ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

2255

«Менинг Президентим» ижодий ишлар танловининг ҳудудий босқичи беллашувлари

Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ўтказиш бўйича қўшма қарор қабул қилинган эди.
Ёшларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ­ривожланиш жараёнлари ва келажакка дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ташкил этилган танловнинг биринчи босқичида 9 894 та умумтаълим мактабидан 591 927 нафар ўқувчи қатнашиб, ғолиб бўлган 9 872 нафар иштирокчи туман (шаҳар) босқичига йўлланма олди. Ушбу босқич натижаларига кўра, 207 нафар ўқувчи ҳудудий босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Айни пайтда танловнинг ҳудудий босқичи беллашувлари қизғин руҳда ўтмоқда. Иштирокчилар «Янги Ўзбекис­тон – янги имкониятлар» мавзусида тақдимот тайёрлаб, билимларини намойиш этишяпти. 42 нафар ғолиб 21-25 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган танловнинг ­республика босқичида қатнашади.

Ислоҳот одимлари – ўқувчилар нигоҳида

Гулистон шаҳридаги информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган мактаб-интернатда «Менинг Президентим» ижодий танловининг ҳудудий босқичига якун ясалди. Унда танловнинг қуйи босқич ғолиблари бўлган 11 нафар ўқувчи ­қатнашди.

Тадбир аввалида давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг ташкилотчилар ҳудудий босқич шартлари тўғрисида яна бир бор тушунтириш бериб, барчага омад тилади.
Иштирокчилар дастлаб «Менинг Президентим» мавзусида компьютер дастурида тақдимот тайёрлаб, 15 дақиқа давомида шарҳлашди.
Мирзаободлик Рухшона Қўзиева давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ишларга ўзининг муносабатини ижодкорона ифода этди. Шарҳлар асноси шеърий парчалар ҳам ўқилди.
Сирдарё туманилик Нафиса Комилова сўнгги 5 йилда амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг аксари яшаб турган ҳудудида бошланиб, Сирдарё тажрибаси амалга оширилганига эътибор қаратди. Шунингдек, IT соҳаси йўналишидаги таклифларини айтди.
– Туман-шаҳарларнинг энг билимдон, ғолиб ўқувчилари ҳудудий босқичда иштирок этди. Шу боис уларни баҳолаш биз, ҳакамлар учун ҳам осон кечмади, – ­дейди Гулистон давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Ҳамид Ёдгоров. – Муҳими, ўқувчиларимиз сиёсий атамаларни тўғри тушуняпти. Ислоҳотлар моҳиятини шарҳлай оляпти. Бундай илмли ёшлар юрт келажагидир.
Ўқувчиларнинг тайёрлаган тақдимоти ва чиқиш­лари 100 баллик мезонда баҳоланди. Мирзаобод туманидаги 30-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Рухшона Қўзиева 1-ўрин, Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Шахина Жалилова 2-ўрин, Гулистон туманидаги 7-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Шаҳноза Хушвақтова 3-ўрин соҳибасига айланишди.
Вилоят босқичининг барча иштирокчилари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари, ғолиблар диплом билан тақдирландилар.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Ижодкорона ёндашув

«Менинг Президентим» танловининг Жиззах вилояти босқичи очилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганини алоҳида таъкидлаб, олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ мактаб ўқувчилари турли фанлар ­бўйича ўз билимларини республика ва халқаро танловларда намоён этиб келаётганини эътироф этишди.
Ўқувчиларда Ватан тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривож­лантириш, ижодкорона фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш таълимнинг ажралмас қисми эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
– Танловнинг мактаб ва туман босқичлари кўтаринки руҳда ташкил этилди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Бахрулло Қодиров. – Қатнашчилар биринчи босқичда «Янги Ўзбекистон – менинг нигоҳимда» мавзусида эссе, туман (шаҳар) босқичида «Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар» мавзусида иншо ёзишди. Вилоят босқичида «Менинг Президентим» мавзусида тақдимот тайёрлаб, ҳакамлар ҳайъатига тақдим этишди.
Танлов ғолиблари республика босқичида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилишади.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»

Янгиланишлар – тақдиримизда

Хивадаги Президент мактабига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида ўз позициясини билдиришга чоғланган ўн уч нафар ўқувчи ва уларнинг устозлари ташриф буюрди. «Менинг Президентим» танловида иштирок этган хоразмлик 47 минг 320 ўқувчи орасида ғолиб бўлган ёшлар яна бир карра синовдан ўтишди.

Вилоятдаги 549 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 48 минг 120 нафар ўқувчидан 98,3 фоизи ушбу нуфузли танловда иштирок этгани воҳа ёшларида Янги Ўзбекистонда кузатилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривож­ланиш жараёнлари ва ислоҳотларга, келажакка нисбатан дахлдорлик ҳисси баландлигидан далолат.
Иштирокчилардан давлат раҳбарининг мамлакатимиз тараққиётидаги фаолиятини маълум бир йўналиш ёки тармоқ мисолида очиб бериш талаб қилинди. Ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг нотиқлиги, ўз қарашларини эркин баён қила олиш қобилияти, айниқса, янги таклифларга алоҳида эътибор қаратди.
– Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини мен ўз ҳаётимда, ён атрофимдаги ўзгаришларда кўраётирман, – дейди Азиза Сафарова. – Хусусан, ­Тупроққалъа тумани юзага келиши ва қисқа фурсатда мислсиз ривожланиши туфайли қўни-қўшниларим, қариндошларим қатори бизнинг ҳам турмуш даражамиз тубдан яхшиланди.
– Қудратилла Рафиқовнинг «Менинг Президентим» китобини мутолаа қилгач, ён-атрофга янада теранроқ нигоҳ ташлайдиган бўлдим, жуда кўп янгиликларни илғадим. Тақдимотимда буларни кенг ёритишга ҳаракат қилдим, – дейди ҳазорасп­лик Марварид Рустамова.
Танлов якунига кўра, Ҳазорасп тумани 2-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Марварид Рустамова биринчи, Урганч туманидаги 45-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Рўзимова иккинчи, Тупроққалъа туманидаги 8-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Азиза Сафарбоева учинчи ўринни эгаллаб, республика босқичига чиқди.
Танлов ғолиблари ва иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»