БИРЛАШГАН ЎЗАР

1859

ёхуд кооперация яратаётган имкониятлар

Бухоро вилоятида ­кооперациялар ташкил этиш орқали аҳоли банд­лигини таъминлаш, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойилини изчил йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоят миқёсида 30 нафар тадбиркор кооперация тармоқларини ташкил этиш учун танлаб олинган бўлиб, уларнинг лойиҳалари асосида 10130 нафар аҳоли бандлиги таъминланиши режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси ўринбосари Ҳамид Бешимов. – Шундан 7848 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Тадбиркорлар тақдим этаётган лойиҳаларнинг 6 таси паррандачилик, 2 таси чорвачилик, 3 таси гулчилик, 3 таси иссиқхона ташкил қилиш, 9 таси тикувчилик, 1 таси пойабзал ишлаб чиқариш, 6 таси қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва сақлаш, боғдорчилик ва қуёнчилик йўналишларига доирдир. Ушбу лойиҳаларга 94,8 миллиард сўм йўналтириш режалаштирилган. Шундан 57,1 миллиард сўми банк кредитидан, 3,3 миллиард сўми субсидия ва 34,5 миллиард сўми тадбиркорларнинг ўз ­маблағларидан иборат бўлади.
Ҳозирга қадар кооператор ва кооперацияга аъзо бўладиган ишсиз фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида шартномалар имзоланиши бошланди. Масалан, Когон туманидаги «Когон омад парранда» МЧЖ билан 35 нафар, Бухоро шаҳридаги «Замин Мадад Тайёрлов Савдо» МЧЖ билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 40 нафар, Олот туманидаги «Олот нурли йўл кооперацияси» МЧЖ билан гулчилик ва кўчатчилик йўналишида 45 нафар, Жондор туманида «Жондор Мега Дизайн» МЧЖ билан тикувчилик соҳасида 25 нафар киши шартнома имзолади.
Шофиркон туманидаги Жилвон маҳалласида ҳам 55 нафар фуқаро гул парваришлашга ихтисослашган «Саид Мироншоҳ Кулол» оилавий корхонаси билан ўзаро шартномаларни расмийлаштирди. Корхона 22-23 январь кунлари ҳар бир хонадонга ўртача 500 тадан хонаки гул кўчатлари етказиб берди.
Корхона раҳбари Саодат Исаеванинг таъкидлашича, гул кўчатини парваришлаш учун алоҳида иссиқхона қуриш шарт эмас. Доимий илиқ ҳароратдаги хонанинг бир бурчагида беш юз дона кўчатни ўстириш мумкин. Масалан, бир дона елим қутида элликта, ўн дона елим қутида 500 та гул кўчати парваришланади. Ўнта елим қути эса атиги 1,5-2 квадрат метр жойни эгаллайди. Бу дегани, уйингизнинг битта хонтахта эгаллайдиган қисмида гул ўстиришингиз ва йилнинг исталган вақтида ёки маблағга муҳтожлик пайдо бўлган пайтда буюртмачига сотиб, даромад орттириш мумкин.
Бинобарин, кооперацион лойиҳалар оилавий даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»