«Эҳсон дарахтига япроқ бўл, инсон!»

3082

Мен узоқ йиллар Бухоро вилоятининг турли туманлари ички ишлар бўлимларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилдим. Ҳамиша виждоним амри билан иш кўрдим. Эл-юрт, ота-онам, оилам ва ҳамкасбларим олдида доимо юзим ёруғ бўлди. Эндигина пенсия­­га чиққан кезларим менга Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси мудири вазифасини ишониб топширишди.

Аввалбошда мени «Шикоят-ариза билан келган одамлар дардига малҳам бўлсам, муаммоларини ҳал этсам, хўб-хўб, аммо нуфузли идоралар аралашуви зарур саналган масала бўйича юқори лавозимли раҳбарларга мурожаат қилсаму, уларга сўзим ўтмаса, кўмакка муҳтожларнинг кўзига қандай қарайман?», деган савол кўп қийнади.
Президентимиз томонидан ташкил этилган бу мукаммал тизимнинг ичига кирганимдан кейин эса хаёлимни банд этган оғир ўйлар бамисоли тумандек тарқаб кетди. Мен зиммамга юклатилган масъулиятни теран англаган ҳолда фаолият юрита бошладим.
Ғиждувон тумани ўзим туғилиб ўсган жой. Бу муқаддас масканда худди ўтмишдаги сингари ҳозир ҳам зиёли, меҳнаткаш, тадбиркор, ҳунарманд кишилар жуда кўп. Халқ қабулхонаси эса улар учун ўзаро маслаҳатлашадиган, дардлашадиган, сирлашадиган, айрим масалаларга биргаликда ечим топиб, режалар тузадиган ва тезкор ёрдам кўрсатадиган марказга айланди.
Туманимизда азал-азалдан темирчилик, кулолчилик, сангтарошлик, ­новвойчилик, қандолатчилик, тўқимачилик, гиламдўзлик, зардўзлик, заргарлик, наққошлик ва бошқа соҳалар яхши ривожланган. Ғиждувон моҳир ошпазлари, сомсапазлари, замонавий услуб ва дизайн борасида ишлаётган дўппифурушлари, телпакфурушлари, тўнфурушлари, чармгарлар ва сават тўқувчилари, дурадгорлари билан довруқ қозонган.
Табиийки, бундай ҳолатда ҳудудда ишсизликнинг мавжудлиги уят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам нуроний усталар билан ҳамкорликда ҳунармандчиликнинг йўқолиб кетаётган турларини замонавий тарзда қайта тикладик. Аҳоли бандлигини босқичма-босқич таъминлашда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурининг ишга тушиши, «Устоз – шогирд» мактаблари, оилавий ҳунармандларнинг ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланиши ва солиқлардан озод қилиниши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олдимизда турган навбатдаги вазифаларни вақтида бажариш, доимо одамлар дарди билан яшаш – бугунги давр талаби. Шу йил 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз вазирлик ва идоралар ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечим топишлари шартлигини алоҳида уқтириб ўтди. Шунга кўра, сектор раҳбарлари томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳудудларда бўлиб, барча соҳалардаги ташкилотларда мурожаатлар билан ишлаш борасида мавжуд муаммоларни ўрганиб, ижобий ҳал этиш чораларини кўрди. Бу мурожаатлар билан ишлаш сифатини янги босқичга кўтарди.
Ҳозир айни йўналишда янги ташкил этилган «Тезкор штаб»да вилоят ва туман ҳокимлари раҳбарлигида ишлаяпмиз. Ўтган ойда туман ҳокимининг сайёр қабули муносабати билан «Шарқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Лобар Одилованинг хонадонига борганимизда, унинг оилавий шароити ниҳоятда оғирлигини ва доимий ёрдамга муҳтожлигини аниқладик. Чунки бу оилага «Саховат – кўмак» жамғармаси пандемия шароитида кўрсатган ёрдамидан бошқа ҳеч қандай кўмак берилмаган. Сайёр қабул то моддий аҳволи ўнгланиб кетгунга қадар унинг озиқ-овқат билан таъминланишини ўз назоратига олди.
«Памуза» маҳалласида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони Ихтиёр Аллаевнинг оила аъзолари топган пул рўзғордан ва дори-дармондан ортмагани туфайли табиий газ ва электр энергияси тўловларидан қарз бўлиб қолишган экан. Шу боис уларнинг қарзи тўлиқ тўланди. «Қўрғон» маҳалласида яшовчи Дилноза Ҳазратовага оилавий шароитини ўнглаб олиши учун битта патдўзи тикув машинкаси совға қилинди. «Оқгул» маҳалласида умргузаронлик қилувчи ногирон эр-хотин Муродовларнинг кўримсиз ҳолга келиб қолган уйи таъмирлаб берилди.
Булардан ташқари, аҳолининг мурожаатига асосан, туман марказидаги ташландиқ ҳолга келиб қолган «Бозори қаймоқфурушон» масжидида таъмир ишлари бошлаб юборилди. Жиндакон ва Лабирўт қишлоғига қарашли «Хўжа Машҳад» қабристонига куз, қиш мавсумидаги ёғингарчилик туфайли сизот сувлари кўтарилишини бартараф этиш учун тик қудуқ ўрнатилди. Маҳаллакунжак қишлоғи аҳлининг электр таъминоти билан боғлиқ илтимоси қаноатлантирилди. Оқработлик Роила Сафаровага уч нафар, Кўҳна оқработлик Умрзоқ Болтаевга бир нафар талаба фарзандининг контракт пулини тўлашда ёрдам кўрсатилди.
Оғитма овули туман марказидан 170 километр узоқликда жойлашган. Бу ерда болалар боғчаси йўқлиги ота-оналарни йиллар давомида қийнаб келган. Бундан сал олдин эса ушбу гўшада яшовчи Айнур Бердиева уй-боғча очиш ташаббуси билан чиқди. Унинг бу ҳақдаги ­мурожаати Халқ қабулхонаси томонидан ўрганиб чиқилди ва ижобий якун топди.
Сирасини айтганда, Президентимиз халқ билан ҳамнафас бўлиш мақсадида жорий этган халқ қабулхоналари одамлар ишончини оқламоқда. Бу жуда шарафли иш! Қолаверса, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний «Эҳсон дарахтига япроқ бўл, инсон!» деган гапни бежиз айтмаган. Зеро, эҳсон соясидан инсон баҳра оладиган улкан ва мангу яшил дарахт. Унинг бир япроғи бўлиш эса катта бахт!

Усмон РАЖАБОВ,
Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси мудири