ЕТАКЧИ ЁНДАФТАРИДАГИ ЁЗУВЛАР

1851

Ибрат даражасидаги бошланғич ташкилот қандай намуна кўрсатяпти?

Янгибозор туманидаги 29-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитасига 2019 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан «Ибрат намунаси даражасидаги таянч бошланғич касаба уюшма ташкилоти» мақоми берилган.
Албатта, бошланғич касаба уюшма қўмитаси ушбу эътирофга самарали фаолияти эвазига эришган. Аммо бу ўзига хос масъулият ҳам бўлиб, ўз-ўзидан бугун ушбу бошланғич ташкилот бугун ҳам қандай ибрат кўрсатяпти, деган савол туғилади.

Мазкур мактаб бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳодат Шарипова ҳар тонг ишга ошиқар экан, шуурида дарс машғулотлари билан бирга ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш борасида қилиниши керак бўлган ишлар ҳақидаги ўй-хаёллар билан юради.
Бугун ҳам Шаҳодат баланд кайфият билан ишга киришди. Шу орада қўл телефони жиринглади. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгибозор тумани кенгаши раиси Соатбой ака экан.
– Шаҳодат опа, ёш касабақўмлар билан тажрибаларингизни ўртоқлашсангиз, улар ҳам сиз каби ютуқларга эришиб юришсин дейман-да.
– Бажонидил, – дея гўшакни қўяр экан касабақўм ўз ­фаолиятини тафтиш қилишга киришди.
Биринчи навбатда, жамоа шартномасининг аҳамиятини тушунтириши керак. Мактабда 2019 йилда жамоа шартномаси шартларини бажаришга 48 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, ҳар бир ходимга 1 миллион 120 минг сўмдан тўғри келган эди. 2020 йилда пандемия шароитида ходимларни қўллаб-қувватлаш чоралари янада кучайтирилди. Шартномада янги шартлар акс этди. 2021 йил якунлари таҳлили ҳар бир ходимга сарфланган маблағ 2 миллион 316 минг сўмдан тўғри келганини кўрсатди. Бу шубҳасиз, жамоада иш берувчи билан ҳамкорликда ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган тадбирлар натижасидир.
«Ёш касабақўмларга иш берувчилар билан бамаслаҳат иш кўришни, шартномаларни имзолашда муассаса шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда ходимларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини инобатга олиш зарурлигини маслаҳат бераман. Ахир, ҳадемай 2021 йил якунлари таҳлил қилиниб, Жамоа шартномаларига 2022 йил учун ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш имкони бўлади», дея ён дафтарига ўз фикрларини битиб қўйди.
Мактабда 45 нафар ходим фаолият кўрсатади. Уларнинг 31 нафари аёллар, 10 нафари ёшлар. Кейинги йилларда мактабга ёш мутахассислар келаётгани айни муддао бўлди. Улар «устоз-шогирд» анъаналари асосида малакали мутахассисларга бириктирилди. Ўзи ҳам Урганч давлат университети битирувчи босқич талабаси Нурсултон Султоновни шогирдликка олди. Мактаб ўқувчилари фан олимпиадаларида, танловларда фаол иштирок этишяпти. Ўтган йили мактабни тамомлаган 27 ўқувчининг 9 нафари олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлди. Қолган битирувчилар ҳам интилувчан, бири тадбиркорлик, бири ҳунармандлик, бири деҳқончиликнинг этагини тутган.
«Касабақўмлар ҳамкасбларини янги ютуқларга ундаб туриш­лари лозим», дея қайд қилди яна Шаҳодат ён дафтарига.
Албатта, жамоадаги ишчи-хизматчилар ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Мактабда 15 нафар ишчи фаолият кўрсатади. Улар меҳнатини муҳофаза қилиш доимий эътиборда. Кам таъминланган 7 нафар ходим иш берувчи томонидан ҳам, касабақўм томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Уч ёшгача фарзанд тарбиялаётган 4 нафар ходим моддий рағбатлантирилмоқда. 12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ фарзанди бор 5 нафар аёл ходим ҳам жамоа шартномаси орқали имтиёзлардан фойдаланмоқда.
«Ижтимоий муҳофаза масаласи ҳар доим касабақўм учун бирламчи вазифалар сирасидан жой олиши керак» – ёш ҳамкасбларига айтадиган фикрларидан бири шу.
Меҳнат муҳофазаси, ходимлар учун зарур иш шароитлари яратишнинг аҳамияти катта. Албатта, шу мавзуга ҳам тўхталиш керак. Ўзи фаолият олиб борадиган мактаб 1993 йилда қурилган. 2019 йилда «Обод маҳалла» дастури ­доирасида реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам қулайликлар яратилди.
– Мумкинми, – хонага касаба уюшма қўмитаси аъзолари кириб келишди. Лобар Абдуллаева, Комилжон Абдикаримов, Ирода Аллаярова, Шарқия Яқубова унинг қўл-қанотлари. Барча ишни бамаслаҳат режалаштиради, амалга оширади. Бугун ҳам улар билан 2022 йилда Жамоа шартномасига киритиладиган ўзгаришлар ҳақида фикрлашиб олиши керак. Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчиликда касабақўм аъзолари учун ҳам имконият ва имтиёзлар берилгани айни муддао бўлди. Шаҳодат аъзолар билан маслаҳатга киришишдан олдин ён дафтарчасига «Касабақўм таркибига фаол, ташаббус­кор аъзолар сайланишига эришиш», деб ёзиб қўйди.
Жамоа шартномасида аъзолар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишга қаратилган шартлар ижросини таҳлил қилишди. 2021 йил давомида 3 нафар юқори натижаларга эришган ходим санаторийларда бепул соғломлаштирилгани айни муддао бўлди. Бу бошқаларни ҳам ютуқларга рағбатлантирмоқда. Жорий йилда ходимларни тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб чиқишни кун тартибига киритиш керак. Мактабда ходимлар иштирокида викторина ва танловлар, спорт мусобақаларини кўпроқ уюштириш керак.
Мактаб директори Шукуржон Абдукаримованинг спорт­севарлиги барчага ибрат. Шукуржон мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ республика, халқаро мусобақаларда иштирок этган. Ҳозир ҳам волейбол ўйнайди. Тармоқ касаба уюшмаси томонидан ўтказилаётган мусобақаларда мактаб жамоаси ғолиблик шоҳсупасидан жой олишида директорнинг ҳиссаси катта. Ўқувчилар ҳам ҳар йили туман, вилоят миқёсидаги турли спорт мусобақаларида ғолиб бўлиб келишяпти. Баланд кўрсаткичлар туфайли жисмоний тарбия ўқитувчиси Илҳом Йўлдошев «Халқ таълими аълочиси» кўк­рак нишони билан тақдирланди. Касабақўм аъзолари шуларни мисол қилган ҳолда, 2022 йил давомида уюштириладиган мусобақалар ҳақида келишиб олдилар. Шаҳодат «Буни ёш касабақўмларга ҳам тавсия қиламан», деб қўйди.
Аъзолар билан маслаҳатлашгач, онлайн дарс машғулотларини давом эттирди. Ўқувчилар топшириқларни қандай бажараётганини текширди. Янги вазифалар берди.

У болалигида ўқитувчи бўлишни орзу қиларди. 1994 йилда Урганч давлат университетини тамомлади. Икки йил 8-умумтаълим мактабида ишлади. 1996 йилдан буён 29-умумтаълим мактабида дарс беради. Йигирма саккиз йиллик педагогик фаолияти давомида ёш авлодга муносиб таълим-тарбия беришга ҳаракат қилди. Кўплаб шогирдлар етиштирди. Жамоада обрў-эътибор қозонди. Касаба уюшма қўмитаси раиси қилиб сайлашганига ҳам ўн беш йилга яқинлашиб қолди. Бу ишонч уни ўз устида тинимсиз изланишга ундайди. «Касабақўм ҳар жабҳада намуна бўлиши керак», деб ёзиб қўйди муаллима.
Шаҳодат Шарипова телефонини қўлига олди. Туман кенгаши раисига қўнғироқ қилиб, ёш касабақўмлар билан мулоқот вақтини келишди. Мулоқотгача фаолиятини яна бир карра таҳлил қилиб олади. Зеро, у ўрганишдан ва ўргатишдан чарчамайди.