Мамлакатимиз ички ишлар органларининг тезкор хизмати ходимлари гиёҳвандликка қарши курашиш доирасида кўплаб мақсадли профилактик ишларни амалга ошириб келишмоқда. Зурриётларимизни ушбу офатдан асраш, уларнинг гиёҳвандликка ўрганиб қолишлари олдини олиш учун барча шаҳар, қишлоқ, овул ва маҳаллаларда жойлашган таянч пунктлари атрофида махсус майдончалар қурилмоқда, турли спорт ва факультатив тўгараклар очилиб, уларга ёшлар жалб қилинмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили 26 июнда Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган тадбирлар уюштирилмоқда. Шу жараёнда асосий эътибор ёшларга, айниқса уларнинг уюшмаган қисмига наркотик моддалар истеъмол қилишнинг салбий оқибатларини тушунтиришга қаратилмоқда.
Жорий йилнинг ортда қолган 11 ой давомида умумтаълим мактабларида 10165 та, корона-ташкилотларда 4416 та, ўқувчилар, маҳалла ҳамда жамоатчилик ўртасида 14946 та учрашув, давра суҳбати ва савол-жавоб кечалари ташкил этилди. Уларда масъул ходимларимиз “ОИТСга қарши кураш”, “Одам савдоси – миллатга қарши иллат”, “Хавфсиз йўл” каби мавзуларда маърузалар ўқидилар. Сўнгра “Қабохат”, ”Ажал тўри” “Ўчирилган ирода” кинофильмлари намойиш этилди.
Шунингдек, Транспортда хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари тарқалишига қарши кураш ойлиги” доирасида барча олий ўқув юртлари, академик лицей ва мактабларда тезкор-профилактик тадбирлар ўтказди. Очиқ мулоқотлар ва суҳбатлар ниҳоясида ёшлар инсониятни огоҳликка чорловчи “Умр заволи” ҳужжатли фильмини томоша қилдилар. Аксарияти айни йўналишда бўлиб ўтган 324 та спорт мусобақасида ва 289 та театрлаштирилган тадбирда иштирок этди.
Келажагимиз ворисларини гиёҳвандлик иллатидан асрашнинг асосий омиллардан бири уларнинг назоратсиз қолдирмаслик, кўча-кўйларда бемақсад санғиб юришларининг олдини олиш, таълим даргоҳларидаги дарс-машғулотларда узлуксиз қатнашишларини таъминлашдир. Шунга кўра, юртимиздаги барча умумий ўрта таълим мактаби ва академик лицейларга ички ишлар органлари ходимлари бириктирилган.
Биз ота-оналарни, ўқитувчи ва мураббийларни, қолаверса, кенг жамоатчиликни ҳамиша сергак бўлишга, ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор ва юксак масъулият билан ёндашишга ундаймиз.
Жавоҳир ЮЛДАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Транспортда хавфсизликни таъминлаш
Бош бошқармаси масъул ходими
