Бокуда Низомийнинг  ўзбек тилига таржима қилинган «Хамса»си тақдимоти бўлди

115

 

Бокуда бўлиб ўтган Низомий Ганжавий халқаро форуми доирасида Низомий Ганжавийнинг ўзбек тилига таржима қилинган «Хамса»си тақдимоти бўлиб  ўтди.

Озарбайжонда 2021 йил «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан Низомийнинг “Хамса” асари ўзбек тилига таржима қилинди ва чоп этилди. Асарнинг тақдимоти Озарбайжон пойтахтида тантанали равишда бўлиб ўтди.

Унда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг таниқли олимлари, низомийшунослар, фан ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов кириш сўзи билан очиб, 2021 йилда «Низомий Ганжавий йили» доирасида Ўзбекистонда амалга оширилган лойиҳалар ва тадбирлар ҳақида гапириб берди.

Жорий йилда маданият маркази буюк Низомий Ганжавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича кўплаб ишлар бажарилганини эътироф этди. Таржима лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида батафсил маълумот берган дипломат олти йил давомида ўзбек халқ шоири Жамол Камол томонидан аслиятдан ўзбек тилига таржима қилинган нашрнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, Низомий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш нуқтаи назаридан жуда муҳим манба эканлигини таъкидлади.

Самир Аббосов, туркий оламнинг буюк шоири Низомий Ганжавий асарлари шарқ шоирлари ижодида илҳом манбаи бўлиб, унинг мероси Озарбайжон халқининг фахри эканлигини таъкидлади.

Озарбайжон Республикаси Маданият вазирининг биринчи муовини Элнур Алиев даҳо шоир асарларини таржима қилиш жаҳонда Низомий Ганжавийнинг адабий меросини ўрганиш нуқтаи назаридан жуда муҳим эканлигини таъкидлади. Вазирнинг биринчи муовини

Низомий меросини маданиятлараро кўприк деб атаб, шоир асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини билдирди. Вазир шунингдек, халқаро форум доирасида ўтказилган қизиқарли анжуманлар, баҳс-мунозаралар ва тақдимотлар Озарбайжон маданияти, адабиёти ва санъатини бутун дунёда тарғиб қилиш ва танитиш учун шароит яратиб берганини айтди.

Тадбирда кириш сўзи билан чиққан Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов Низомий Ганжавийнинг «Хамса»сига биринчи бўлиб киритилган барча достонларнинг ўзбек тилига таржимаси тарихий воқеа эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда Низомий ижодига бўлган катта қизиқиш ҳақида сўз юритди. Икки халқ ўртасида тарихан қарор топган қардошлик алоқаларини таъкидлаб ўтган элчи мумтоз Шарқ адабиётида воситачилик мактабини яратган Низомий Ганжавий ва уни муваффақиятли давом эттирган Алишер Навоий халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва  адабий алоқаларнинг чўққиси эканини қайд этди.

Бошқа ўзбек маърузачилари, жумладан, Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов, профессорлар Нигина Шермухамедова, Ҳамидулла Болтабоев Низомий Ганжавий асарларининг ўзбек тилига таржимаси учун Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказига щз миннатдорчилигини билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этди.

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»