«ОРАНЖЕВЫЙ»МИ Ё НОРАНЖИЙ?

2620

Русча «оранжевый» сўзини ўзбекчада баъзан «апельсин ранг» ҳам ­дейишмоқда. Маълумки, русча «апельсин» кўпгина оврўпо тилларида «orange» («оранж») дейилади ва, айни пайтда, «orange» сўзи ранг­­ни ҳам билдиради. Рус тилида ҳам рангга нисбатан «апельсиновый цвет» эмас, «оранжевый» дейилади.

«Апельсин» – «хитой олмаси» деган маънога эга герман тилларидаги: «appelsien», «sinaasappel», «apfelsine» шаклларидан рус тилига ўтган бўлиб, илк бор бу мева Европага Хитойдан келтирилгани учун шундай аталган.
Ўз навбатида «orange» ҳам санскритча «апельсин дарахти» маъносидаги «naranga» («наранга») сўзига бориб тақалади, бу сўзнинг форсча шакли «норанг» бўлган, кейинчалик бу сўз араб тилига (араб тилида «г» товуши бўлмагани боис) «норанж» шаклида ўтган ва Андалусия орқали араб тилидан Европага «orange» шаклида кириб борган.
Бу фикрни Бобур ҳам «Бобурнома»да тасдиқлайди: «Менинг хотиримға доим кечар эдиким, «норанж» лафзи муарраб монанддур, ўшандоқ-ўқ экандур. Бажавр ва Савад эли норанжни тамом «нораанг» дейдурлар». Маъноси: «Мен доим «норанж» сўзи араблашган (муарраб), яъни араб тилига мослаштирилганга ўхшайди, деб ўйлардим ва шундай бўлиб чиқди. Бажавр ва Савад эли бутунлай «норанж»­­ни – «нораанг» дейишади».
Норанж рангини эса Бобур – «норанжий» деб атайди: «Яна чанбирийдур норанж мушобиҳидур. Андоми норанждектур, вале ранги сариқдур, норанжий эмас…», яъни чанбирий деган норанжга ўхшаш мева ҳам бор экан. Аммо кўриниши норанждек бўлса-да, ранги норанжий эмас, балки сариқ экан.
Русча «оранжевый» ҳозир ҳам форс, тожик ва озарбайжон тилларида «норанжий» дейилади. Туркчада эса – «турунжий». «Яна бир норанж мушобиҳи мева турунждур», – яъни «яна бир норанжга ўхшаш мева турунждир», – деб ёзади Бобур. Турунж – бу кўпгина Европа тилларида «помело» деб аталадиган мева. Аммо Бобурга кўра: «турунж ранги норанж рангидин сариқроқтур».
Ўзбек тилида «норанжий» маъносида «тўқ сариқ», «зарғалдоқ ранг» сўзлари ҳам ишлатилади. Демак, русча «оранжевый» муқобилида тилимизда уч сўз: тўқ сариқ, зарғалдоқ ранг ва норанжий бор экан. Бу эса тилимиз бой эканини кўрсатади.

Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди