ёхуд уй бозоридаги фирибгарлар тузоғига кимлар тушмоқда?
Пойтахтимиздаги уй бозори… Деворлар, устунлар, эшикларга бетартиб ёпиштирилган ва столлар устига уйиб ташланган эълонлар…
Дарвозадан кирар-кирмас, олдингизга бўйнига афишаларни осиб олган маклерлар пешвоз чиқади: «сотиб олишгами ёки аренда?». Истагингизни баён қилар-қилмасингиздан ён-атрофингиз маклерларга тўлади. Бу ерда уй-жойларнинг нархи АҚШ долларида ҳисобланади. Ҳатто, ижара ҳақи ҳам…
– Икки хонали уйни сотиб беришнинг хизмат ҳақи қанча? – сўраймиз 60 ёшлардаги аёлдан.
– Неччи хоналигининг фарқи йўқ! Минг доллардан хизмат ҳақи оламан! – дейди у.
– Минг доллар!? Ҳозиргина кимдир 300 га, яна бири 500 деди-ю, сизда нега қиммат? Балки, хизматингиз ҳам жуда тез ва сифатли бўлса керак?
– Э, бунча кўп савол бердингиз, синглим! Сотувга қўйгач, кутасиз-да. Ҳозир қонун билан ишлайдиган одам қоптими? Уйингизни кўриб ўтиришга вақтим йўқ! Телеграмдан расм жўнатасиз, тамом! Айтганча, кадастр, паспортларни ҳам ташланг.
Аста бозор айланамиз.
– Ц-5да зўр квартира бор! Уч хонали, ремонти тоза. Кириб яшайверасиз, – ижарага уй таклиф қилади тўладан келган амаки.
– Қанча? – озғингина йигит сўрайди. – Оилам билан яшасам девдим.
– 400 доллар!
Нархни эшитган йигит хайр-хўшни насия қилиб, жўнаб қолади.
– Бундан арзонини тополмайсан, жўра! – унинг ортидан бақириб қолади маклер.
Яна атрофга назар ташлаймиз. Сўраб-суриштириб, таҳлил қиламиз. Назаримизда, сотувчиларнинг аксарияти ноқонуний риэлторлар.
Қонунга кўра, риэлторлик фаолиятини юридик ва жисмоний шахслар амалга ошириши мумкин. Кўчмас мулк бозори тобора ривожланиб, риэлторларга нисбатан ишонч ва уларнинг хизматларидан фойдаланишга бўлган интилиш тобора ортиб бораётганига қарамай, ҳамон ноқонуний воситачилик фаолияти билан шуғулланаётганлар кўпайиб бормоқда.
Энг ачинарлиси, «қора маклерлар» уй-жой олди-сотдиси ёки ижара битимлари тузишда кўрсатилган хизматлари учун маълум фоизлардаги хизмат ҳақларининг нархларини асоссиз равишда кўтаришга уринишмоқда.
– Икки йил аввал Яшнобод туманидан уй сотиб олдик, – дейди Дилрабо исмли бир аёл. – Ҳеч қанча бўлмай, «биз бу уйни сотиб олганмиз» дея ҳужжатларни кўтариб, нотаниш одамлар келиб қолди. Ҳайратланарлиси, уларда бор ҳужжатлар бизда ҳам мавжуд эди. Кейин сотиб берган маклер ва уй эгасини қидирдик. Улар ҳар иккимизга ҳам уйни сотиб, хорижга жўнаб кетган экан! Ханг-манг бўлиб қолдик. Пулларимиз ҳавога учди.
Бундай ҳолатларни кўп кузатиш мумкин. Риэлторлик ташкилотлари уюшмасининг ижрочи директори Абдумалик Алиевнинг фикрича, пойтахтимиздаги «Уй бозори»даги маклерларнинг ичида қонуний ишлайдиганлари деярли йўқ. Тўғри, астойдил хизмат қилаётган, икки томоннинг манфаати учун бирдек ҳаракат қилаётган маклерлар ҳам йўқ эмас. Аммо мўмай даромад илинжида юрган фирибгарлар кўп…
Уларга қарши курашиш эса қийин кечмоқда. Сабаби, «қора маклерлар» ҳамиша ўзларини ошкор этавермайди. Шу боис хусусий мулк олди-сотди масаласида одамлар ўз шахсий ҳужжатларини, айниқса, паспорт, уй ҳужжатларини ҳар кимга ишониб топширмаслиги зарур.
Бу фикрни нотариуслар ҳам тасдиқлашади. «Қора маклерлар» ўз ишига шунчалик пухтаки, улар тармоққа уланган ҳужжатлар жамланмаси ва бошқа ҳужжатларни ҳам баъзида ўзгартириш пайида бўлишади. Шу сабаб бу масалада олувчи ва сотувчидан, аввало, қонунни яхши билиш талаб этилади. Етарлича ҳуқуқий билимга эга инсон «қора маклерлар» тузоғига илинмайди.
Айтишингиз мумкин, ахборот технологиялари замонида кўчмас мулк бозори интернетга кўчган-ку, бозорда не бор деб? Ҳақ гап. Айни шу сабаб ҳозирда маклер хизматларига эҳтиёж камайган. Агар сиз қонунни мукаммал билсангиз, бу борада муаммо йўқ. Акс ҳолда, барибир маклерларга мурожаат қилишга мажбур бўласиз.
Ана энди ўйлаб кўринг: маклерга мурожаат қилиш керакми ёки…
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»
