«Академия», «академик» сўзларининг пайдо бўлиши милоддан аввалги 427-347 йилларда яшаган файласуф Афлотун номи билан боғлиқ. У Афинага яқин Академ деган жойдаги боғида шогирдларига сабоқ берган, фозиллар билан илмий мунозаралар уюштирган. Бу мажлисларда дунёнинг иккинчи файласуфи, милоддан аввалги 388-322 йилларда яшаган Арасту ҳам қатнашган. Шундан кейин «академия» сўзи истеъмолга кирган, файласуфларни, алломаларни академик деб шарафлаш урфга айланган. Ушбу атама ҳозир айрим мамлакатларда юксак ва нуфузли илмий унвон сифатида қўлланилади.
Дунё илм-фани аҳли орасида Бағдод Маъмун академияси машҳур. Унга Ҳорун ар-Рашид (763 ёки 766-809) халифалиги даврида асос солинган. Маъмун (786-833) халифалиги даврида эса бу маскан учун қўшимча бинолар қурилган. Академия қизғин фаолият кўрсатгани учун Байт ул-ҳикмат номи билан машҳур бўлган. Ўша қутлуғ даргоҳда бизнинг заминимиздан борган кўплаб илм аҳли ҳам таҳсил олган, тадқиқотлар ўтказган. Фахрланишга арзигулик жойи шуки, бу даргоҳда Мусо ал-Хоразмий (783-850), Аҳмад ал-Фарғоний (797-865) каби алломаларимиз раҳбарлик қилишган, дарс беришган. Ҳозирги тил билан айтганда, улар Бағдод Маъмун академиясининг академиклари бўлишган.
Юртимиздаги биринчи академия Хоразмда маъмунийлар ҳукмронлиги даврида (992-1017) ташкил этилган. 1004 йилга келиб, у Дорул ҳикмат ва маориф номи билан тўла шаклланган илм даргоҳига айланган. Кейинчалик Хоразм Маъмун академияси сифатида тарих саҳифаларидан жой олган. Унда Абу Наср ибн Ироқ, Абулхайр ибн Хаммор, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломалар ишлашган.
1420 йили Самарқандда Мирзо Улуғбек (1394-1449) томонидан очилган мадрасани ҳозирги кунда илм аҳли Улуғбек академияси деб атайди. Бу даргоҳда фаолият юритган Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари алломалар – академиклар жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшишган.
Умуман олганда, «академик» унвони ҳамиша юксак мақомда бўлган. Бизнинг ёшлик давримизда (ўтган асрнинг 70-80-йилларида) эса ёшлар академикларга ҳавас қилишарди. Эсимда, кўпчилик мактаб битирувчилари академик Ёлқин Тўрақулов (1916-2015)га ҳавас қилишгани боис Тошкентдаги университетнинг биология факультетига ўқишга киришган, севимли академикдан сабоқ олишган, кейинчалик айримлари етук олим, академик бўлиб етишган эди.
Ҳозирги ёшлар академикларимизни билишадими, уларга ҳавас қилишадими? Назаримда, бугун одамларнинг академикларга муносабати ўзгаргандай. Уларни илгаригидай танишмайди, тўрга таклиф этишмайди, кўчаларда йўл беришмайди.
Ушбу мақолага маълумотлар тўплаётган вақтимда анча йиллар олдин ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ёдимга тушди. У пайтлар дунёга машҳур академикларимиз – Жўра Мусаев (1928–2014) ва Алибек Рустамов (1931–2013) ҳаёт эдилар. Бир куни «Пахтакор» метро бекатида тушиб, «Алишер Навоий» бекатига ўтишга чоғландим. Олдинда Жўра Мусаев хаёл суриб кетаётган экан. Халал бермаслик учун ортидан секин одимлай бошладим. Жуссаси кичик бўлгани учун ёнидан ўтаётганлар академикни туртиб кетишар, у эса қаршисидан келаётганларга йўл берарди.
«Алишер Навоий» бекатида қаршимиздан Алибек Рустамов келаётганига кўзим тушди. Уни ҳам ёнидан ўтаётганлар туртиб ўтарди. Ниҳоят, икки академик бекатда учрашди. Саломлашгач, чеккароққа ўтиб, қизғин суҳбатга киришишди. Барибир, йўловчилар уларни туртиб ўтар, ҳеч ким давримизнинг икки машҳур академигини бирга кўрганидан ҳайратга тушмасди.
Метродан чиқиб, йўлдан ўтиш учун яшил чироқ ёнишини кутдим. Қора рангли машиналарнинг орқа ўриндиғида керилиб ўтирган ёш йигитчаларни кўриб, хаёлимга бир савол келди: «Нега жаҳон эътироф этадиган академикларимиз жамоат транспортида, кимлигини сал наридаги қўшниси ҳам билмайдиган йигитлар давлат хизмат машинасида?..».
Жўра Мусаевнинг ғўза генетикасига оид илмий ечимлари жаҳон олимлари томонидан эътироф этилган. Олим илм-фан тараққиёти ва қишлоқ хўжалиги ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ҳатто хорижда ўтказилган генетикларнинг биринчи халқаро анжуманига раислик қилиш унга топширилган. Алибек Рустамов эса етук тилшунос ва навоийшунос сифатида обрў-эътибор қозонган. У Коҳирадаги машҳур университетга дарс беришга таклиф этилган. Муддати тугаши арафасида ўқитувчи ва талабалар илтимосига кўра, сабоқларини давом эттирган. Ҳар иккала олим ёзиб қолдирган китоблар ҳозирги кунда ҳам севиб ўқиляпти ва ишончим комилки, бундан кейин ҳам ўқилади.
Нуфузли анжуманда академик Азиз Қаюмов (1926-2018) Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқарли чиқиш қилаётганди. Кутилмаганда залга «эстрада юлдузча»си кириб келди. Ёшлар минбардаги нотиқнинг сўзларига эътибор ҳам бермай, хонандани гулдурос қарсаклар билан қарши олишди. Азиз Қаюмов қарсаклар тинишини бир неча дақиқа кутиб турди… Бугунги кунда унинг илмий ишлари ва китоблари ҳам одамларнинг корига яраяпти. Эстраданинг ўша пайтдаги «юлдузи» эса хира торта-торта, аллақачон сўниб бўлган.
Биз илмни ва илм аҳлини эъзозлаган буюк халқнинг ворисларимиз! Бундай хайрли анъаналар диёримиздаги Биринчи Ренессанс даврида ҳам юксак даражага кўтарилган. Сўзимизнинг исботи сифатида араб тарихчиси Ёқуб ал-Ҳамавий (1179-1229)нинг «Муъжим ал-удабо» («Адиблар қомуси») китобидан бир лавҳа келтираман:
«Бир куни Хоразмшоҳ бир айб иш қилган (яъни, шоҳ бўлишига қарамасдан Берунийни излаб ҳужрасига борган). Улов устида туриб Абу Райҳонни ҳужрасидан чақиришга буюрган. Нима сабабдандир у бироз кечиккан. Шунда (сабри чидамаган) Хоразмшоҳ ишни бошқача йўсунда тасаввур қилиб, отининг жиловини Абу Райҳон томон бурган ва уловдан энди тушмоқчи бўлиб турганида, Абу Райҳон ҳужрадан чиққан, шоҳ тушмасидан олдинроқ етиб келиб:
– Худо ҳаққи шоҳим, бундай қилмасинлар, – деб ёлворган. Шунда Хоразмшоҳ тамсил қилиб, мана бу байтни келтирган:
– Эга бўлинадиган нарсаларнинг энг шарафлиси илмдир, барча унга келади-ю, лекин у келмайди.
Кейин Хоразмшоҳ яна деган:
– Дунёвий расмиятчилик бўлмаганда эди, мен сени чақиртирмас эдим, илм ҳар нарсадан юқори, ҳеч нарса ундан устун бўлолмайди».
Ҳа, шоҳ муҳим масалани ҳал этиш учун маслаҳатга Абу Райҳон Берунийни чақиртирган, кечиккани учун сабри чидамай, унинг ҳужрасига мулозимлари билан ўзи борган. Энди айтинг-чи, илм ва илм аҳли эъзозланган ўша даврда юртимизда Биринчи Ренессанс бўлмаслиги мумкинмиди?!.
Юртимиздаги Иккинчи Ренессансга буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур (1336-1405) тамал тошини қўйган. Соҳибқирон бобомиз илм-маърифатни ривожлантириш, илм-ҳунар аҳлига катта эътибор қаратиш билан бир қаторда, қаерга бормасинлар, фузало-ю уламолар ҳурматини жойига қўйган. Буни «Темур тузуклари»да шундай баён этган: «Қайси мамлакатни забт этган бўлсам, ўша ернинг обрў-эътиборли кишиларини азиз тутдим, саййидлари, уламолари, фузало ва машойихига таъзим бажо келтирдим ва ҳурматладим, уларга суюрғол, вазифалар бериб, маошларини белгиладим».
Буюк бобокалонимизнинг эзгу ишларини Темурий шаҳзодалар давом эттиришди. Натижада Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдай дунёга машҳур алломалар етишиб чиқди. Уларнинг ўзлари ва шогирдлари Иккинчи Ренессанс довруғини дунёга достон қилдилар.
Тарихдан аёнки, сабабларга кўра, юртимиздаги эзгуликка йўғрилган муҳитга дарз кетди. Айниқса, XIX-XX асрларда 130 йилдан ортиқ давом этган мустамлакачилик даври оғир асоратлар қолдирди. Чунки мустабиднинг ўзида аҳвол яхши эмасди. Таниқли рус ёзувчиси Антон Чеховнинг 1886 йилда эълон қилинган «Биринчи класс пассажири» ҳикоясида мамлакатдаги илм ва илм аҳлига эътибор бир купеда кетаётган зиёлининг йўлдошига айтган гапларида очиқ-ойдин ифодаланган:
«…Шу дамгача мен Россияда йигирмага яқин ҳашаматли кўприк солдим, учта катта шаҳарда водопровод қурдим. Россияда, Англияда, Бельгияда ишладим… Болалик чоғимдан химияга қизиқишим зўр бўлган, бўш вақтларимда шу фан бўйича кўп шуғулланганман ва баъзи бир органик кислоталарни топиш йўлларини кашф этганман, чет элдаги ҳамма химия дарсликларида менинг номимни кўришингиз мумкин. Мана, қаридим, ёшимни яшаб, ошимни ошадим… Лекин номим чиқмади.
Купега жимлик чўкди, у сўзини ғамгин давом эттирди:
– Энди ўйлаб кўрсам, шуҳрат қозониш йўлларини билмаган эканман.
– Йўллари қанақа экан? – сўради йўлдоши.
– Билмасам бу дардисарни! …Мен билан ёнма-ён ўсган ва тезда ном чиқарган баъзи одамларни биламан, кўпчилиги менга қараганда қуп-қуруқ нодон, ақли калта ва ҳатто ярамас кишилар эди. Булар мен қилган ишнинг мингдан бирини ҳам қила олмас, менга ўхшаб жон койитмас, умуман, талантсиз махлуқлар эди, холос. Мана, энди қаранг, уларнинг фамилияси газета саҳифаларидан тушмайди, суҳбатларда доимо тилга олинади…
– Қаёқдан биласиз? Эҳтимол, сизни ҳамма танир.
– Шундайми? Ҳозир синаб кўрамиз. Айтинг-чи, сиз бирон жойда Крикунов деган фамилияни эшитганмисиз?
– Йўқ, эшитганим йўқ, – деди йўлдоши бироз ўйлаб.
– Кўрдингизми? Бу менинг фамилиям. Сиз интеллигент, анча ёшга борган одамсиз, лекин менинг фамилиямни мутлақо эшитмагансиз. Бу нарса ҳалиги гапларимни тасдиқловчи катта далил.
Бироз жимликдан кейин Крикунов баландроқ овозда сўзини давом эттирди:
– Мана аҳвол! – деди ғазабланиб. – Ажойиб одамлар бу ёқда қолиб, арзимаган ашулачилар, акробат ва масхарабозларнинг номи чиқади, уларни чақалоқдан сўрасангиз ҳам айтиб беради. Аҳвол мана шу!
Уч минут чамаси жимлик давом этди.
– Рухсат этсангиз, мен ҳам сизга бир савол берсам, – деди йўлдоши тортинибгина. – Пушков деган фамилияни эшитганмисиз?
– Пушков?.. Ҳм, Пушков дедингизми? Йўқ, эшитмаганман.
– Бу менинг фамилиям, – деди йўлдоши қизариб. – Демак, эшитмаганман денг!.. Мен ўттиз беш йилдан бери рус университетларидан бирида профессорлик қиламан… Фанлар академияси аъзосиман. Нашр этилган кўп китобларим бор.
Биринчи класс пассажири ва йўлдоши бир-бирига тикилиб қарадилар, хахолаб кула бошладилар» (А.Чехов. Танланган асарлар.1-жилд. Т.: Ўздавадабийнашр, 1957. 198–205-бетлар).
ХХ аср бошларида жадидлар юртимизда илм-маърифатни яна жонлантириш учун ғайрат билан ишга киришдилар. Айни мақсадда янги мактаблар очишди, замонавий дарсликлар ёзишди, зарур адабиётларни таржима қилишди, газета-журналлар чоп этиб, халқимизга илм-маърифат, зиё тарқатишга уринишди. Бироқ уларнинг эзгу ишларига мустабид тузум малайлари жиддий қаршилик кўрсатишди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида жадидлар Сибирга сургун қилинди ёки отилди. Аслида, етакчи жадидларимиз ўз замонасининг академиклари бўлган эди десак, янглишмаймиз.
Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистларга қарши курашишда ҳар бир халқ ўз миллий ғурурини англаши муҳим аҳамиятга эга эди. Шу боис ҳар бир юртнинг буюк аждодлари эсга олинди, асоссиз равишда четга сурилган намояндалар ҳақида ёзилди, ҳамма республикаларда илм-маърифат даргоҳлари очилди. Жумладан, 1943 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилди. Унга академик Қори-Ниёзий биринчи президент этиб сайланди.
Қори-Ниёзий Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ишлаб юрган вақтида фанни яхши ўзлаштирмаган талабаларнинг барчасига имтиҳонда қониқарсиз баҳо қўяди. Ректор уни чақириб: «Домла, талабаларга қониқарли баҳо қўймасангиз, стипендиядан қолиб кетади», дейди. Қори-Ниёзий дарҳол жавоб қайтаради: «Кейинги семестр давомида фанни ўзлаштиришса, баҳо қўяман. Ҳозирча барчасининг стипендиясини ўз ҳисобимдан тўлаб тураман». Талабалар фанни ўзлаштириб, баҳо олишади. Муҳими, уларнинг орасидан кейинчалик етук олимлар ва давлат арбоблари етишиб чиқади. Зеро, Қори-Ниёзий узоқни кўра оладиган, бағрикенг академиклардан бири эди.
Ўзбекистон ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган етакчи олим (кейинчалик академик) Ҳабиб Абдуллаев 1945 йилда 50 нафар ёш олим ва тадқиқотчини Москвадаги энг етакчи илм масканлари докторантурасига юборишга бош-қош бўлган. Улар кейинчалик юртимиз илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшишди, академик мақомига эришишди.
Албатта, академиямиз тарихида нурли лаҳзалар кўп бўлган. Лекин мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 29 декабрда «Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари фаолиятини ташкиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонни имзолагани, эртаси куни илм-фан намояндалари билан учрашгани соҳада янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Шундан кейин қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар академия тизимидаги илмий текшириш институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, олимларни рағбатлантиришга қаратилди.
Бугунги кунда юртимизда Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратишга олимларимиз нечоғли ҳисса қўшмоқдалар? Биз уларга етарли даражада ҳурмат кўрсатяпмизми? Айтайлик, олим ёки академигимиз илмий кашфиёт яратса, уни рағбатлантиришга тайёрмизми? Спортчилар олимпиадада ғолибликни қўлга киритсалар, унвон, мукофот ва машина беришга шошиламиз. Чунки уларни шу тариқа рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асоси бор. Лекин кашфиёт яратган олим-академикни рағбатлантириш учун низом борми? Агар бор бўлса, уни кучайтириш керак. Негаки, олимпиадада совриндор бўлиш учун 5-10 йил кифоя қилади. Ғолиб олган медаль қиммати кейинги олимпиадагача сақланиб қолади. Олим-академик илмий кашфиёт яратиш учун эса баъзан 30-40 йиллаб вақт сарфлайди ва бу кашфиёт халқимизга, бутун инсониятга абадий хизмат қилади. Бинобарин, кашфиёт – ноёб воқеа!
Яна мозийга назар ташлайлик. Беруний илмий мактабида қанча олимлар вояга етди? Мирзо Улуғбек илмий мактабида қанча олимлар фаолият кўрсатди? Шукурки, юртимиз академиклари ўз илмий мактабларини яратишган. Ўзимизга замондош Ёлқин Тўрақулов илмий мактабидан ҳам анча олим ва академиклар етишиб чиқди. Бошқа академикларимиз илмий мактабларининг шуҳрати ҳам оламга таралган. Айтмоқчимизки, ҳозир академикларнинг илмий мактаблари фаолият кўрсатиши учун етарли шароит яратилганми, уларда янги авлод олимлари салоҳиятини оширишяптими? Мавжуд илмий мактабларни ривожлантириш долзарб вазифалардан бири эмасми? Шунингдек, янги академикларимизнинг илмий мактабларини қўллаб-қувватлашни ўйлайдиган фурсат келмадими?..
Юртимиз истиқболи муҳтарам академикларимиз ва уларнинг шогирдлари таклиф этган илмий ечимлар, кашфиётларга бевосита боғлиқ. Шукурки, академик ва олимларимиз ўз илм-фан соҳаларида ҳамон яловбардор бўлиб, Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйишмоқда ва эзгу ниятлар ижобати учун бор куч ва салоҳиятларини сафарбар этишмоқда. Баралла айта оламизки, улар жуда кўплаб эзгу ишларни бажаришга қодир. Демак, биз академикларимизни қанча кўп эъзозласак, истиқбол йўлларида шунча тез одимлаймиз, эзгу ниятларимиз шунча тез рўёбга чиқади.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист
