«ОЛТИН ШИША»йиллик алкоҳисоботга бағишланган алкашлар анжуманидан репортаж

7494

Чоғиробод шаҳридаги «Майсарой» маж­муасининг анжуманлар залида алкашларнинг йиллик ҳисобот мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ­таниқли пиён­и­­с­талар, кўп йиллик ичувчилик тажрибасига эга алкашлар, ёш ароқхўрлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, кузатувчи сифатида бир гуруҳ кашандалар иштирок этишди.
Анжуманни Халқаро алкашлар уюшмаси раиси, жаҳон ароқхўрлари мусобақасининг ўн тўққиз карра ғолиби, машҳур ­пиёниста Сафоқул Сотиболдиев кириш сўзи билан очиб берди.

– Агар иложи бўлса-ю, камина умр бўйи ичган ароқларни челаклаб… Ҳиқ… Йўқ, челак сал кичиклик қиларкан… Та-ак, айтайлик, бўчкалаб ўлчасак, дунё океани сувидан ўн баравар кўп чиқарди, – деди у ўзининг қизғин фаолияти ҳақида сўз юритиб. – Ҳа, мен бутун умримни… Ҳиқ… ўзимнинг севимли касбим – ичкиликбоз­ликка бағишладим. Хўш-ш, жигаримнинг секин титила бошлаганини айтмаса, соппа-соғман… Ўп… Ўпкамнинг ҳам ярми топ-тоза! Ишонмасанглар… Ҳиқ… ана, текшириб кўришларинг мумкин… Н-нима, мени ғирт маст деб ўйлаяпсизларми? Сираям… маст эмасман. Мана, миям ҳам ўттиз фоиз қувват билан… Ҳиқ… зўр ишлаб турибди (У шаҳодат бармоғини чаккасига уриб кўрсатади). Кўриб турибсизлар, каллам жойида… Дуд-дунё ароқхўрлари бошини қовуштириш, бу бир шиша ­коньякни сипқориш эмас, мен сизга айтсам… Бу жуда маст… масъулиятли иш… Қисқаси, м-мажлис ишига м-му-қаф-фа… му-ваф-фа-қиятлар тилайман! Ҳиқ…
Сотиболдиевнинг пурмаъно нутқидан сўнг таниқли ароқшунос олим, майшунослик фанлари доктори, профессор Шароббек Шайтонқулов сўзга чиқиб, ичкиликбозлик соҳаси ғоят ачинарли аҳволда эканини, уни омма орасида кенг тарғиб қилиш бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолаётганини куйиб-пишиб таъкидлади. Нотиқнинг ­фикрича, тарғибот-ташвиқот ишларида матбуотнинг ўрни ҳалиям беқиёс.
– Бир вақтлар алкашларнинг энг яхши минбари – Ароқхўрлар уюшмасининг расмий органи бўлган ­«Пиёниста» газетасини бугун умуман ўқиб бўлмай қолди, – деди у қўлидаги май тўла қадаҳни минбар устига «тақ» этказиб қўяркан. – Қани бир пайт­лар газетахонлар (у газетхонларни – газетахонлар деб атади. – Репортёр) турнақатор навбатда туриб кутадиган нашр? Қани машҳур пивохўрлар ҳаётидан олиб ёзилган «ўқимишли» очерклар, ароқсевар шоирларнинг хотин… кечирасиз, ёр шаънига битган оташин майномалари?
Сўнгра Шайтонқулов газета ўз қобиғига ўралиб қолмасдан, чет муаллифларни, хусусан, майнома жанрида жўшиб ижод қиладиган фаол ёзувчи-шоирларни жалб этиши зарурлигига урғу берди.
– Эсласангиз, – деди у томоғини уч қултум портвейн билан обдон ҳўллаб олгач, – бир пайтлар газетанинг олтита сонида шоир Келди Қоранинг «Базм ва назм» рукни остида туркум майномалари, ёзувчи Ҳосил Тўранинг «Қадаҳ» романи босилган эди. Бундан ташқари, «Кайф устида» деган зўр рукн бўларди, унинг шарофати билан газетахонлардан қоплаб миннатдорчилик мактублари олганмиз. Қани ўша рукн?..
Шундай кескин ва ўта муҳим саволни ўртага ташлар экан, у собиқ ҳамкасблари бўлмиш «пиёниста»чиларни (Шароб оға ҳам аслида «Пиёниста»дан чиққан) «Олма, пиш, оғзимга туш!» деб ўтирмай, икки юз грамм тозасидан отволиб, инновацион фикрлашга чақирди.
– Агар кимдир ўз шахсий жиғилдонини бошқа ароқхўрлар жиғилдонидан устун қўйиб, ҳақини кескин талаб қиладиган бўлса, – деди давра эътиборини қалам ҳақи масаласига тортар экан, – буни ҳам тўғри қабул қилишимиз керак. Лекин, айтиб қўяй, бугун гонорарни пул шаклида бериш эскилик сарқитидан бўлак нарса эмас. Мисол учун, ривожланган мамлакатлар аллақачон қалам ҳақини «натуралний» тўлаш тизимига ўтган. Уларда ичкиликбозлик йўналишидаги нашрлар бир колонка информацион материал учун ярим челак, бир саҳифа таҳлилий мақола учун тўрт челак мусаллас тўлайди. Қўшимчасига газак учун ҳар бир муаллифга икки банкадан шўр бодринг тортиқ қилади. Ана сизга авторлар билан ишлаш, ана сизга алкоинновация! Хўш, шунга ўхшаган замонавий алкотехнологияларни бизда ҳам жорий этишга нима халақит ­беряпти?..
Машҳур алкашнинг оташин нутқини залдагилар давомли қарсаклар билан олқишлаб, унинг соғлиғи ва теша тегмаган таклифи учун ёппасига қадаҳ кўтаришди.
Дастурга мувофиқ, шундан кейин фахрий ароқхўрлар номидан 35 йиллик ичувчилик тажрибасига эга Қимизбек Қирчанғиев сўзга чиқиб, дунё майхўрларини яқинда нишонланадиган Халқаро пиёнисталар куни ­билан қутлаши, улар шаънига икки оғиз майтилак билдириб, қадаҳ кўтариши керак эди. Бироқ кекса пиёниста мажлис аввалида оч қоринга қўлбола ароқдан урволиб (ўрганишлар, аниқроғи, алкогувоҳлар иштирокидаги эксклюзив тинтув чоғида Қирчанғиевнинг қўйин чўнтагидан дорихона чеклари, этил спиртининг 50 граммлик бўш идишлари, ён чўнтагидан эса қоғозга ўроғлиқ икки дона ачиган помидор билан бир бош арчилган пиёз топилган) чўзилиб қолгани учун, унинг ўрнига жорий йилда бир зиёфатда 14 шишани паҳлавонларча қулатиб, тенгдошлари орасида мутлақ чемпион бўлган ва «Олтин шиша» кубогини қўлга киритган ёш пиёниста Майхўржон ­Кайфқулов минбарга чиқди.
Олдиндан шуни айтиш керакки, ёш алкашнинг чиқиши алоҳида алкомаросим (ритуал)га айланиб кетди. Яъни, бу пайт­­да у ёнида ўтирган шеригининг елкасига бош қўйганча мириқиб хуррак отарди. Уйғотиб, то минбарга етказгунларича, мутасаддиларнинг «ичган ароқлари оғзига келди».
Кайфқулов ширин уйқусини бузганларга аввал яхшилаб «оналарини эслатди». Юзига озгина сув пуркаб, сал ўзига келтиришгач, маккаранг тишларини кўрсатиб илжайди. Йўл-йўлакай қоқилиб ва бир гуруҳ шишадошларига суйкалиб ўтар экан, дафъатан ёши улуғ шаробхўрларга кўзи тушиб қолиб, уларга обдон таъзим қилди. Бу билан ҳам кифояланмай, икки бети қип-қизил бир алкотанишини бағрига босиб ўпди…
Ниҳоят, қўлтиғидан олган икки улфати ёрдамида судралгудай бўлиб, минбарга етди. Етди-ю, дабдуруст­дан нима дейишни билмай, аввал бир дақиқа чайқалиб туриб қолди, икки муштини минбарга андак қийшиқроқ (аксарият мастлар каби физик қонуниятлар, хусусан, симметрияни ҳисобга олмаган ҳолда) тираб юборгани боис, уни сал қолса, ағдариб қўяй деди. Сўнгра чўнтагидан ғижим рўмолчасини олиб, оғзининг гир-атрофини спирт, нос, айниган колбаса ва пиёз бўлаклари, тупук ва сўлак аралашмасидан ҳосил бўлган ўта мураккаб заҳарли моддадан фориғ этган бўлди.
– Ке-келинглар, ду-дунёдаги б-барча меҳнаткаш… алкашларнинг соғлиғи учун ичамиз! – деди кутилмаганда бақириб ва қўйнидан шартта «яримта» ароқ чиқарди. – Олинглар, олдирманг­лар, т-тагида қолдирманглар! Хўп…
Шу тариқа ярим литр ароқни кўрдим демай, бир кўтаришда ичиб юборган ёш алкаш шаънига мақтовлар ёғилиб кетди. ­Мастона қийқириқлар, олқишу офаринлар садоси остида оператив тарзда газак учун бир дона шўр бодринг узатган ташкилотчи йигитга чин дилдан миннатдорлик билдирар экан, бодринг қолиб, кир қалпоғини бошидан олди-ю, уни бениҳоя назокат, мисли кўрилмаган муҳаббат ва эҳтиром, беқиёс ҳафсала ва зўр иштаҳа билан чуқур ҳидлади…
Мажлис якунида Майхўржон «Йилнинг энг яхши ёш ароқхўри» дея тан олиниб, тўққиз банка қўлбола мусаллас ҳамда «Биллур қадаҳ» медали билан мукофотланди.
Анжуман тугагач, «ғолиб» «МаyТV» телеканали, ­«Пиёниста» газетаси ва «mast.com» информацион портали мухбирлари саволларига жавоб қайтараётиб, келажакда бу ютуқлари билан чекланиб қолмасликка ваъда берди.

(«Ичкилик ва ҳаёт»
журналидан «ўғринча»
қисқартириб олинди).
Элмурод НИШОНОВ