Ёшлар-ку, майли, 60-70 ёшни уриб қўйган журналистлар ҳам Сайди Умировни устоз дейишарди. Энг қизиғи, Сайди ака улуғ ёшли шогирдларидан ҳам ёш кўринарди. Очиғи, бу ҳолатдан бир пайтлар ажабланганман. Кейинчалик устознинг «ёшлик эликсири» нимадан иборатлигини топгандай бўлдим. У киши ҳамиша ҳаммага самимий муносабатда бўлар, ҳаммага ҳамиша қўлидан келганча яхшилик қилар, доим кулиб, жилмайиб юрар, узоқ масофага пиёда юришни канда қилмас эди. Устознинг кулгиси ҳам ўзгача эди, яйраб, хандон отиб куларди.
юртимизда устознинг шогирди йўқ туманнинг ўзи йўқ. 50 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бўлажак журналистларга сабоқ берган, ҳар йили 50-100 нафарга яқин, баъзан ундан-да кўп талабани «учирма» қилган устоз қаерга борса, эътиборда эди, эъзозда эди.
Ижодкор халқи сал инжиқроқ, сал тортинчоқ ва яна бетга чопар бўлади, айниқса, талабаликда. Сайди ака талабаларга доим қайишиб келган. Турли сабаблар билан ўқишдан ҳайдалаётган ўнлаб талабалар устознинг ёрдами, меҳрибонлиги туфайли таҳсилни давом эттиришган. Айримлари бугун эл таниган ижодкорлар, юқори мартабали инсонлар бўлиб етишган.
Устоз футбол ва шахмат деса, ўзини «томдан ташларди». Талабалик давримизда тўп тепиш «қўлидан келадиганлар»ни йиғиб, бирга футбол ўйнарди. Пахтада ҳам аҳвол шу эди. Кечга томон пахтазорни оралаб, ҳаммага «Ҳорманглар!» деб юрар, аслида «футболчилар»ни шийпон ёнидаги қўлбола майдончада бўладиган ўйинга айтиб чиқарди: «Бир соатдан кейин кўришамиз-а, тезлаштиринглар…».
Устоз шахматни яхши ўйнарди. Жуда кўп мусобақаларда қатнашган, машҳур ижодкорлар билан беллашган. Таҳририятларга иш билан келганида ҳам шахматчиларни топиб оларди. Баъзан ўйинга берилиб кетганидан уйга эртароқ қайтиш ҳам эсидан чиқиб қоларди.
Сайди Умиров публицист сифатида беназир эди. У кишининг ёзганлари шунчаки ўқилмасди. Топиб айтарди ва топиб ёзарди. Шу ўринда бир гап: Сайди ака ёзоладиган, ёзганда ҳам сўзни сўзлатиб ёзадиган устозлардан бири эди. Афсуски, ундайлар саноқли, икки-уч нафар эди, холос.
Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Асил Рашидов каби сўзни улуғлаган улуғ инсонлар – устознинг устозлари эди.
2020 йил… Янги йил байрами арафасида байрам билан қутлаш ҳамда таҳририят совғаларини топшириш учун устоз Бойбўта Дўстқораевни йўқлаб бордим. Эшикдан киришим биланоқ келинойи огоҳлантирди: «… Сиздан Сайди Умировни албатта сўрайдилар. У кишининг вафот этгани ҳақида гапирманг… Биз айтмай, билдирмай келяпмиз…».
Хонага кирдим. Бир бурдагина бўлиб қолган Бойбўта ака билан сўрашдик, суҳбатлашдик. Гап орасида устоз «кутилган» саволни берди: «Сайди акани кўриб турасизми?.. Яхшими, илгари тез-тез келиб турарди…».
Бўғзимга нимадир тиқилди… Қийналиб, зўрға гапирадиган, хотираси сал панд бериб, баъзи кишиларни, унча-бунча нарсаларни яхши эслолмайдиган Бойбўта аканинг шу аҳволида Сайди акани сўраши – бу «нимадир» эди. Ўша «нимадир» – унутилмайдиган чин дўстлик, меҳр-оқибат эди!
Ҳа, устозлар – Сайди Умиров ва Бойбўта Дўстқораев бир-бирига боғланиб қолган, бир-бирига жигардек меҳрибон эди.
Кетар чоғим Бойбўта ака «Сайди акага салом айтинг…», деди.
Менинг кўзларим ёшланди…
* * *
Бугун кўнгиллар йиғлади…
Миллий матбуот марказида «Сайди Умиров замондошлари хотирасида» китобининг тақдимоти ҳамда «Соғинч…» деб номланган маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда кўпчилик қатнашди, кўплар сўзга чиқди. Ҳамма устознинг инсонийлиги, ибратли фазилатлари, дилкашлиги… ОЛИМ ва ОДАМлиги, ЯХШИЛИКШУНОСлиги ҳақида далил ва мисоллар келтириб, тўлқинланиб гапирди.
Очиғи, талай тадбирларни кўрганмиз, кўпи билан 10-15 нафар киши келади. Бугунги тадбирга эса, устозни соғинган камида 100 чоғли шогирди келди.
Бу – устоз Сайди Умиров яқинлари, дўстлари, шогирдларини соғинтириб, уларнинг қалбида яшаётганлиги, узоқ йиллар унутилмаслигидан дарак!
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»
