиятини юклайди. Бу борада албатота халқаро ахборотлар билан ишлаш зарурати янада ошади.
Давра суҳбатида маданий, илмий, маърифий дастурларни ташкил этиш, ўзаро делегациялар алмашинуви, долзарб мавзудаги халқаро форумлар, бадиий кўргазмалар, мусиқа фестиваллари ва спорт тадбирларини ўтказиш доирасида Марказ билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва тадбирлар тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров эса ўз маърузасида халқаро ахборотнинг аҳамияти ва унинг ўзга хос жиҳатларига тўхталиб, Журналистлар ижодий уюшмаси муассис ҳисобланган Марказ тадбирларини, халқ дипломатияси ютуқларини халқаро матбуотда кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилаётганини, кўплаб журналистлар бу борада фаоллик кўрсатаётганини таъкидлади.
Ўзаро фикр алмашиш ва мунозаралар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва кенг кўламда ёритиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
Юртимизда амалга ошаётган ислоҳотларни халқаро миқёсда тарғиб этишда фаол қатнашган бир гуруҳ журналистларга Марказ томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Давра суҳбати якунида Қ.Собиров иштирокчиларга таклиф ва тавсиялар учун миннатдорлик билдириб, ШҲТга раислик навбати Ўзбекистонга топширилгани муносабати билан ўтадиган халқаро анжуманларни холисона ёритишда журналистларнинг фаол иштироки муҳим эканлигини таъкидлади.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»
