Жорий йилнинг 19 декабрь санасида ШҲТ Котибиятида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг болалар, талабалар ва ёш рассомлари учун “Биргаликда – 2022 йилги Қишки Олимпия ўйинларининг умумий орзуси сари” кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбир Хитой Халқ Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Шанхай санъат ярмаркаси, Бутун Хитой хотин-қизлар Федерацияси, Россия ва Покистоннинг Хитойдаги элчихоналари, Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича ШҲТ қўмитаси, Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази кўмагида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида ШҲТ Бош котиби Владимир Норов сўзга чиқиб, Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ёрқин халқаро спорт тадбири эканлиги, шу боис кўргазманинг асосий мавзу сисифатида белгиланганлиги рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, мумтоз ва халқ ижодиётига қизиқишини ошириш, ШҲТ доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бундай ижодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
“Санъат бошқа мамлакатларнинг тарихи, маданияти ва меъморчилиги, шунингдек, турли халқларнинг анъана ва урф-одатлари билан таништиради. Эътиборлиси, фарзандларимизнинг асарларида тинчлик, дўстлик, биргаликда ривожланиш ва эзгуликка интилиш акс этган. Кўриб турганимиздек, ШҲТнинг ёш авлоди аллақачон ўзаро ишонч, бағрикенглик ва цивилизациялар хилма-хиллигига ҳурматни ўзида мужассам этган “Шанхай руҳи” тамойилларига улашмоқда, шунингдек, ҳамжиҳатлик ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақирмоқда”, – дея қўшимча қилди В. Норов.
ШҲТ Бош котиби ШҲТ котибияти 15 йилдан буён мунтазам равишда, масалан, халқ эртаклари мавзуларида шу каби кўргазмаларни ўтказиб келаётганини, болаларни ШҲТ мамлакатларининг маданий хилма-хиллиги билан таништираётганини, уларнинг мумтоз ва фолклор санъати тарихига қизиқишини кучайтираётганини, бу эса ўз навбатида авлодлар ўртасидаги дўстлик ва мулоқот кўприкларини мустаҳкамлаётганини эслатди.
В.Норовнинг таъкидлашича, “Ташкилот томонидан ҳар доим қўллаб-қувватланадиган ва тарғиб қилинадиган бундай ижодий лойиҳалар “ШҲТ оиласи” аъзоларини янада яқинлаштиради”.
Таъкидлаш жоизки, Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича ШҲТ қўмитасининг ташаббусига кўра, Марказ П. Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ва Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиларининг 50 га яқин асарларини мазкур кўргазмада қатнашиш учун юборди.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг
Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати



