“Шанхай кубоги” мусобақаси ўтказилди

1452

Маълумки, спорт инсонлар ва миллатларни бирлаштирадиган универсал тилдир. У саломатликни мустаҳкамлаш билан бирга тенглик, ўзаро ҳурмат ва адолат каби қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилади.

Халқаро футбол куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Чиғатой” спорт мажмуасида жорий йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ҳамкорлигида Тошкентда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхоналар ўртасида мини футбол бўйича “Шанхай кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада Қувайт, Россия, Ҳиндистон элчихоналари, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив»агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази футбол жамоалари қатнашди.

Биринчи ўринни эгаллаган жамоага “Шанхай кубоги” топширилди, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларга диплом ва медаллар топширилди.

Шунингдек, «Энг яхши ўйинчи», «Энг яхши тўпурар», «Энг яхши дарвозабон» номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.

Бугунги олам кундан кунга ўзаро боғлиқ бўлиб бормоқда, миллатлар ўртасидаги мулоқот ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бир-бирларини тушуниш, ахборот алмашиш, ўзаро ҳаракат қилиш миллат амалга ошираётган сиёсат ва таянаётган қадриятларни яхшироқ тушунишга имкон беради.

 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг

Халқ дипломатияси маркази ахборот хизмати