20-январь воқеаларининг гувоҳи Озарбайжон халқининг қаҳрамонлиги ҳақида гапирди

626

Ҳадемай 1990 йил 20 январь куни Озарбайжоннинг Боку ва бошқа шаҳарларида содир бўлган қонли воқеаларга 31 йил тўлади. Орадан шунча йил ўтиб,  воқеа – “Қора январь” гувоҳларидан бири ушбу фожиали кечада содир бўлган мудҳиш ишларни  хотирлади.

Озарбайжон аҳолиси ҳар йили 20 январь куни Ватан мустақиллиги ва яхлитлиги учун жон фидо қилган озарбайжон ўғил-қизлари дафн этилган Шаҳидлар хиёбонига ташриф буюради. “Қора январь” воқеалари СССР парчаланиши жараёнида бурилиш нуқтаси бўлиб, Озарбайжон халқининг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги учун кураш рамзи ҳисобланади.

Арманистоннинг тажовузкор ҳаракатларига қарши норозилик билдирган омманинг кенг кўламли намойишларини бостириш учун Озарбайжон шаҳарларига Совет армияси бўлинмаларининг киритилиши, шунингдек, СССР раҳбариятининг Жанубий Кавказдаги воқеаларга нохолис муносабати фожиага сабаб бўлганди. 1990 йил 19-январдан 20-январга ўтар кечаси Озарбайжонда совет қўшинлари томонидан 147 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 744 нафар бегуноҳ фуқаро тан жароҳати олди, уларнинг кўпчилиги ногирон бўлиб қолди ва  841 киши ноқонуний ҳибсга олинди.

Профессор Адалет Таҳирзода Қора январь воқеаларининг тирик гувоҳларидан биридир. СССР парчаланиши ва Озарбайжоннинг мустақиллик учун кураши эндигина бошланган 1988-1992-йилларда Тоҳирзода ҳар куни воқеаларни қайд этиб турди ва кейинчалик шу ҳақда китоби нашр этилди.

Тоҳирзода ўша пайтда маҳаллий газеталардан бирида ишлаган. 1990 йил 20 январга ўтар кечаси у ҳамкасби билан бирга Боку кўчаларида намойишчилар қурган палаткада ҳам турган.

–Фуқаролар қўл ушлашиб, совет аскарларига қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишди. Аввалига зирҳли машина келиб, прожекторларни ёқди. Аскарлар таёқчалар билан машина ортида туриб, норозилик намойишларини тарқатишга уриниб, фуқароларни шафқатсизларча калтаклашди. Кўздан ёш оқизувчи газ ҳам ишлатишганди. Мен ўнг елкамдан кучли зарба олиб асфалтга йиқилдим. Аммо бироздан сўнг ўзимни қўлга олиб воқеалар жойидан узоқлашишга муваффақ бўлдим, – деб эслайди Тоҳирзода.

Тоҳирзода бир мунча вақт ўтгач, дўстини топиш учун воқеа жойига қайтиб келди ва кўчаларда танкларни кўрди.

–Халқ иродасига қарши тура олмаслигини англаб, тинч аҳолига қарши танклардан фойдаланилди. Аскарлар танклар билан одамлар устидан юришди, уларни тўғридан-тўғри ўққа тутишди. Биз оғир яраланган одамни кўрдик ва бошқалар билан бирга уни машиналардан бирига ўтқазиб, касалхонага жўнатдик. Аскарлар отишни давом эттирдилар, ярадорлар кўп эди. Биз олдимиздан чиққан барча ярадорларни касалхонага олиб бордик. Уларнинг баъзилари ярадорми ёки ўлганми, ҳатто аниқ эмасди, буни тартибга солишга вақт йўқ эди, – дейди профессор.

Тоҳирзода совет аскарлари томонидан отиб ўлдирилган одамлар қуролсиз бўлганини  таъкидлайди.

–Қуролсиз фуқаролар танкларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишди. Улар орқага чекинмадилар, яланг қўллари билан танкларни тўхтатишга уриндилар. Кўпчилик вафот этди. Жасадларнинг бир қисмини олиб кета олмадик, аскарлар уларни ўз машиналарида номаълум томонга олиб кетишди”, — деб аччиқ хотираларини журналистларга сўзлаб берди Адалет Таҳирзода.

Зебо Намозова тайёрлади