Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаровнинг «Нотинч ўйлар оғушида» номли (Тошкент шаҳри, «Маънавият» нашриёти, 2021 йил) китобини мутолаа қила туриб, жуда кўп нарсалар кўз олдимдан ўтди.
Китоб башарият тарихида инсон камоли, бахти учун, яхши ҳаёт тарзи учун умрини тиккан, жонини қурбон қилган дунё олимлари ҳақида. Муҳими, уларнинг барчаси тиббиёт соҳаси вакилларидир. Тилга олинган қаҳрамонлар илк жарроҳлар, биринчи қон таркибини, гуруҳларини кашф этган шифокорлар, буйракни, жигарни ўрганиб, уларни кўчиришни илк бор амалга оширган етук аллома зотлар.
Инсонга илоҳий томондан ўргатилиб, унинг онгу руҳига сингдирилган илмлар ана шундай жонфидо инсонларнинг заҳмати эвазига ўзлаштирилган, ҳаётга татбиқ қилинган.
Абу Али ибн Сино, Ибн ан-Нафис, Гиппократ, Гален каби тиббиётнинг мумтоз алломаларидан тортиб, кейинги асрларда фаолият юритган шифо аҳли ҳақида жуда таъсирли ва равон услубда битилган ўзига хос ушбу асар бугунги пандемия шароитида ҳар бир ўқувчига манзур бўлишига шубҳа йўқ.
Юракнинг кичик қон айланиш доирасини кашф этгани учун хурофотчи оломон томонидан оловда ёндирилган Мигел Сервет, «Қон ташувчи тизим жигардан эмас, юракдан бошланади», деган ҳақиқатлари учун бутун умр қувғинда юрган Андреас Везалий, «Биринчи касаллик кейинги шундай касалликдан сақлайди», дея тиббиётга эмлашдек муҳим ҳодисани тақдим этган, микроскопда вирусларни узоқ муддат ўрганиш туфайли кўзлари шикастланган буюк кашфиётчи Луи Пастер ва ҳоказо…
Мазкур китобда бундай мисоллар ва тарихлар бисёр. Мутолаа асносида инсон миясига чип ўрнатишдек ғаройиб тажрибалар амалга оширилаётган бугунги даврга одамзод ўз-ўзидан етиб келмагани ва бунинг учун илмга, илм аҳлига, ҳаётини инсон саломатлиги учун фидо қилган шифокорларга таҳсинлар айтасиз.
Китобга Имом ал-Бухорийнинг «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмағай», деган улуғ сўзлари эпиграф қилиб олингани ҳам бежиз эмас. Бугун коронавирус билан куну тун курашаётган шифокорларнинг заҳматли ҳаётига барчамиз гувоҳмиз. Вакциналар ихтиро қилиб, иш жараёнида вафот этиб кетаётган тиббиёт вакиллари билан бир макондамиз.
Шу маънода, Ж.Бекназаровнинг бу китоби бизни билишга, Яратганнинг буюк сирларини кашф этиб, англаб, имон келтиришга чорлайди. Олимнинг бу ижодий иши мамлакатимизнинг Учинчи Ренессансга тамал тоши қўйишдек бир бурилиш палласида, илмнинг қанчалар қудратли куч эканини ёшларимизга англатиш учун ажойиб восита вазифасини ўтайди, деб ўйлайман.
Шодмонқул САЛОМ,
шоир
