Солиқ ўзгаришлари: МУРАККАБ «ЎЙИН ҚОИДАЛАРИ»

1011

Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитига қандай таъсир қилади?

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларни «портлатган» мавзу Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев соҳадаги янгиликлар юзасидан тадбиркорларнинг ­эътирозлари кўпайиб бораётгани боис ОАВ билан учрашганию, уни йирик ­компанияларга берилган имтиёзлар ҳақида саволга тутган журналистга «халқ номидан гапирмаслик»ни уқтиргани бўлди.
Аслида, Кудбиев тутган тутум – масалани бошқа ўзанга буриш, тўғри саволларга жавоб беролмаганда ёки жавоб беришдан қочганда фойдаланиладиган усуллардан бири эди.
Блогер Шаҳноза Соатова Адлия вазирлигида ишлагани боис сўнгги беш йил ичида Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳисоблаб чиқишга эринмабди. Унинг сўзларини жузъий таҳрирда келтирамиз: «2017-2020 йилларда эски Солиқ кодекси 28 та қонун билан 288 турдаги ўзгаришга учраган, яъни кодекснинг деярли 70 фоизи ўзгарган. 2020 йилдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига ҳам икки йил ичида 15 та қонун билан 150 турдаги ўзгартириш киритилган. Шундай беқарор солиқ қонунчилиги билан қайси тадбиркор ­рискларни баҳолаб, бизнесни режалаб, тўғри прогнозлаштириб ишлай олади?».

Агар қонунчиликдаги ўзгаришлар давр талаби, тақозоси билан бўлса, давлатга, жамиятга, халққа фойдаси тегса, нур устига нур. Аммо бу фақат ўзгаришлар имитацияси бўлсаю, маълум бир соҳа ривожига салбий таъсир қилса-чи? «Ўйин қоидалари»нинг мураккаб­лашуви, шаффофликдан узоқлашуви, аниқ ва содда талаблар ўрнига чигал ребусларнинг ўйлаб топилиши бирон-бир соҳанинг гуллаб-яшнашига олиб келармикин? Албатта, йўқ!
Дейлик, тинмай ўзгараётган солиқ қонунчилиги тадбиркорнинг фаолиятига, бизнес-режаларига акс таъсир қилмайдими? Ваҳоланки, солиқ қонунчилиги барқарор, ортиқча маъмурий босимдан ҳоли бўлсагина мамлакат иқтисоди ривожланади, шунга яраша чет эл инвестиция­­си ҳам кириб кела бошлайди.
Афсуски, ортиқча талаблар, қоғозбозлик, турли ҳисоботлар биргина солиқ соҳасида кўзга ташланмаяпти. Гўёки мутасадди идоралар таълим, тиббиёт, иқтисод, маданият каби соҳалар учун эмас, аксинча, улар мутасадди идоралар учун ташкил этилгандек таассурот уйғоняпти. Ваҳоланки, вазирлик ва идоралар маълум бир соҳа тараққиётининг самарали механизмини ишлаб чиқиши, унинг фаолиятини мувофиқлаштириши, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаши, пировардида, мамлакатнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилиши керак.
Хўш, солиқ масаласида юзага келаётган муаммолар нималарда ўзи? Нима учун тадбиркорларнинг ушбу идорага эътирозлари кўпайиб бормоқда?
Бунга жавобан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг бу борадаги фикрларини қисқартирган ҳолда келтирамиз:
«Солиқ сиёсати маълум доирадаги шахслар учун алоҳида, кенг омма учун алоҳида қўлланмоқда. Бу жиҳатдан адолат бўлмаётгани учун эътироз жуда катта. Нега «Тashkent city»даги объектлар мулк солиғидан озод? Нега Ўзбекистондаги аудиторлик корхоналари ҚҚС тўловчиси бўлмоқдаю, дунё бўйича энг йирик аудиторлик компаниялар Ўзбекистонга келса, улар солиқдан озод? Бу саволларга жавоб берилгани йўқ…
Масалан, «Таҳлил-таҳлика» дастури орқали контрагентингиз қанча солиқ тўламаганини сизга кўрсатиб турамиз, дейишяпти. Ҳа, мақсад шунақа, лекин дастур 70 фоиз ҳам тўғри ишламаяпти…
Биринчидан, дастур тўғри ишламаса, нега у татбиқ қилиняпти? Иккинчидан, қизилга тушганларнинг ҳаммасига: «Мана бунақа камчиликларни тўғрилаб, қизилдан чиқиб кет», деган мазмунда хабарнома келмоқда. Ўзингизнинг ҳақлигингизни исботлаш учун солиқ органига бориб, қанча куч ва вақт сарфлаб, айбсиз эканингизни исботлашга мажбурсиз.
Тадбиркор ҳамон ҳақлигини исботлаш учун овораю сарсон бўлиб, солиқ органига ҳужжатларини кўтариб боради. Электрон хат юборсангиз, қарашмайди ҳам. Қизилга тушибсан деб, ҚҚС калитни блоклаб қўяди. 15 кунда кўриб чиқаман дейди, бу вақт ичида тадбиркор фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлади. Буларнинг ҳаммаси коррупцияга олиб келиши мумкин.
Жуда кўп ҳолларда тадбиркорлар айбсизлигини исботлашига тўғри келмоқда, ваҳоланки, Солиқ кодексида солиқ тўловчи ўзининг айбсиз эканини исботлаши шарт эмас, деб ёзиб қўйилган. Кейинги пунктда солиқ органи солиқ тўловчининг айбдорлигини исботлаши шарт, дейилган. Дейлик, солиқ органи гумон қиляпти-да, фаолиятингизни тўхтатиб қўяяпти.
МХИК (маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари)да ҳар бир маҳсулотнинг алоҳида коди бор. МХИКнинг оғриқли жиҳати шундаки, оддий мисол билан тушунтирганда, юмшоқ муқовали дафтарга бошқа, қаттиқ муқовали дафтарга бошқа код тўлдирасиз. Агар қаттиқ муқовали дафтар чармли бўлса, бошқа код тўлдирасиз. Шунақа 86 мингдан ортиқ код бор. Олдин дафтарми дафтар сотдим деб, код тўлдирардингиз, ҳозир майда-чуйда таснифига кўра фарқланса ҳам, бошқа код теришга мажбурсиз.
Бизнесни бундай мураккаблаштиришдан мақсад – бизнесни жазолашдан бошқа нарса эмас. Энг ёмони, минглаб кодлар орасидан маҳсулот кодини топиш қийин бўляпти. Натижада, тадбиркор айнан товарга мос кодни топмаса, ҳисоб-фактурада хатолик юзага келаверади.
Хизмат ва товар турлари шунақа тез ўзгарадиган нарсаки, уларнинг ҳаммасини кодлаб бўлмайди. Бу билан солиқ органи назорат функцияси қолиб, бизнесга аралашиб кетяпти. Тадбиркорнинг тепасида нима қиляпсан, деб қараб турмоқчи. Бу нарсаларни Россиядан кўчирдик дейишяпти, бу тажриба Россияда ҳам ўзини оқламаяпти.
Давлат солиқ органларининг бизнес муҳитини билмаслиги натижасида қўлланилаётган нарса «E-Aktiv»дир. Ўтган йили солиқ органлари томонидан ҳар кунлик товарга ҳар куни ҳисоб-фактура берасизлар, деган талаб қўйилди. Ҳар куни мана шунча товар сотдим деб ҳисобот бериб қўймасанглар, шу товар қийматининг 20 фоизи миқдорда жарима қиламан, дейилди. Қонун эса: «Ҳисоб варақ фактурага чалғима, бизнесинг билан шуғулланиб, ой тугагандан кейин 10 кун ичида ҳамма ҳисоб-фактураларингни бер», деяпти.
Тадбиркор ҳар кунлик нарсага ҳар куни ҳисоб-фактура бера олмайди, бунақа массани солиқ порталининг ўзи ҳам кўтаролмай қолмоқда, бунинг жисмонан ҳам имкони йўқ. Бу нарсанинг хатолигини исботлаб бердик, қонунга зид ҳаракат қиляпсизлар, дедик. Давлат солиқ қўмитаси раиси ҳар кунлик ҳисобварақ фактураси қилишни талаб этиш хато экани, ҳар ойлик ҳисобот топширавериш керак деган қарорга келди. Бироқ кетидан «E-aktiv» деган нарсани ўйлаб топишди.
E-Aktiv – товар-моддий бойликларингиз, асосий воситалар ҳақидаги маълумот. Ҳар куни «E-Aktiv»га маълумот бериб туришингиз керак. Унда ойлик ҳисоботни нега топширамиз? Яна ўша ҳар кунлик ҳисобварақ фактурани расмийлаштиришни «E-Aktiv» деб номлаб, қайта жорий қилишди, десак бўлади. Бу «E-Aktiv»га ҳар куни ҳисобот жойлаш учун бир вагон иш қилиш керак. Иш тугаса ҳам, бухгалтерлар кечгача ўтириб, ҳисобварақ фактура тўлдириши, иккинчи томон қабул қилиб ўтириши керак бўлади. Ўша ДСҚ оддий жадвал деб атаётган нарсагача қанча иш борлигини қўмита мутахассислари тушунмаяпти, бухгалтерлар бекорга додламаяпти.
Менинг назаримда, биз 30 йил орқага қайтиб бўлдик, шунча орқага қайтиб бошидан бошлаяпмиз.
Шахсий фикрим, «E-Aktiv» – солиқ тўловчиларни жарима қилиш учун қўшимча манба холос, бошқа ҳеч нарса эмас.
«E-aktiv»дан солиқ органи ҳеч қандай натижа ололмайди, фойдаси нолга тенг, ортиқча куч ва харажат талаб қиладиган нарса, холос.
Мен кузатган давлатларда бу даражада электронлашув йўқ, бизникилар кашфиёт қилишмоқчи ва юрмайдиган нарсани амалга татбиқ қилишмоқда. Юрадиган бўлса, ривожланган давлатлар буни қилган бўларди…».
Дарҳақиқат, саволлар кўп, аниқ-тиниқ жавоблар йўқ. Турли давраларда тадбиркор дўстларимиз ёзғириб қолади: «Биз ҳам ҳалол, тўғри ишлаш тарафдоримиз. Ўшандагина кўнглимиз хотиржам бўлади. Аммо тадбиркорлик фаолияти учун адолатли ва тенг ёндашув, бизнесни шаффоф юритишга рағбат бўлмас экан, йирик бизнесга турли имтиёзу имкониятлар берилиб, кичик бизнес ривожига тўсиқ қўйилаверар экан, халқнинг ҳаётида катта ўзгаришлар бўлиши амримаҳол!».
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова ҳам солиқ имтиёзлари борасида жамият муҳокамасига жуда жиддий тезисларни ўртага ташлаб, мутасадди ташкилотлардан жавоб кутмоқда. Олиманинг фикрича, «турли солиқлар бўйича индивидуал тарзда берилаётган барча солиқ имтиёзлари тўлиқ мониторингдан ўтказилиши шарт. Бунда қуйидаги кўрсаткичлар солиқ имтиёзларини олган ҳар бир корхона бўйича қатъий аниқланиши керак:
1. Солиқ имтиёзидан кўрилган «бюджет самарадорлиги»;
2. Солиқ имтиёзидан субъект эришган «иқтисодий самарадорлик»;
3. Солиқ имтиёзидан жамият кўрган «ижтимоий самарадорлик».
Айнан шу кўрсаткичлар орқали солиққа тортишнинг адолатлилик, шаффофлик ва ­тенглик тамойилларини таъминлаш мумкин. Бугун ­эълон қилинган маълумотларга назар солсак, молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширувчи жами субъектларнинг қарийб 10 фоизига яқини турли кўринишдаги солиқ имтиёзларига эга бўлиб, қолган солиқ тўловчи субъектларнинг қатор эътирозларига сабаб бўлмоқда. Қарийб 48000 тага яқин корхона ва ташкилотга солиқ имтиёзлари қайси мезонлар асосида берилгани, имтиёз олингандан кейин бу субъектлар фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй бергани, бундан қолган солиқ тўловчилар, жамият ва давлат бюджети қандай наф кўргани каби саволлар очиқ қолмоқда. Бу эса солиқ тўлаш маданиятига салбий таъсир кўрсатиши, солиқ тўловчилар орасида солиқлардан қочишга бўлган рағбат ва мотивациянинг ошишига олиб келади. Зеро, солиқ имтиёзлари тақдим этилган корхоналар таркибини таҳлил қилар эканмиз, турли даражада берилган солиқ имтиёзларига эга 40 та корхонанинг 7 таси «Artel» савдо белгиси остида фаолият юритувчи ёки уларга аффилланган корхоналар эканига гувоҳ бўламиз. Бу эса солиқ имтиёзларини олишда лоббистик ҳаракатлар мавжудлигидан, манфаатлар тўқнашуви юзага келаётганидан дарак беради. Биргина 2021 йилнинг ўзида берилган солиқ имтиёзлари 2021 йилга тасдиқланган давлат бюджетининг қарийб 12 фоизини ташкил этган. Бу бюджетга шунча миқдордаги солиқлар ва мажбурий тўловлардан келиб тушиши керак бўлган маблағ маълум бир гуруҳ солиқ тўловчилар ихтиёрида қолдирилди, деганидир.
Хўш, бу «маълум бир гуруҳ солиқ тўловчилар»га қайси мезонлар асосида бундай имтиёзлар берилди, имтиёзларнинг айнан уларга берилишидан давлат, жамият қандай наф кўрди, деган саволларга аниқ ва асосли жавоб бериш вақти келди, назаримизда. Айнан шу саволларга бугун жавоб берилмас экан, солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятига риоя қилган ҳолда уларни ўз вақтида солиқларни тўлаб боришларини, хуфёна иқтисодиётда фаолият юритмасликни талаб қилиш ўринли бўлмай қолади.
Яна статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, имтиёзлар сабаб давлат бюджети 2021 йилнинг 9 ойи учун 56,08 фоиз ер солиғини, 87,6 фоиз қўшилган қиймат солиғини йўқотган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади, бу йўқотишлардан кўриладиган бюджет самарадорлиги келгусида қандай бўлади, уни ким ва қайси усуллар орқали мониторинг қилиб боради, агар натижавий самарадорликка эришилмаса, жавобгарлик масаласи қандай амалга оширилади, ошириладими ўзи деган жиддий саволлар, афсуски, очиқ қолмоқда. Бундай саволларнинг очиқ қолинишига парламент имконият берар экан, иқтисодиётда лоббизмнинг ­кучайишига, коррупцион схемаларнинг рағбатлантирилишига олиб келади…»
Ўйланиб қоласан, наҳотки ўзига хос «янгилик» яратмасдан, бошқа давлатларда ўз самарасини бераётган солиқ сиёсатини маҳаллийлаштиришнинг иложи бўлмаса? Ҳеч бўлмаганда, миллиардлаб аҳолисини қашшоқлик гирдобидан олиб чиққан Хитой тажрибасига назар ташланмаса?
Келинг, шу ўринда Хитойда кичик бизнес қандай қўллаб-қувватланаётганига эътибор берайлик.
Умуман олганда, бутун Хитойда бизнеснинг солиқ юкини камайтиришга катта эътибор берилади. Ушбу мамлакатда бизнес учун асосий солиқлар қуйидагилар:
– Корхоналарнинг даромад солиғи;
– ҚҚС;
– Шаҳарсозликни қўллаб-қувватлаш солиғи;
– Таълим учун қўшимча йиғим;
– Герб божи.
Хитойда корхоналар даромад солиғининг базавий ставкаси соф даромаднинг 25 фоизини ташкил қилади (юқори технология корхоналари учун – 15 фоиз). Умуман олганда, бу анча юқори ставка.
Aммо йиллик фойда (яъни даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ) 1 миллион юандан кам бўлган ( 1 АҚШ доллари – 6,34 юань) кичик корхоналар учун ҳозирда 2,5 фоизлик имтиёзли ставка амал қилади. Бу эса дунёдаги энг паст даромад солиғи ставкасидир.
Йиллик фойда 1 миллиондан 3 миллион юангача бўлса, бундай кичик корхоналар ҳам имтиёзли даромад солиғи тўлайди – 10 фоиз.
Хитойда ҚҚС имтиёзлари йиллик айланмаси 5 миллион юандан ошмайдиган «кичик айланмали корхоналар»га қўлланилади.
Бундай компаниялар учун умумий ҚҚС ставкаси илгари айланманинг 3 фоизини ташкил қилган (яъни фактура қилинган сотиш). 2020 йилдаги пандемия даврида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хитойда ҚҚС ставкаси 3 фоиздан 1 фоизга туширилди.
Мамлакатда кичик бизнес учун ҚҚС ­бўйича яна бир муҳим эркинлик шундан иборатки, агар кичик корхона томонидан товар ёки хизматларни сотиш миқдори ҳар чоракда 450 000 юандан кам бўлса, улар ҚҚСдан тўлиқ озод этилади.
Бошқа солиқ мақомига эга бўлган корхоналар – «оддий солиқ тўловчилар» учун ҚҚС тўлашда махсус имтиёзлар йўқ, Аммо уларнинг ҳам ўзига яраша афзалликлари бор. Бундай компаниялар экспорт учун товарлар сотилгандан сўнг сотиб олиш ҳисоб-фактураларига киритилган ҚҚСни қайтариши ва Хитойнинг ички бозорида товарлар ёки хизматларни сотишда чегириб ташлашлари мумкин.
Шаҳарсозликни қўллаб-қувватлаш солиғи ва таълим учун қўшимча тўлов ҚҚС билан чамбарчас боғлиқ бўлган йиғимлардир.
Хитойда шаҳар қурилиши учун солиқ ставкаси тўланадиган ҚҚСнинг 7 фоизини ташкил қилади. Таълим учун қўшимча тўлов ставкаси, умуман олганда, ушбу даврда тўланиши керак бўлган ҚҚС миқдорининг 5 фоизини ташкил қилади.
Кичик айланмага эга корхоналар учун бу икки тўлов ставкаси 50 фоизга камайтирилган.
Ва, албатта, агар ушбу солиқ даврида тўланадиган ҚҚС бўлмаса (айланма ҳар чоракда 450 000 юандан ошмаса, ҚҚСдан озод қилинганини айтиб ўтган эдик), унда бу икки тўлов ҳам тўланмайди.
Охирги кичик йиғим – давлат божи. Савдода герб божи олди-сотди шартномаларидан ундирилади. Унинг ставкаси одатда шартнома суммасининг 0,03 фоизини ташкил қилади. Кичик айланмага эга бўлган корхоналар учун бу бож учун ҳам 50 фоизлик имтиёзли ставка амал қилади.
Жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқда (иш ҳақи) ҳам ўзига хос имтиёзлар сиёсати амал қилади.
Ойига 5000 юангача (тахминан 780 АҚШ доллари) бўлган даромад жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиққа тортилмайди.
Қолган қисми эса 3 фоиздан 45 фоизгача прогрессив шкала бўйича солиққа тортилади, бу ерда даромад қанча кам бўлса, солиқ ставкаси ҳам шунча паст бўлади.
Хитойда кичик бизнеснинг ривожи учун барча шароитлар яратилган. Солиқ бўйича текширувлар камдан-кам учрайди. Маъмурий босим йўқ даражада. Компания бизнес юритаётганда солиқ тўлаши ва бухгалтерия ҳисобини юритиши керак (барча давлатларда бўлгани каби), лекин кераксиз талаблар, солиқ ва бошқа назорат органларининг текширувлари йўқ.
Хуллас, Хитой ҳукумати бундай солиқ қонунчилиги билан мамлакатда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, бизнесни рағбатлантириш, пировардида, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш каби ўнлаб муҳим масалалар ечимига жавоб топяпти.
Тадбиркорлик ҳам ижодий жараён. Унга ҳам рағбат, имкониятлар керак, асло маъмурий босим эмас! Бизнесни юритиш, солиқ тўлаш тартиблари содда ва тушунарли бўлиши лозим. Шундагина ишлаб чиқариш корхоналари сони ортиб бораверади, чет эл ­инвестицияси кириб келади, аҳолининг банд­лиги таъминланади, халқнинг фаровонлиги юксалади, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти ошади.

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»