Навоийни қачон англаймиз?

1593

Адабиётимизнинг етук намояндаси ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳақида гап кетганда, унинг туркий ва форсий тилларда ёзган, мазмун-моҳиятига садоқат ва муҳаббат, одамийлик сингдирилган асарларини ёдга оламиз. Маслакдоши Ҳусайн Бойқаро билан амалга оширган улуғ ишларини эслаймиз. Баъзан Алишер Навоий шоир сифатида ҳам, давлат арбоби сифатида ҳам қийинчилик кўрмагани, тўқ-фаровон яшагани учун сермазмун ижод қила олган деган фикрлар ҳам учрайди. Аслида бу буюк зот ҳам бошқалар каби ҳаёт ташвишларига қорилиб яшаган, етимлик, ғариблик азобларига дуч келган.

Давлат иши билан боғлиқ низолар, қирғинбарот урушлар, мансаб ва мартаба талашиш­лар ўз даврида Навоий ҳаётига ҳам таъсир қилмасдан қолмаган. У отасидан жуда эрта айрилган. Навоий Ҳиротдан Маҳшадга, Маҳшаддан Самарқандга, Самарқанддан Астробод, Балх сари кўчиб юрган. Шундай бўлишига қарамасдан, ижоддан тўхтамаган.

Шоир сифатида ҳурмат-обрўнинг ортиб бориши, давлат ишларидаги муваффақиятлари Навоийни Султон Ҳусайн Бойқаро билан янада иноқлаштирган. У мамлакат бош вазири лавозимига кўтарилган. Аммо ўртага ғаламис кимсалар тушиб, Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг илиқ муносабатларига путур етказишган. Натижада Бойқаро Навоийни ўз вазифасидан озод қилиб, Астрободга ҳоким қилиб жўнатиб, юборган. Кейинчалик Ҳусайн Бойқаро буларнинг барчаси сарой амалдорларининг ҳийла-найранги эканлигини тушуниб етган. У Астрободга сафар уюштириб, яна ижодий мулоқотлар қилиш, дўстона муносабатларни давом эттириш истаги борлигини Навоийнинг ўзига билдиришни ният қилган. Ҳусайн Бойқаронинг келишини эшитган Навоий унга пешвоз чиқиш баробарида ўзини лоҳас сеза бошлайди. Не кўргуликки, Бойқаро етиб келиши билан Алишер Навоий Аллоҳга омонатини топшириб, жон беради.
Бу каби тафсилотлар билан биз мактабда танишганмиз. Бироқ анча йиллар давомида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва мероси чуқур ўрганилмаган. Гапнинг лўндасини айтганда, Алишер Навоий ҳақидаги билимларимиз шунинг учун ҳам саёзки, бизга улуғ мутафаккирнинг ёзган асарларини тушунтириб берадиган устозлар, китоб ва рисолалар етишмайди. Кўпчилигимиз «Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш» рубоийсини ёд олганмиз. Навоий деса, дарҳол шуни такрорлаймиз. Ваҳоланки, ўнтамиздан саккиз-тўққизтамиз бешта достондан иборат «Хамса»ни тўлиқ ўқиб чиқмаганимиз ҳам бор гап. Ҳаттоки, ўрта мактаб­ларнинг адабиёт ўқитувчилари ҳам бундан мус­тасно эмас. Биз Алишер Навоийнинг асарларини мукаммал билишимиз керак.
Менимча, Навоийни англашимиз учун унинг асарлари содда ва енгил қилиб тушунтирилган адабиётларни, ўқув-дарсликларини кўпайтириш шарт. Эҳтимол, жойларда Навоий мактабларини ҳам очиш жоиздир. Буларнинг бари буюк бобомизнинг асарлари янада оммалашишига хизмат қилади.
Дарвоқе, Навоий ҳақида суратга олинган фильм ҳамон ягоналигича қолмоқда. Фарзандларимиз Алишер Навоий меросини ўрганиши учун шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида болаларбоп, оммабоп фильмлар яратиш ҳам айни муддаодир.
Тарғибот англашдан бошланади. Мақсадимиз Алишер Навоий асарларини мукаммал ўрганиш экан, мамлакат миқёсида шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ турли танловларни ташкил қилиш керак. Унинг ғолибларига катта мукофотлар бериш эса, кўпчиликни ўқишга, изланишга чорлайди. Бу танловларга мактаб ўқувчилари, талаба-ёшлар билан бирга, ўқитувчи-устозларни, турли соҳа вакиллари, катта лавозимдаги раҳбарларни ҳам жалб этиш ижобий самаралар бериши турган гап.

Назира ТОҒАЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши раиси