Маошлар ошган, аммо товон пули-чи?

1080

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгашига фуқаро Азимжон Соҳибов мурожаат қилди.

Арз қилинишича, у Наманган туманида жойлашган «Тошбулоқ тола» корхонасида ишчи бўлиб ишлаган. 2006 йилнинг декабрь ойида ишлаб чиқаришдаги юз берган бахтсиз ҳодиса сабабли унга ТМЭК томонидан ногиронлик нафақаси белгиланган.
– Иш вақтида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли ходимнинг соғлиғига етказилган зарар учун корхона товон пули тўлаб келган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгашининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш» бўлими етакчи мутахассиси Одилжон Жўрабоев. – Бироқ иш берувчи томонидан бир қатор камчиликларга ҳам йўл ­қўйилган. Тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарорида кўрсатиб ўтилган бандлар инобатга олинмаган.
А.Соҳибовнинг соғлиғига етказилган зарар учун тўланадиган товон пули юқоридаги қарорнинг 8-бандига асосан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори оширилганда, соғлиқнинг шикастланиши билан боғлиқ зарар ёки боқувчисининг вафоти билан боғлиқ равишда бериладиган иш ҳақи ҳам шунга мутаносиб равишда оширилиши белгилаб қўйилган.
Иш берувчига бу ҳақда тушунтириш берилгач, корхона томонидан ходимга бериладиган товон пул оширилган миқдорда қопланди.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»