Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича меҳнат инспекциясига келиб тушган 42 та шикоят-аризанинг асосий қисми ҳомиладорлик таътилидан сўнг ўз иш ўрнига қайта олмаётган хотин-қизларга тегишли.
– Тиббиёт тизимининг қуйи бўғинларида ишловчи аёлларимизни қийнаётган масалаларнинг илдизи анча чуқур, – дейди тармоқ касаба уюшмаси меҳнат ҳуқуқи инспектори Абдунаби Турсунов. – Баъзи туманларда ҳомиладорлик таътилига кетган аёллар ўрнига икки-учталаб даъвогар топилган. Энг ачинарлиси, уларни ўша аёллар ўрнига вақтинча ишга қабул қилиш тартибларига мутлақо риоя этилмаган. Оқибатда битта иш ўрнига иккита, баъзан ундан ҳам ортиқ қонуний ишловчи тўғри келиб қолган.
Хўш, бу чалкашликлар замирида нима бор?
Гарчанд расман тан олинмаса-да, тизим ўтмишида узоқ йиллар давом этган коррупция, иш ўринлари «енг ичида» пулланиши оқибати бугун ҳам қимматга тушаётир. Эски хатоларини тузатиш эса янги раҳбарларга осон бўлмаяпти.
Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг «Тез ёрдам» бўлими ходими Мафтуна Тожибоева ҳам туғуруқ таътилидан сўнг олдинги иш ўрнига қайтишида ёрдам сўраган. Тўғри, уни бирлашма маъмурияти бекор қолдирмаган, яъни ўзи бажарган фельдшерлик вазифасига эмас, балки диспетчерлик хизматига ишга олган. Бироқ раҳбариятнинг бу қарори унга маъқул бўлмаган. Ўз ўрнига қайтиш учун эса саккиз ой югурган.
Дарвоқе, касаба уюшмалари туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти билан олиб борган музокаралар ижобий якун топди. Мафтуна Тожибоева аввалги вазифасига тикланди.
– Айни кезларда вилоят тиббиёт муассасаларида ҳомиладор ходимлар ўрнига ишга қабул қилиш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйишлар тўлиқ барҳам топган, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Маъруф Бобоёров. – Бироқ узоқ йиллар давомида 0,5-0,25 фоизлик иш ставкалари қўлланилгани ва бошқа қатор салбий ҳолатлар ҳамон турли ғавғоларга сабаб бўлмоқда. Шу боис бутун тизимимиз ўша хатолар асоратларини бартараф этишга жиддий равишда киришган.
Нарпай тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий шифокорлик пункти ҳамшираси Малика Эшмурзаева ҳам худди шундай ҳолатга дуч келди. Унинг иш ўрнини кимнингдир «ҳотамтойлиги» туфайли бошқа бир киши эгаллаб олган экан. Маликанинг талай даргоҳлар эшигига бош уришлари натижа бермади. Тармоқ касаба уюшмаларининг аралашувидан кейин масала ижобий ҳал этилиб, ходимнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари тикланди.
Иш-ку, майли, ўз йўлига. Аммо орамизда ходимларга бола парвариши даври учун маблағ тўлаб беришни пайсалга солаётганлар ҳам учраб туради. Самарқанддаги стоматология поликлиникаси ҳамшираси Шаҳро Қамарова худди шундай бепарволикка дуч келди. Охири ҳаммасидан зада бўлгач, касаба уюшмалари эшигини қоқди. Бу ташкилот вакиллари унинг мурожаатида тилга олинган важларни атрофлича ўрганишди. Пировардида Ш.Қамаровага 1611655 сўм миқдоридаги бола парвариши учун тўланадиган маблағ ундириб берилди.
– Айни кезларда вилоят тиббиёт муассасаларида ҳомиладор ходимлар ўрнига ишга қабул қилиш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйишлар тўлиқ барҳам топган, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Маъруф Бобоёров. – Бироқ узоқ йиллар давомида 0,5-0,25 фоизлик иш ставкалари қўлланилгани ва бошқа қатор салбий ҳолатлар ҳамон турли ғавғоларга сабаб бўлмоқда. Шу боис бутун тизимимиз ўша хатолар асоратларини бартараф этишга жиддий киришган.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»



