Меҳнатсеварлик, касбга садоқат, маошни ҳалоллаб олиш… Буларнинг барчаси яхши, албатта. Аммо ҳаётда шундай одамлар ҳам борки, ишга муккасидан кетишда чегарадан чиқишади. Уларни меҳнаткаш эмас, ишпарвар, деб аташ мумкин.
Психологияда «ишмания» деган атама пайдо бўлган ва у руҳий бузилишни англатади. Ишхонасини «биринчи уйи»га айлантириб олган шахсда касбий фаолиятга қарамлик кечаётган бўлади. Психологияда эса қарамликнинг ҳеч бир тури оқланмайди.
Одатда шахсий ҳаётида омадсизликка учраган одамлар ўзини ишга бағишлайди. Улар ўзини намоён этиш пайида бўладилар. Жамоадошлари даврасида оила аъзоларидан кўра кўпроқ меҳр ва завқ топаётгандек бўладилар. Хуллас, улар учун ишхона – руҳий хотиржамлик макони.
Хуллас, пул топиш учун эмас, руҳий бўшлиқни тўлдириш учун ишлайдилар. Ишда функционал вазифаларни бажариб бўлишса-да, хонани қулфлаб, уйга қайтишга шошилишмайди. Ишда ўзлари учун юмуш топишга, ўзларини кўпроқ банд қилишга тиришадилар. Бундай ходимлар тушлик вақти ҳисобидан ҳам ишлашда давом этаверади. Дам олиш кунлари ҳам вақтини ишхонада ўтказишни маъқул кўради. Улар иш жараёнида ўзларини кучли, мустақил ва қобилиятли ҳис қилишади, ишдан ташқарида эса – йўқ!
Шахсий ҳаётидан кўнгли тўлмагани боис ишхонадаги фаоллиги учун эшитиладиган мақтовлар, ибрат қилиб кўрсатишлар ва рағбатлантиришлар «маст» қилиши ҳам бор гап.
Ишга ортиқча ружу қўйиш – соғлиқ учун хавфли. Инсоннинг имкониятлари чегараланган. Ходим – робот эмас. Вақтида шифокорга кўринмасдан, етарлича дам олмасдан қилинган меҳнат соғлиқни емира бошлайди.
Тинмай ишлайдиган ходим иш берувчига ёқади. Аслида шахсий ҳаёти тинч одамгина ишхонада меҳнат унумдорлигига эришади. Ҳаётда ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, фақат ишлаш билан банд бўлган инсон чарчоқдан асабийлашадиган бўлиб қолади. Ўзини зўриқтириши оқибатида сурункали чарчоқ синдромига, соматик касалликларга чалинади ва меҳнат қобилиятини йўқота бошлайди. Шу сабабдан ҳар бир раҳбар ўз ходимларидан меъёрий меҳнатни талаб қилиши керак. Бу, аввало, ташкилот фойдасига хизмат қилади.
Ишга муккасидан кетганлар фақат эркаклар эмас. Ишманлар орасида аёллар ҳам анчагина. Эри ва яқинларидан эътибор кўрмаган, уйи можароли аёллар иш билан овунади.
Эркакларнинг ишчанлигига табиийдек қаралса, аёлларники оилада жиддий эътирозлар туғдиради. Эр бунинг сабабини ўзидан қидирмай, дарров «Ишдан бўшайсан» деб ҳукм ўқийди. Бу эса аёлнинг руҳий ҳолатини янада оғирлаштиради.
Иш – ҳаётнинг бир қисми холос, асло ҳаётнинг ўзи эмас. Ишхона – муаммолардан қочиш макони деб ўйлашлик калтабинликдан бошқа нарса эмас. Ҳар ким руҳий хотиржамликни оиладан излаши, меҳрни яқинларига улашишдан чарчамаслиги керак, шунда бунга яраша жавобни ҳам олажак. Шахсий ҳаётидан кўнгли тўқ одам касбини ҳам севади ва ишдаги масъулиятли вазифаларни тўлиқ бажаришга қодир бўлади.
Дурдона АЛИМОВА
