1 декабрь – ОИТСга қарши кураш куни
Айбсиз хасталанган қиз ҳикояси
Мен бу қиз билан ОИТС марказида танишдим. Унинг кўзлари ғамгин эди. Нигоҳларида аччиқ тақдирнинг саволлари қотиб қолган… Нега? Нега? Нега?
у билан бироз гаплашдим. Кейин гапимиз дард мавзусига боғланди. Биласизми, шунда у «ёрилди»:
Яқинда 18 ёшга тўламан. …Бу дардни юқтириб олганимда ҳали дунёни англаб етмаган гўдак бўлганман. Олти ёшимда сут тишларим безовта қилган. Шу сабабли ота-онам мени хусусий тиш даволаш муассасасига олиб борган. У ерда тишларимни даволаган шифокор стерилланмаган асбоблардан фойдаланиши оқибатида менга бу касаллик юққан.
Кейин кўп шамоллай бошладим. Сабабсиз йўтал, сурункали диарея пайдо бўлди. Тез-тез иситмам чиқарди. Ўзим яшайдиган шаҳардаги болалар шифохоналарининг деярли барчасида даволаниб чиқдим. Лекин тузалмасдим. Деярли уч ойда касалхонага тушардик. Ниҳоят шифокорлардан бири ота-онамга мени ОИТСга қон топширишим кераклигини айтган. Таҳлил ижобий чиққач, ишонмаган ота-онам мени бошқа марказларга ҳам олиб бориб текширтирди.
Фақат тўрт йил аввал онам бу ҳақда менга айтди. Унгача соғлигим ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Ҳаммаси шунчаки табиийдек, барча тенгдошларим каби мен ҳам дорилар ичиб юраман, шунчаки эркароқман, деб ўйлардим. Тушунмасдим, билмасдим-ки, нега онам мени бу қадар асраб-авайлайди? Бошқа болалар ойиси каби урмайди, сўкмайди, овозини баланд қилмайди, нуқул эҳтиётлайди. Нега бундай?
Ота-онам касалликни бир-бирларидан кўриб, ўзаро жанжаллашишарди. Ҳатто ўзлари ҳам қон топширишди. Биргина менда аниқланган касалликнинг асл сабабини билишгач, ҳолат бўйича экспертлар тайинланиб, айбдорлар қидирилди. Узоқ тортишувлар…
Аммо буларнинг ҳеч бири мени бу бедаво дарддан қутқара олмади.
Касаллигим хусусида эшитгач, дастлаб ҳаётдан умидларим сўнди. Нега айнан мен деган савол мени қийнарди мудом. Кейинчалик, бу дард сурункали бўлса ҳам даволаниб, яшаш мумкинлигини эшитгач, нималарнидир орзу қила бошладим. Хорижий тилларни ўрганяпман. Олий маълумотли бўлмоқчиман.
Баъзан эса бу ҳаётга кўникиб бораётганимни ҳис этаман. Нима бўлганда ҳам бу менинг ҳаётим, менинг тақдирим.
Одамларга айтар сўзим эса шундай: ўзингизни эҳтиёт қилинг!
* * *
Кўзларида мунг, армон, аммо юрагида яшаш умидлари бор айбсиз айбдор бўлиб қолган қизни тинглар эканман, унинг бу армонли ҳаёт ҳикояси барчамизни ҳушёрликка ундагандек эди, назаримда. Шу сабаб уни сизга ҳам илиндик.
«Ishonch» мухбири
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА
ёзиб олди
