«Чарвак» қачон «чорвоқ», «чимган» қачон «чимён» бўлади?

2279

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 20 январдаги сонида «Чорвоқ»қа қандай борилади, «Чимён»гачи?» сарлавҳали луқма эълон қилинган, унда Бўстонлиқ тумани «Чимён» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги собиқ иттифоқ замонидан қолган, рус тилида ёзилган номлар ҳақида сўз борган эди.

Ушбу луқмага Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирибди. Очиғи, муносабатдан на кулишни, на йиғлашни биламиз. «Мен нима дейману, қўбизим нима дейди» деганларидек, биз боғдан келсак, мутасаддилар тоғдан келишибди.
Хуллас, Тошкент ­вилояти ҳокими маслаҳатчиси С.Файзуллаев имзоси билан келган расмий жавобда «Белдерсай–Чимган – Нанай» халқаро мавсумий курортни қуриш лойиҳаси доирасидаги «Чимган» қиш­лоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилгани ҳақида гап борган. Буни қарангки, ҳатто расмий жавобда ҳам Билдирсой (Бу ном бош­­қа манбаларда «Белдорсой», «Белдирсой» деб ҳам ёзилган) – Белдерсай, ­Чимён – Чимган деб келтирилган. Нима бу? Давлат тили – ўзбек тили устидан кулишми?
Умуман, вилоятда давлат тилида иш юритиш, хусусан, маънан эскирган лавҳдаги давлат тили, давлат байроғи мавқеи ва нуфузига путур етказиб турган ёзувларни бартараф этиш чораси қачон кўрилади? Жумладан, ­Бўстонлиқ туманидаги «Чарвак – Чимган» ёзуви маънан эскирган лавҳ сифатида олиб ташланиши учун яна қанча вақт керак?
Масъулиятсизликнинг яна бир кўринишини эса ўзингиз ҳам кўриб турибсизки, газетадаги танқидий чиқишларга вилоят ҳокимлигидан расмиятчилик учун – хўжакўрсинга, масъулиятсизлик билан жавоб ёзиш давом этмоқда.
Мавзуга қайтганимиз сабаби, жой номлари давлат тилида ёзилишини истаганимиздир, холос. Бир лавҳдаги ёзув­ни ўзгартириш учун яна қанча мақола ёзилиши керак? Бугун кўпчилик томонидан маърифатпарвар раҳбар, дея эътироф этилаётган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бу камчиликлардан хабардормикан?
Ишонамизки, ушбу мақоладан сўнг муаммо ижобий ечим топиб, мавзуга қайтишга ҳожат қолмайди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
«ISHONCH»