Келинининг қотилига айланган қайнота

1058

Чекка маҳаллада яшовчи олтмиш ёшли Тоштемир Эсонов (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ичкиликбозликка кўпдан буён ружу қўйганди. Устига-устак, ҳар сафар кайфи ошгач, дуч келган одам билан жанжаллашадиган одат чиқарганди. Табиийки, унинг хурмача қилиқларидан оила аъзолари ва қариндошлари, қўни-қўшнилари ҳам зада бўлишганди. Айниқса, келини Гулнора руҳан кўп ва хўп эзилиб, асаблари ниҳоятда чарчаган эди. Шу боис доимий иш тополмай мардикорлик билан шуғулланиб юрган эри уйда бўлмаган пайтларда қайнотаси ва қайнонаси билан тез-тез ади-бадига борадиган, гоҳида тенгма-тенг айтишадиган бўлиб қолганди. Бундай ғавғолар охир-оқибат фожиали якун топди.

Ўша куни эрталаб Тоштемир Эсонов уйининг ёнида жойлашган дўкондан икки шиша ароқ сотиб олди. Уни кўчада уч-тўрт нафар улфати билан бирга баҳам кўриб, ҳангомалашди. Чошгоҳга яқин сархуш ҳолда ҳовлисига кириб, бироз дам олиш ниятида ётоқхонаси сари йўл олди. Аммо кўзи уйқуга илинар-илинмас, қулоғига чалинган қаттиқ шовқин-сурондан ҳушёр тортди. Ташқарига чиқиб қараса, турмуш ўртоғи билан келини жанжаллашаётган экан.
У эндигина ҳаммасига қўл силтаб, хонасига қайтиб кирмоқчи бўлган пайтда Гулнора қўлидаги шланг билан тўсатдан қайнонасининг бошига тушириб қолди. Тоштемир ака келинининг бу қилиғига чидай олмади. Унинг олдига бориб «Ҳой, бунақада қайнонанг бечорани ўлдириб қўясан-ку!», деб танбеҳ берди. Гулнора эса унинг гапига қулоқ тутиш ўрнига ­«Э-э, бор-е, сен ҳам эркакмисан! Яхшиси, аёлларнинг ишига аралашма, акс ҳолда, «фалон» қилиб юбораман», деб тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақоратлай кетди. Бу гапдан ниҳоятда ғазаб­ланган Тоштемир ака «Ҳали шунақами, сен бизни урадиган ва юзимизга сапчийдиган бўлдингми?», деди-ю қўлига ошхона пичоғини олди. Сўнгра уни зарб билан аввал Гулноранинг кўкрагига, кейин чап билагининг пастки қисмига санчди. Гулнора қўққисдан урилган зарбадан ва вужудини эгаллаган қаттиқ оғриқдан оҳ чекиб, ерга қулади. Ўткир тиғ кўкрак бўшлиғи орқали юрак халтасини ва юрак чап қоринчаси деворини тешиб ўтгани туфайли кўп қон йўқотиб, ҳаётдан кўз юмди.
Бу хулосани кейинчалик ўтказилган суд-тиббий экспертиза ҳам тасдиқлади. Шунга кўра, Тоштемир Эсоновга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилди. Судда унинг қасддан одам ўлдиргани ҳар томонлама тасдиқланди. Шунга кўра, ўн йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.
Шубҳасиз, жиноятга жазо муқаррар! Ҳар ким қилмишига яраша ажрини олиши шарт! Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бироқ бу билан умри бевақт хазон бўлган ёшгина аёлни ҳаётга қайтариб бўлмайди. Унинг чирқираб қолган болаларига энди ҳеч ким ҳақиқий она меҳрини бера олмайди. Модомики, шундай экан, мудҳиш ҳодисанинг олдини олиш мумкин эмасмиди?
Албатта, мумкин эди. Бунинг учун, аввало, ёши бир жойга бориб қолган ­Тоштемир Эсонов охиратни ўйлаши, ичкиликбозликка берилмаслиги, уйини ғурбатхонага айлантириб, ўзининг ва оила аъзоларининг обрў-эътиборини эл-юрт олдида бир пул қилмаслиги лозим эди. Келини билан жанжал пайтида эса босиқлик ва ақл билан иш тутиши, зинҳор-базинҳор совуқ қурол ишлатмаслиги керак эди.
Иккинчидан, Гулнора ҳам тил қиличдан ўткирлигини, гина адоватнинг шериги эканлигини ёдда тутиши, ёши улуғ қайнота-қайнонасига нисбатан кек сақламаслиги, «сан-ман»га бормаслиги, уларга қўл кўтаришдан ва қарғаб-ҳақоратлашдан тийилиши зарур эди. Ана шунда суяксиз тил ёш бошига бало келтирмаган, ҳаётдан эрта кўз юммаган бўларди.
Учинчидан, қўни-қўшнилар ва қариндош-уруғлар, айниқса, маҳалла фаоллари ва нуроний отахону онахонлар бу ­оилада тобора авж олаётган можароларга бефарқ бўлмаслиги, имкон қадар уларни муросага келтириш чораларини кўришлари жоиз эди. Тўғри, Гулнора ўлимидан етти ойча олдин қайнотаси ва қайнонаси ўзига тинчлик бермаётгани ҳақида шикоят қилганида, маҳалла оқсоқоли ва ўринбосари ўша хонадонга боришган. Оилавий вазият билан танишиб, томонларни яраштириб қўйишган. Бироқ келин ёзма равишда мурожаат этмагани ва қайта арз қилмагани сабабли уларни нотинч оилалар рўйхатига киритишмаган. Тоштемир Эсонов доимий равишда ароқ ичиб юришини билсалар-да, уни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилишмаган.
Ана, оқибатини кўриб турибсиз: ёшгина жувон фожиали равишда вафот этди, фарзандлари она меҳридан бир умрга мосуво бўлишди, кекса ёшли отахон эса қолган умрини оила аъзолари даврасида роҳат-фароғатда эмас, қамоқхонада минг бир азоб билан ўтказадиган бўлди. Сирасини айтганда, бутун бошли оила барбод бўлди. Бунга ўхшаш нохуш воқеалар баъзи маҳаллаларда ҳуқуқий ва маданий-маърифий тадбирлар рисоладагидек йўлга қўйилмаганидан, оилалар тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишлар амалда эмас, фақат қоғозда бажарилаётганидан далолат беради. Мутасаддилар бундан ўзлари учун тегишли хулоса чиқариб олишлари шарт!

Ашурали ТОШЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Чироқчи тумани суди раиси