Қозондаги кўп динлар маданияти акс этган маскан
Халқаро ислом академиясида ташкил этилган диний бағрикенглик кунига бағишланган катта тадбирда суҳбатдошларимиздан бири бир нечта дин вакиллари учун мўлжалланган масканлар борлиги ҳақида гапириб қолди. Мен илгари бу ҳақда ҳеч эшитмаганим учун ҳайратландим. Суҳбатдошимнинг айтишича, Татаристоннинг Қозон шаҳрида ҳам шундай маскан бор экан. Мен бу ҳақда батафсил маълумот топиш учун интернетни ёқдим. Мана топдим..
Қозон шаҳридан унча узоқ бўлмаган Эски Аракчино қишлоғида ғайриоддий бино бор. Рассом, ҳайкалтарош Илдар Ханов томонидан қурилган ушбу бино барча динларга оид маданиятни акс эттирганлиги билан кўпчликни ажаблантиради ва қизиқтиради. Илдар Ханов 1940 йилда Эски Аракчино қишлоғида туғилган. Лойиҳага кўра, бу ерда 16 та жаҳон эътиқодига оид гумбазлар ва диний биноларнинг бошқа элементлари – черковлар, масжидлар, синагогалар, пагодалар, шунингдек, йўқолиб кетган цивилизацияларни жойлаштириш режалаштирилган. Аммо афсуски, Илдар Ханов 2013 йилда вафот этганидан кейин бу режа тўлиқ амалга ошмади. Ҳозирда иншоотнинг ичида проваслав черкови, мусулмонлар мачити, яҳудийлар синагогаси ва буддавийликдаги пагодалар ўрин олган. Шунингдек, Миср ва католик заллари, чойхона ва Исо Масиҳнинг зали, театр зали, санъат галереяси яратилган. Уларнинг интерери рангтасвир ва амалий санъат асарлари билан безатилган.Шуниси эътиборга лойиқки, мазкур маданият маскани диний маросимлар ва хизматлар учун мўлжалланмаган.
Демак, бу маскан динлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик рамзи сифатида қурилган. Маълумотларда келтирилишича, Маълум бир дин учун ажратилган хоналарда ўша динга оид кўргазмалар, рамзлар жойлаштирилган. Ҳар бир динга оид экспонатларни кўриш мумкин. Шундан сўнг мен бир яқин қариндошимизнинг акаси Фазлиддин Ўроловнинг кўп йиллардан буён оиласи билан Қозон шаҳрида яшашини эсладим ва қандай қилиб бўлса ҳам улар билан боғланиб, шу ибодатхона ҳақида кўпроқ маълумот олишга қизиқдим. Бироз кутишимга тўғри келган бўлса-да, телефон орқали юртдошимиз билан боғланиб, ундан Қозондаги динлар уйғунлашган маскан ҳақидаги саволларимга жавоб олдим.
Фазлиддин Ўролов, Қозон шаҳрида истиқомат қилувчи ўзбек тадбиркори:
–15 йилдирки Қозон шаҳрида яшаб келмоқдамиз. Бундан икки йилча олдин ушбу масканда бўлгандим. У ерга оилам билан ҳайит байрами арафасида кириб чиққандик. Ҳар доим ибодатхона томонларга йўлим тушганида ушбу бинони кўриб, унга қараб ўтардим. Чунки у ўзига хос тарзда қурилган. Бир куни қўшниларимдан биридан сўрасам, у ерда ислом дини маданияти ҳам акс этганлигини айтиб қолди. Шундан сўнг байрам кунлари бориб келгандик. У ерда Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардан намуналар бор. Жойнамоз, мусулмонлар дўпписи, тасбеҳ кабиларни кўриш мумкин. Бошқа хоналарда ҳам шундай – маълум бир динга оид китоблар, манбаалар, кўргазмалар бор.
Ҳозирда мазкур маскан турли хил диндаги инсонларнинг дўстлиги рамзига айланган. Бу ерга мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар, шу билан бирга кўплаб туристлар, олимлар ва диншунослар келиб туради. Улар бу ерда ўзига тегишли бўлган дин маданияти, тарихи ҳақидаги маълумотлар билан танишишади, кўргазмаларни томоша қилишади, ўрганишади. Келган инсонлар хоналарни томоша қилганида одамлар қайси тилда гаплашиши, қайси динга мансублигидан қатъий назар, барчаси Аллоҳга тегишлилигини ҳис қилади. Бағрикенглик билан яшаши лозимлигини тушунади, англайди. Мен ҳам борганимда кўнглимдан худди шундай кечинмалар ўтганини яхши эслайман, – дейди Фазлиддин Ўролов.
Бундай маскан биринчиси эмас
Дунёда шунга ўхшаш ибодатхоналарни бирлаштирувчи масканлараллақачон мавжуд. Шулардан бири Хитойнинг Гонгконг шаҳридаги учта динга хизмат қилувчи Вонг Тай Син ибодатхоналар мажмуасидир. Бу ибодатхоналарКоулун оролининг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, конфуцийчилик, буддавийлар, даочилар учун мўлжалланган. У ерда битта умумий зал ва алоҳида ибодат қилувчи хоналар мавжуд. Бундан ташқари Хитойнинг Тонгжоу шаҳрида ҳам ана шундай конфуцийчилик, буддавийлар ва даочилар учун мўлжалланган ибодатхоналар бор. У Вен Мяо ибодатхоналари деб аталиб, 1298 йилда қурилган. Ёки бўлмаса Хитойнинг Синбей шаҳридаги Жаҳон динлари музейини олайлик.Унда дунёдаги ўнта асосий дин ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатларни кўриш мумкин. Турли жамоалар ва маданият вакиллари ўртасидаги нотўғри қарашлар ва тушунмовчиликларни бартараф этиш Жаҳон динлари музейини ташкил этишнинг асосий мақсади бўлган. Индонезиянинг Бали оролида эса бешта ибодатхонани бир жойга тўплаган, майдони 2000 м2 ни ташкил этувчи ибодатхоналар мажмуаси бор. У кичик майдонда жойлашган бўлса-да, дунё динларининг бешта ибодатхонаси вакиллари ўз давлатларида тинч-тотув яшаши мумкинлигининг рамзи.Бу ерда барча черковлар ишлайди, маросимлар ва хизматлар ҳамбелгиланган диний тартибда ўтказилади.
Абу Даби ва Берлин: диний бағрикенглик сари янги қадам
2019 йилда эса Бирлашган араб Амирлиги ташқи ишлар вазири Абу Даби шаҳрида Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён томонидан Нью Йоркда бўлиб ўтган Бутунжаҳон йиғилишида инсонлар биродарлиги олий қўмитасининг иккинчи йиғилишида “Иброҳим алайҳиссалом оиласи уйи” ёки “Учта дин ибодатхонаси” деб номланган улкан ибодатхоналар мажмуаси қурилиши бошланаётганини маълум қилди. Ташқи ишлар вазирининг айтишича, улкан масканда черков, масжид ва синагога кетма-кет жойлашган бўлади, аммо ҳар бири алоҳида-алоҳида ибодатхонадан иборат бўлади. Мазкур янги иншоот Бирлашган Араб Амирликларининг маданий ёдгорлиги бўлиши билан бирга, динлараро уйғун яшашни ўзида мужассам этган ва ҳар бир дининг ўзига хос хусусиятини сақлаб қолган ҳолда бунёд этилади. Шунингдек, у диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик рамзига айланиши ҳам кутилмоқда. Ҳозирда Абу Дабида ушбу ибодатхоналар мажмуасини қурилиши ишлари давом этмоқда. 2021 йилда эса расмий Берлин ҳам худди шу учта дин вакиллари: мусулмонлар, христиан ва яҳудийлар учун бир масканда жойлашган учта ибодатхона қурилишига тамал тоши қўйилганинимаълум қилди. Ибодатохналар “Бир кишининг уйи” деб номланиши режалаштирилган ва у 2024-25 йилларда қуриб битказилиши айтилган. Қурилиш қиймати 47,3 миллион еврога баҳоланган. Ҳозиргача эса 40 миллион евро йиғилган. Пуллар федерал ва давлат бюджетидан, шунингдек, турли давлатлардан келган хусусий хайрия маблағлари асосида қурилиши айтилган.
Мутахассислар нима дейди?
Рамзиддин Исоқжонов, Халқаро ислом академиясининг диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESKO кафедраси катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари доктори(PhD):
–Ҳозирги кунда Ўзбекистон диёри бутун дунё учун динлараро ва миллатлараро бағрикенглик намунаси бўлиб келмоқда. Барча дин вакиллари эмин-эркин ўз диний урф-одатларини ўз диний ташкилотларида бемалол бажаришлари мумкин. Турли хил диний конфессия вакилларининг диний байрамларида бир-бирлаиникига меҳмонга бориши – бу ҳалқимизга хос бағрикенгликни самарасидир. Айнан шундай муҳит юқорида айтиб ўтилган динлар мажмуасида намоён бўлса ажаб эмас, албатта. Бу мажмуани аввал эшитмаган эканман. Албатта, мазкур қурилиш келажакда динлараро ва миллатлараро мулоқотни мустаҳкамлашга, ўзаро тушунишга хизмат қилади деб умид қиламиз. Бу каби мажмуа қурилган ерда маданий алмашинув, туризм ривожи, дипломатик муносабатлар мустаҳкамланишини тахмин қилиш мумкин.
Аркадий Исахаров, Ўзбекистондаги “Бухоро яҳудийлари” жамияти раиси:
–Мен юқорида сўз кетган Қозондаги масканда бўлмаганман. У ҳақда эшитганман ва расмларини кўрганман. Берлин ва Абу Дабида қурилиши бошланган ибодатхоналар ҳақида ҳам ОАВда эшитганман холос. Бир дин вакили сифатида айтишим мумкинки, бундай бино ёки иншоотларнинг қурилиши, халқлар ўртасидаги, айниқса, динлар ўртасидаги яқинликни, бир-бирини тушуниш туйғусини кучайтиради. Мен кўпчилик дин вакилларининг бир хонада ибодат қилишини тўғри деб ҳисобламайман, чунки ҳар бир диннинг ўз қонун-қоидаси, тартиби бор. Булар бир-бирига ўхшамаслиги мумкин. Масалан, биз яҳудийларда намоз ўқиётган хонамизда бирорта кўргазмали қурол, атрофда одамни чалғитадиган нарсалар бўлмаслиги керак. Бошда бош кийим бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан қаралса, юқоридаги турли динлар маданияти акс этган масканлар ёки турли динларга хизмат қилувчи ибодатхоналарда ҳар бир дин вакиллари учун алоҳида-алоҳида хоналар борлиги ёки қурилаётгани айтилган. Бу жуда тўғри ва эътирозга ўрин қолдирмайди. Умуман, четдан бир кузатувчи дин вакили сифатида эса бундай масканлар инсонларни бир-бирига меҳрибон бўлишга, бир-бирининг дини ҳақида кўпроқ билишга чақиради деган фикрдаман. Шу боис уларнинг қурилишини ва ғояни ижобий баҳолайман.
Зебо НАМОЗОВА,
журналист



