Туркиянинг Кангал курорти ҳақида эшитганмисиз?

1777

    Шифобахш суви ва тери касалликларини даволайдиган малакали балиқ шифокорлар яшайдиган Кангал курорти ҳақида нималарни биласиз?

Туркиянинг Сивас вилоятида жойлашган Кангал курорти псориаз касаллигини даволай оладиган дунёдаги камёб “балиқ шифокорлар” яшайдиган 37 даража ҳароратли шифобахш булоқлари билан машҳур.

Кангал булоғининг шифобахш хусусияти биринчи марта 1800 йилда яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси томонидан аниқланган. Вақт ўтиши билан шифобахш булоқнинг шуҳрати бутун мамлакат бўйлаб тарқалган.

Кангалнинг шифобахш булоғи зилзила оқибатида ер ости қатламларининг силжиши ва кўлнинг йўқ бўлиб кетиши натижасида пайдо бўлган. Шундан  сўнг илгари кўлда яшаган балиқлар иссиқ булоқларга кўчишган.

Бу балиқларнинг даволаш ҳусусияти эса 1917 йилда, бир чўпоннинг мазкур булоқга бориб, ярасини даволаганидан сўнг аниқланган. Бундай мўъжизавий шифо тури эса Кангал оромгоҳининг ташкил этилишига хизмат қилган.

Туркиянинг экологик тоза тоғли ҳудудида жойлашган Кангал оромгоҳида замонавий тиббиёт маркази барпо этилган бўлиб, бу оромгоҳнинг шифобахш суви ва малакали балиқ шифокорлари сизнинг соғлигингиз ҳақида қайғурадилар.

Олтин балиқ хизматига мурожаат қилмасдан, ўз орзуингизни амалга ошириш учун ҳақиқий имконият, бу — саломатликни тиклаш! Кангал оромгоҳининг миттигина балиқ шифокорлари тери касалликларини, айниқса псориаз касаллигини даволаш учун барча сеҳрли қобилиятларини ишга солишади.