Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби Зойиржон Йўлдошев ҳамроҳлигида Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар колониясида бўлиб, у ерда жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларнинг ҳаёти, ўй-фикрлари ва келгуси орзу-умидлари билан танишдик. Зеро, қуйида билиб-билмай жиноятга қўл урган, эндиликда қаттиқ афсус-надомат билан яшаётган маҳкумалардан айримлари билан суҳбатларимизни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.
Наманганлик 43 ёшли Муяссар опанинг пешонасига изтиробли кунларни кўриш ёзилган экан. Мана, 3 йилдан ошибдики, у қамоқхонада. Ҳолбуки, бу аёлнинг гулдек оиласи, беш нафар фарзанди, қолаверса, гинеколог, доя деган ҳавас қилгулик касби бор эди. Аввалига у оиласи ва фарзандлари ташвиши билан андармон бўлиб, бинойидек ишлаб юрганди. Аммо болалари улғайиб, муаммолари кўпайгач, турмуш машаққатларига дош беролмадими ёки мижозлари таклиф қилган пулларга учдими, ишқилиб, боши берк кўчага кириб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди.
– Бир куни хонамга вояга етмаган қизини етаклаб, нотаниш аёл кириб келди, – дея хотирлайди Муяссар опа. – У кўз ёшларини тўкиб, дардини айтди. Қизи бир йигит билан севишиб юриб, ҳомиладор бўлиб қолибди. Аммо йигити уни ташлаб кетибди. Хуллас, аёл қизини ҳомиласидан халос этсам, яхшигина пул беришини айтди. Илгари бундай ишга қўл урмаганим боис виждоним қийналди, аммо нафсим устунлик қилиб, ножўя таклифга кўндим. Қизнинг ташвишини аритдим. Лекин ўшанда охири пушаймон билан тугайдиган нотўғри йўлга қадам қўйганимни билмагандим.
Дарҳақиқат, шундан сўнг Муяссар опанинг нафси янада ҳакалак отди. Никоҳсиз, турмушга чиқмаган беномус ёки йўлдан адашган кўплаб қизларни ҳам туғдирди, ҳам аборт қилди. Бундай ишларнинг устаси бўлиб кетганидан, ҳатто доимий мижозлар ҳам орттирди. Натижада топиш-тутиши яхшиланди. Турмуш ўртоғи иккиси не-не орзу-ҳаваслар билан қурган уйни чиройли қилиб таъмирлади.
Афсус, «Кўза кунда эмас, кунида синади», деганлари рост экан. У сўнгги бор никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолган қизни туғдирди. Аммо қиз туғуруқхонадан чиққач, боласини сотаётганида қўлга тушиб қолди. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ишни чуқур ўрганиши жараёнида Муяссар опанинг сирлари ҳам фош бўлди ва у жиноий жавобгарликка тортилиб, 4 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ҳозирга қадар у белгиланган жазо муддатининг тўртдан уч қисмини ўтади. Худо хоҳласа, ҳадемай озодликка чиқади. Аммо оилавий ҳаёти аллақачон барбод бўлган. Жумладан, турмуш ўртоғи бошқа аёлга уйланган. Аввалига ундан хафа бўлди, сиқилди. Аммо нимаям қила оларди? Беш нафар фарзандини боқиб, катта қилгани ва қилаётгани учун уни кечирди. Икки йилча бурун тўнғич қизининг тўйи бўлди. Афсус, ўша куни бошқа оналар каби қизининг пешонасидан ўпиб, келин бўлиб борадиган уйига кузата олмади, олисда ва пушаймонлик гирдобида йиғлаб-сиқтаб, Худодан унга бахт сўрай олди, холос…
Қилмишидан қаттиқ афсусланган Муяссар опа эндиликда ҳар куни намоз ўқишни канда қилмайди. Дуоларида фарзандларига соғлиқ-омонлик тилайди. Эндигина бир ёшга тўлган, ҳали бирор марта ҳам кўрмаган набираси Комронжон соғлом улғайишини, ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишини истайди.
– Одатда, эрталаб соат олтида турамиз, – дейди самарқандлик маҳкума Муножот Раҳимова. – Ҳозир қиш кунлари бўлгани учун шу пайтда уйғониб, бомдод намозини ўқишга улгураман. Ёзда эса эртароқ туришга тўғри келади. Энг муҳими, тоат-ибодатларимизни вақтида адо этишимиз учун бизга ҳеч ким қаршилик қилмайди. Тахминан олтмиш нафар аёл ичида икки-уч киши намоз ўқиймиз. Кундузи белгиланган юмушлар билан шуғулланамиз. Намоз вақти бўлганда, махсус хонага кириб, ўқиб чиқаман. Сирасини айтганда, колонияда диний эътиқод учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Хоҳ мусулмон, хоҳ насроний бўлсин, ибодат амалларини жорий тартиб-қоидаларни бузмаган ва бошқаларга халақит бермаган ҳолда, бемалол амалга ошириши мумкин.
Муножот опанинг икки нафар фарзанди бор. 14 ёшли ўғли Дониёр соғлом. 10 ёшли қизи Нозима эса туғма юрак пороги билан туғилган. У анча йиллардан буён шу фарзандини Ҳиндистонга олиб бориб даволатиш илинжида юрарди. Бироқ олти йил муқаддам турмуш ўртоғи қорадори билан қўлга тушиб, 13 йилга қамалди. 2021 йил май ойида эса ҳовлисидан ерга кўмилган 28 грамм наша топилди. Шунга кўра, суд уни ҳам тақиқланган гиёҳвандлик моддаларини уйида сақлашда айбдор деб топди. Ўшандан буён бу аёл жазони ўташ колониясида, фарзандлари эса яқин қариндошлари қарамоғида.
– Доимий иш жойим йўқлиги туфайли онда-сонда мардикорликка чиқардим, – деб ҳикоя қилади у. – Лекин топган-тутганим рўзғоримдан ортмас, касал қизимни даволатишга етмасди. Шу боис турмуш ўртоғимдан қолган қорадорини сотиб, пул қилиш ниятида асраб келаётгандим. Лекин бу ишнинг уддасидан чиқа олмадим. Мана, энди қора қилмишимдан афсус чекиб, жазо муддатини ўтаяпман. Ҳа, айтганча, бу ерга келгач, дастлаб 14 кун мобайнида мослашув марказида касб-ҳунар ўргандик. Мен чеварликни танладим. Мутахассислар кўмагида тикув машинасида ишлашни ва бичиш-тикишни ўргандим. Ҳозир ҳарбий либослар тикаман. Ойига 700-720 минг сўм маош олиб, асосий қисмини фарзандларимга қараётган қариндошимга юбораман. Бу ерда ҳамма шароит бор: иссиқ ётоқхона, иссиқ таомлар ва иш. Бирор тансиқ нарса егимиз келса ёки магазиндан бирор нарса олмоқчи бўлсак, назоратчи қизларга айтамиз. Улар ички тартибга асосан буюртма беришади. Буниси-ку, яхши, аммо яқинларимни ва фарзандларимни ҳар соғинганимда қаттиқ изтиробга тушаман. Озодликка чиқсам, қотган нон билан сув ичиб ўтирсам ҳам майли, лекин зинҳор-базинҳор ножўя ишларга қўл урмайман. Муҳими, дилбандларим даврасида бўлсам, тинчгина ишласам, дейман. Ёшларни эса, кўрган-кечирганларимдан келиб чиқиб, ҳар қанча оғир шароитда яшаса ҳам, қонуний йўл билан пул топишга даъват этаман.
Навбатдаги суҳбатдошимиз 51 ёшли Марина Кисилёва бўлди. У Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида туғилиб-ўсган. Ўша ерда техникумни тугатиб, 20 йил гидротехник сифатида ишлаган. 2002 йили Россия фуқаросига турмушга чиқиб, Тюмень вилоятига кўчиб кетган. 2015 йилда Янгиерда ёлғиз ўзи яшаётган онасини кўргани келганида дўстлари билан улфатчилик қилиб, маст бўлади. Меҳмонлар кетгач, онаси билан қаттиқ жанжаллашиб қолиб, мудҳиш жиноятга қўл уради. Ана, оқибати: қарийб етти йилдирки, қамоқхонада қабиҳ қилмиши азобларини тортиб яшамоқда.
– Ўша машъум кечада нафақат онамни, балки ҳаётимни, оилам ва фарзандларимни ҳам йўқотдим. Энди фақат Яратган билан сўзлашаман, – дейди у доимо бўйнига осиб юрадиган туморини қўлига олиб. – Мен Худодан тавбаларимни қабул қилишини, гуноҳларимни енгиллатишини ўтиниб сўрайман.
Марина турмуш ўртоғи ҳамда бири 29, иккинчиси 13 ёшли фарзандлари ҳақида умидли гап айта олмади. Чунки яқинлари уни қидириб, Тошкентга келишига ишонмайди. Фақат олти йилдан сўнг озодликка чиқишига ва эркинликда яхши ҳаёт кечиришига ишонади.
Ишқилиб, ҳеч бир инсон келажакка ишончини йўқотмасин!
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
