Мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан ўртага ташланаётган саволларни “Аккредитация маркази” ДК мунтазам равишда ўрганиб бормоқда ва уларнинг айримларига ойдинлик киритиш мақсадида Марказ халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Шахноза Юлдашова билан суҳбатда бўлдик.
–Шахноза Аҳматовна, хорижий давлатлар аккредитация идорасидан ўтган маъқулми ёки маҳаллий, деган савол мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан тез-тез бериб турилади. Сиз бунга қандай тушунтириш бериб ўтасиз?
–Хорижий аккредитация идорасидан аккредитациядан ўтиш, яъни, трансчегаравий аккредитация, деган жараён бор. Аккредитациядан ўтиш жараёни ихтиёрий. Талабларга уйғун бўлса, хоҳлаган тараф исталган аккредитация идорасидан аккредициядан ўтиши мумкин. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ўша хориж аккредитация идораси трансчегаравий аккредитация тамойилларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон аккредитация марказини бу ҳақда хабардор қилиши кифоя. Айнан шу масалалар Марказининг трансчегаравий аккредитация сиёсатида O’ZAK.P-04 ёритилган ва бу ҳужжат Марказ веб-саҳифасига жойлаштирилган.
Агарда, мижоз томонидан лабораториянинг синов баённомаси, яъни, натижасини, халқаро жиҳатдан қандайдир қўшни давлат ёки халқаро тизим доирасида тан олиниши талаби қўйилган бўлса, Халқаро лабораторияларни аккредитация ҳамкорлиги доирасидаги кўп томонлама келишув –ILAC MRA Битими иштирокчиси бўлган исталган хориж аккредитация идорасига мурожаат қилишлари мумкин. Бунга ҳеч қандай тақиқ йўқ.
Масалан, мижоз “ILAC MRA имзоловчиси бўлган аккредитация идораси томонидан берилган аккредитация қабул қилинади”, деса, демак, лаборатория мижозларнинг талабларини бажариш учун бемалол шу Битим имзоловчиси бўлган исталган хорижий аккредитация идорасига мурожаат қилиши мумкин. Ўзбекистон аккредитация маркази бу йўналишда ҳеч кимга ҳеч қандай чегара қўймайди. Чунки бу, аккредитациядан ўтмоқчи бўлган объектнинг ихтиёри саналади. Агар мижоз, бошқа қўшимча шартлари билан бирга “синов баённомаси тақдим қилиш учун лабораториянинг компетенлиги ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ тасдиқлансин”деган талаб қўйган бўлса, Ўзбекистон аккредитация идорасига мурожаат қилиб ISO/IEC 17025 халқаро стандарти бўйича аккредитациядан ўтишга давогарлик қилиши мумкин. Бу энг онсон ва қулай йўл. Чунки, Ўзбекистоннинг ўзида барча маълумотлар бор ва Марказ талаблари ҳамда аккредитация ўтиш тартиб-таомиллари очиқ эълон қилинган. Тизимни тушунадиган объект учун бу ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.
–Дейлик, ҳорижий аккредитация идорасидан аккредитациядан ўтишдан олдин маҳаллий аккредитация идорасидан ўтиш керак, деган қараш қанчалик асосли?
–Бундай ҳам қилиш мумкин. Аслида бу каби қадам ёрдам беради. Яъни, қай маънода? Ҳозирча Ўзбекистон аккредитация маркази ILAC MRA Битимининг имзоловчиси бўлмагани учун икки томонли тизимда ишлаб туриш керак. Чунки, маҳаллий аккредитация идорасининг аккредитациясидан ўтган объект кейинги, дейлик, хорижий аккредитация идорасидан аккредитациядан ўтишда қийналмайди. Чунки стандартлар, талаблар ва жараён айнан. Фақат ўзгарадиган томонлари, масалан, Ўзбекистондаги лаборатория хорижий аккредитация идорасининг тизимига, ишчи тилига ва унинг қўшимча талаблари бўлса уларга мос ҳужжатлар тўпламини яратиши, таржима килиши ва бошқа тартибларни бажариши лозим. Зарур ҳолларда,таржимонлар ва таржимонлик хизматини ёллаши, шунингдек, қўшимча қонун-қоидаларига мослашиш керак бўлади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам жараённинг “суяги” бир ҳил.
–Агар ҳам маҳаллий, ҳам хорижий давлат аккредитация идораларидан аккредитациядан ўтилса, объект икки маротаба ҳаражат қилиб қўймайдими?
–Шунинг учун ҳам яна бир бора таъкидлайман, агар лабораториянинг мижози “ISO/IEC 17025 стандарти бўйича аккредитациядан ўтилган бўлса, етади”, деса қайси давлат аккредитация идорасидан ўтганлигининг умуман аҳамияти йўқ. Бунинг энг қулай ва осон йўли Ўзбекистондаги аккредитация идорасидан ўтиш. Чунки, лаборатория қаерга боришни, кимга мурожаат қилишни билади, ҳужжатларни қайсидур тилга таржима қилиши, тизимни бошқа аккредитация идорасининг қўшимча талаб ва тартибларига мослаштириш зарурияти ҳам бўлмайди. Хорижий аккредитация идорасидан аккредитация жараёнидан ўтиш учун эса иш кўлами ва ҳаражат бирмунча ортади. Ва яна таъкидлайман: аккредитациядан ўтиш ихтиёрий. Лабораториялар асосан мижознинг талабига кўра ҳаракат қилиши керак.
“Аккредитация маркази”
ДК матбуот хизмати



