ЖАВОБДАН КЎНГИЛ ТЎЛМАДИ ёхуд янги усул қачон тўлиқ кутилган самара билан ишлай бошлайди?

1046

Мавзуга қайтиб…

«Ishonch» газетасининг шу йил 5 октябрдаги сонида «Янги тартиб коррупциянинг замонавий усули(ми)?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Мазкур мақолага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Мақолада охирги йилларда ўқишини қўшни мамлакатлардан кўчириш истагини билдираётган ёшлар сони ошиб бораётгани, бунинг натижасида олий таълим муассасаларига талабаларнинг қўшимча қабул қилиниши ҳисобига бино, жой ва профессор-ўқитувчиларга эҳтиёжнинг ошишига олиб келиши масалалари атрофлича ёритилган;

«Ҳолат аянчли» номли кичик сарлавҳада келтирилган маълумотларда хориждан ўқишини Ўзбекистонга кўчириш мақсадида ариза топширган талабгорлар учун Давлат тест маркази томонидан ўтказилган синовларда уларнинг озчилиги белгиланган талабларга жавоб берганлиги, қўшни давлатларнинг таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг жуда кам қисми жойига бориб ўқиганлиги факти тасдиқланганлиги, қолган талабалар эса қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш билан шуғулланувчи «фирма»ларга ҳужжат топшириб, шартнома тўловлари ва фирманинг хизмат харажатларини тўлаганлиги, лекин бирор марта ҳам ўқишга бормаганлигини объектив тарзда очиб берган;

«Халқнинг тўлов қобилиятини ҳам ўйлаш керак…» номли кичик сарлавҳада берилган маълумотлар «Вазият қандай?» номли кичик сарлавҳада ёритилган маълумотлар билан мантиқий кетма-кетликда боғланмаган ва бир-бирини инкор қилувчи фикрлар ҳам мавжуд. Вазирлик тасарруфидаги олий таълим муассасаларига хориждан ўқишни кўчиришда олиниши мумкин бўлган максимал 189 балнинг 35 фоизи, 66,1 бал билан оддий тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Бунда аҳолининг тўлов қобилияти инобатга олинганлигини алоҳида эътироф қилиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июндаги «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Респуб­ликасининг олий таълим муассасалари ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-5157-сонли қарорига мувофиқ хориждан ўқишини Ўзбекистонга кўчиришда синов имтиҳонларидан етарли балл тўплай олмаган талабгорлар табақалашган контракт тўлови асосида талабаликка тавсия этилиши мумкин. Олий таълим муассасаларига қўшимча қабул ўз-ўзидан қўшимча молиявий манбалар (бино, жой ва профессор-ўқитувчилар иш ҳақлари)га бориб тақалади;

«Супер контракт тизимига қаршиман» номли кичик сарлавҳаси остида хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида супер контракт тизими мавжуд эмаслиги, кредит-модул тизими йўлга қўйилганлиги сабабли кўчириш масалалари ўз-ўзидан ҳал бўлиши аниқ мисолда тушунтириб берилган. Ўзбекистонда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш соҳасида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимига Таълимнинг Халқаро стандарт классификация­­си жорий этилиб, барча олий таълим муассасалари кредит-модул тизимига ўтказилди; Умуман олганда, мақолада кўтарилган масалаларнинг мазмун-моҳияти унинг мавзуси билан тўғридан-тўғри боғланмаган. Чунки мақола матнида коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва таъмагирлик ҳолатлари, адолат ва шаффофликка путур етказувчи вазиятлар келтирилмаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари  К.Каримов

Муносабат учун вазирликка миннатдорлик билдирамиз, албатта. Аммо биз вазирликдан мақолада тилга олинган муаммоларнинг ечими учун қандай ишлар қилинаётгани, яқин келажакда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқ мисоллар асосидаги жавобни кутгандик.

Муносабатда эса кўтарилган муаммоларнинг ечими борасидаги қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериш (агар шундай ишлар қилинаётган бўлса) ўрнига, газетада чоп этилган мақолани таҳлил қилишдан нарига ўтилмаган.

Жавоб хатидан кўнгил тўлмаганини яна бир сабаби шуки, у бизда яна саволлар туғдирмоқда.

Жумладан, Олий таълим кредит-модул тизимига ўтказилган бўлса, ўқишни кўчириш масалалари нега шу тизим доирасида ҳал бўлмаяпти? Янги усул қачон тўлиқ кутилган самара билан ишлай бошлайди? Хорижда бу тизим бевосита ўқишни кўчириш масаласини ҳам ҳал этган-ку! Хуллас, мақолада кўтарилган аниқ муаммолар юзасидан батафсилроқ жавобни кутиб қоламиз. Чунки, вазирликда бу борада келгусидаги аниқ режалар, қилинаётган ишлар  анчагина бўлса керак…

Зебо НАМОЗОВА, «ISHONCH»