Клептомания – руҳий бузилиш, руҳий жароҳат оқибати. Бу «хасталик»ка «мубтало» бўлганларни кўпчилик ўғрилар билан адаштиради. Лекин ундай эмас, чунки ўғрида моддий манфаат бўлади. Клептоманлар эса… Улар қимматга эга бўлмаган, кераксиз нарсаларни ўғирлашади ва уларни эҳтиёжлари учун ишлатишмайди.
«Бермасанг, оламан!»
Мазкур руҳий носоғломлик илк бор 1816 йили Францияда касаллик сифатида ўрганила бошланган. Шунда клептоманларда жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилишга мойиллик кўп учраши аниқланган.
ХХ асргача клептомания ақли норасолик билан боғлаб ўрганилган. Унга бош миянинг органик зарарланиши, деб қаралган. Замонавий мутахассислар клептоманларни руҳшунос орқали даволаш мумкинлигини айтишмоқда. Чунки майда-чуйда, бўлар-бўлмас нарсаларни ўғирлайдиган одамларни айблаш ҳам пича ноқулай. Улар йиллар давомида меҳр, эътибор ва ғамхўрликка зор бўлишган.
Улар «бермасанг, оламан» ақидасини ўзларига сингдириб олгани боис атроф-муҳитга ўғри нигоҳ билан қарашга ўрганиб қолган. Кўзга ташланган қимматсиз буюмлар, масалан, ип, игна, майда тангачалар, ручка, скрепка, симлар, тутилган шахсий гигиена воситалари – улар учун ўлжа. Дорда қуритилаётган кийимлар, кийиниш хонасида қолдирилган пойабзаллар уларга чиройли кўринса керак-да…
Ўғирлаган буюм ташлаб юборилади
Клептоманларнинг кераксиз нарсаларни ўғирлаши – бу аслида, ўзига эътибор сўраш сигналидир. Улар эски, ҳеч кимга кераги йўқ буюмда ўз аксини кўради ва ўзига тутилаётган ойнага тоқат қилолмай, уни йўқ қилиш истагида ўғирлайди. Энг қизиғи – унинг мақсади буюмга эгалик бўлмагани учун ўғирлаган нарсани ташлаб юборади ёки кимгадир совға қилади, хуллас, ўзида сақламайди.
Ўғрилик – клептоманлар учун тинчлантирувчи доридек гап. Клептоманлар орасида ўзига тўқ, бой одамлар борлиги ҳам шундан, уларнинг мақсади буюмга эгалик эмас, балки ўзини тинчлантиришдир.
Клептоманларнинг кўп қисмини аёллар ташкил этади. Чунки аёлларда меҳрга зорлик, эътиборсизликдан ўкиниш ҳисси анча юқори туради.
Бундай ажабтовур ўғриларни ташқаридан аниқлаш қийин, улар ҳамма каби кўринади, ўзларини рисоладагидек тутади. Улар ўғирликни ҳеч ким йўқ жойларда кўпроқ амалга оширади. Қизиғи, ўзларини ўғрилар қаторига қўшишмайди, қўлга тушиб қолишдан қаттиқ қўрқишади.
Боғчадан ўйинчоқ кўтариб келиш-чи?
Бу касаллик асосан ўрта ёшлиларда учрашига қарамасдан узоқ тарихи болаликка бориб тақалади. Болаликда меҳрга ташна бўлиб ўсганларнинг айримлари ўрта ёшда клептоманияга чалиниб қолади. Ёки аксинча, ҳаддан ортиқ эътиборда бўлган, ота-онасига тамоман боғланиб қолганлар ҳам ёши улғайгач, клептоманга айланиб қолиши мумкин.
Клептомания болаларда ҳам кузатилади. Боғчадан ўйинчоқ олиб келиш – ўғирлик, болалар майдончасидаги тошчаларни чўнтакка солиб олиш – клептомания, онасининг кармонига қўл суқиш – ўғирлик, бувисиникидан эски, уринган, кераксиз буюмни кўтариб келиш – клептомания. Ҳар икки ҳолатда ҳам болалар психолог ёрдамида даволанилиши лозим. Буни қарангки, клептоман болалар асосан бой оилалардан чиқаркан. Бола эрталабдан кечгача ишлаб, пул топаётган ота-онасининг диққатини жалб қилиш учун ўғирликка қўл уради.
Клептоман ўзини бошқара олмайди. У бу иши нотўғри ва ярашиқсиз эканини билса ҳам ўзини ўғирликдан тиёлмайди. Унга насиҳат қилиб, гап уқтириш ҳам мушкул. Энг яхшиси, унга кўпроқ меҳр бериб, эътибор кўрсатиш керак. Унга жиноятчи эмас, жабрланувчи деб қараш ва ёрдам бериш зарур. Бунда мутахассис маслаҳати ва муолажасига таяниш энг тўғри қарордир.
Дурдона АЛИМОВА
