«БУРГАЛИК»МИ ЁКИ «БУРГАНЛИК»?

5733

Нурафшон шаҳрининг Тошкент йўли кўчасида кўзингиз бир баннерга тушади. Унда «Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Бургалик» жоме масжиди қурилиши паспорти» деб ёзилган. Масжид лойиҳаси тагида «Масжид қурилишига ўз ҳиссангизни қўшинг» деган даъват ҳам бор.

Албатта, бу ишга барчамиз баҳоли ­қудрат улуш қўшамиз. Масжиднинг янги ­лойиҳасини кўриб қувондик, чунки ҳозир Нурафшон шаҳри ва унинг атрофида замонавий масжидлар деярли йўқ. Бу янгилик ­бошқаларни ҳам хурсанд қилиши табиий.
Бироқ масжиднинг номи кишини ўйлантириб қўяди. Чунки бурга сакраб юрадиган ва қон сўрадиган майда ҳашорат.
Масжиднинг номи бўйича фикр олиш учун Тошкент вилояти бош имом хатиби қабулхонасига қўнғироқ қилдик. Ёрдамчининг жавобига қараганда, бу қишлоқ атрофида мураккабгуллиларга мансуб бир йиллик бурган ўсимлиги ниҳоятда кўп бўлган экан. Иккинчи тахминга кўра, Тошкент денгизи атрофи булоқларга бой бўлиб, уларнинг суви биргаликда катта анҳорга айланган экан.
Агар бу фикрлардан келиб чиқадиган бўлсак, масжид номи «Бурганлик» ёки «Биргалик» деб ёзилиши керак. Лекин у ҳужжатларда ҳам «Бургалик» деб қайд этилмоқда.
Таклифимиз шуки, муқаддас даргоҳга ­бошқа муносиброқ ном топишнинг вақти келмадимикин? Бундан ташқари, шу тумандаги ­«Туябўғиз», Бекобод шаҳридаги «Қорамозор», Бекобод туманидаги «Чаноқ» каби масжидлар номи ҳам қайта кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Зеро, салобатли ва ҳашаматли масжидларимиз номлари ҳам олтин узукка ёқут кўз қўйгандек бир-бирига муносиб бўлса, айни муддао бўларди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
«ISHONCH»