МАСАЛА ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛАДИ

1056

«Ishonch» газетасининг 2021 йил 16 октябрдаги 128-сонида чоп этилган «Даво учун қачонгача овул ошамиз?» сарлавҳали танқидий мақола юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2857-сонли қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2017 йил 3 апрелдаги 199-сонли қарорига мувофиқ, Кегейли тумани тиббиёт бирлашмасига қараш «Кўкшиел» қишлоқ врачлик пункти биносининг тиббий хизмат кўрсатиш учун тўлиқ яроқсиз ҳолга келгани ҳисобга олинган ҳолда мақбуллаштирилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифатини ошириш мақсадида Кегейли туманидаги «Еркин дарья» овул фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли энг яқин, яъни 20 км. масофада жойлашган 27-сонли оилавий поликлиникага бириктирилиб, қўшимча тор доирадаги мутахассислар билан таъминланган.
2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Бўзатов тумани қайта ташкиллаштирилгани муносабати билан «Еркин дарья» овул фуқаролар йиғинидаги «Кўкшиел» қишлоғи Бўзатов тумани ҳудудига ўтказилиб, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли Бўзатов тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 28-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси бириктирилиб, қўшимча тор доирадаги мутахассислар билан таъминланган.
«Кўкшиел» қишлоғи аҳолисининг мурожаатлари ва мазкур ҳудуд ўзларига бириктирилган оилавий поликлиниканинг хизмат кўрсатиш радиусидан узоқлиги ҳисобга олиниб, 2021 йил Инвестиция дастурига киритилган. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика объектлари бўйича «Ягона буюртмачи хизмати» ИК буюртмачилигидаги ташкилий-тайёргарлик ишларининг бориши тўғрисида ва тендер якуни бўйича иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан қишлоқда янги шифокорлик пункти қуриш жорий йил якунида лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, 2022 йилнинг биринчи чорагида «Кўкшиел» қишлоғида қишлоқ врачлик пунктининг янги биносини қуриш масаласи ижобий ҳал бўлганини маълум қиламиз.