Минг дардга даво эмиш

5767

… ёхуд ҳар ялтираган нарса олтин эмас

Саҳар чоғи эшик тақиллади. Чиқсам, қўшним…
– Бугун, вақтингиз бўлса, соат ўнда шу манзилга ўтинг, сизга фойдаси тегадиган таклиф бор, – деди қўлимга бир парча қоғозни тутқазиб. Сўнг шошиб ортига қайтди.

Минг бир хаёлда қоғозда ёзилган манзилга бордим. Қўшним ҳам шу ерда экан. Кексароқ аёл иккимизни ўн нафарга яқин одам бор хонага олиб кирди. Ҳамма жойлашгач, бояги опа маъруза ўқий бошлади. Умумий, насиҳатомуз ва баландпарвоз ­гаплар охир-оқибат қандайдир оламшумул дори воситасига бориб тақалди.
Очиғи, бу ерга келгунча ­хаёлан минг бир кўчага кириб чиққан, назаримда, ишларим юришиб кетиб, бирим икки бўладигандек туюлганди. Шу боис меҳрибон қўшним борлигидан хурсанд бўлгандим. Ҳозир эса…
Секин ўрнимдан турдим-да, ташқарига йўналдим. Ортимдан қўшним югуриб чиқди. Унга бундай нарсаларга ишонмаслигимни айтдим. У эса ­куйиб-пишиб, ўзи ҳам ўша дорини истеъмол қилаётганини, соғлиғи тиклана бошлаганини таъкидларди. Сўнгра агар одамлар эътиборини жалб қилиш мақсадида бу ерда тез-тез ўтказиладиган тренингларга ҳар сафар янги-янги одамларни олиб келиб, мижозлар сонини кўпайтирса, ушбу ташкилот раҳбарияти олти ойдан сўнг унга машина совға қилиши ва бепул саёҳатга йўлланма бериши мумкинлигини ҳаяжон аралаш тушунтирди.
У гапини тугатгач, мен «Майли, унда сиз билан олти ойдан сўнг гаплашамиз», дедиму хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, ортимга қайтдим…
Бу бундан бир неча йил олдин бўлган воқеа. Аммо ­сўнгги пайтда ойнаи жаҳон орқали дори воситалари, айниқса, «Alhadaya» ҳақида тинимсиз берилаётган рекламаларни кўрсам, ўша воқеа ёдимга тушаверади.
Шахсий фикр билдириш ҳуқуқидан фойдаланган ҳамда бировнинг маҳсулотини ерга урмаган ҳолда шуни айтишим мумкинки, ҳозир битта дори минг бир дардга даво бўлишига ишониш қийин. Бу, таъбир жоиз бўлса, булутсиз осмондан ёмғир кутишдек гап. Гапимга ишонмасангиз, келинг, зўр бериб мақталаётган ўша «дори» нималарга қодирлиги билан танишиб чиқайлик.
«Alhadaya»га қарашли сайт­­да эълон қилинган маълумотларга кўра, асосан қора седана уруғидан тайёрланган бу восита эмизикли аёллар сутини кўпайтиришда, юрак хасталик­ларида, ич қотиши (қабзият)да сурги дори сифатида қўлланилади. Бавосил (геморрой)ни даволаш учун 1 грамм уруғ кунига уч марта ичилади ёхуд вазелин ёки мол ёғи билан қориштирилиб, малҳам дорига айлантирилган ҳолда кунига икки марта оғриган жойга суртилади.
Седана аёлларнинг турли хасталикларини даволашда ва пешоб ҳайдашда наф беради. Жумладан, танада совуқлик ортиб кетган бўлса, уни қиздириш хусусиятига эга. У ўпка шамоллаганда, сариқ касалида, бронхит, диққинафасликка, кўнгил айнишига қарши қўлланилади. Бу хасталикларни даволашда седана уруғи пиширилган ёки сув, асал билан аралаштирилган ҳолда ичилади. Узум сиркаси қўшилган седана бўғим оғриқларини йўқотишда ижобий самара беради.
Седана ейилса, совуқ мизожли йўтални ва йирингли қайт қилишни тўхтатади, кўкрак қафасининг ички аъзоларига, юракнинг беҳузур бўлишига, талоқ хасталикларига ва бодли қулунж (колит)га шифо бўлади.
Ана, кўрдингизми, битта дори воситаси шунча дардга даво эмиш! Бу гапга ким ишонади? Шахсан мен ишонмайман! Агар «Alhadaya» юқорида санаб ўтилган хасталикларнинг барчасини бирдек бартараф этса, ­бошқа дори-дармонлар бекорга ишлаб чиқарилаётган экан-да?..
Энг ачинарлиси, охирги пайт­ларда айрим шифобахш гиёҳлару тиббий дориларнинг ёлғон аралаш рекламасига ишониб, уларни истеъмол қилаётганларнинг биронтаси дарддан фориғ бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бу ёлғон даъватлар замирида кимларнингдир моддий манфаати ётибди холос…
Дарвоқе, ўшанда қўшним бир йил ўша дорини истеъмол қилиб юрди. Яна денг, машинага ва йўлланмага эришиш илинжида ўзига ўхшаган кўплаб лақмаларни «тренинг­лар»га етаклаб борди. Бироқ, соғлиғида заррача ижобий ўзгариш сезилмади. Ваъда қилинган машинаю йўлланма ҳам ёлғон ваъда бўлиб чиқди. Шунданми, ҳозир мени кўрса, хижолатдан ўзини қўярга жой тополмай қолади.
Шундай экан, содда бўлманг. Зотан, ҳар ялтираган нарса олтин бўлавермайди…

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»