Улар билан қандай муроса қилмоқ керак?
Кейинги асрда мутахассислар 6 та фарқли авлодни таҳлил қилишган. Улар «Овозсиз» авлод (1925-1945), «Болажон» авлод (1946-1964), «X» авлод (1964-1979), «Y» авлод (1980-1995), «Z» авлод (1996-2010) ва «Альфа» авлод (2010-2025 йиллар).
Санаб ўтилган беш авлоднинг энг камида 3 таси ҳақида бугун бутун дунё маълумотга эга. Улар руҳий, молиявий, технологик асосларга биноан тавсифланган. Масалан, бир авлод иккинчисидан техникаларни тушуна олиши билан, бошқаси эса молиявий эркинликка тез эриша олиши билан фарқланади.
Олимларнинг умумий ҳисоб-китобига кўра, ҳар 15 йилда янги авлод пайдо бўлади. Лекин, бугунги кунда ушбу муддат тобора камайиб бормоқда.
Бизни ташвишга солаётган асосий авлод – «Альфа»дир. Чунки яқин келажак уларнинг қўлида.
Ҳозир 10 ёшни қаршилаган бола маҳалла чангитиб, тўп ўйнаб юргани йўқ. Ёки мактабдан ўртоқлари билан ёқалашиб қайтмаяпти. У энди сиз яшаган болаликда улғаймаяпти.
Бугун бешикда йиғлаётган фарзандингиз ёки набирангизнинг қўлига телефон берсангиз, дарров жим бўлади. Ҳатто бу оддий ҳолга айланди. Чунки «Альфа» авлоднинг бошқалардан фарқли тарафи – технологиялар ичида туғилганидир.
Ҳозир 10 ёшгача бўлган фарзандингизни бир шапалоқ уриб тарбия қила олмайсиз. Унинг тилини тушунишни истасангиз – замонавий технологияларни ўрганишга мажбурсиз. Сизнинг хасталаниб қолишингиз у учун катта муаммо эмасдир, лекин қўлидаги гаджетнинг қуввати тугаётганини кўриш анча ташвишли ҳисобланади.
«Альфа» авлод техникалар уммонида бемалол сузиш билан чекланмайди, балки, у янги технологияларни ихтиро қилишга ҳам қодир. Янги авлод, биринчи навбатда, таълим тизимида ўзгаришлар яратади. Улар энди доскаларга бўр билан ёзилган ҳарфларни эмас, планшет экранида жонланган видео дарсларни кўришни истайди.
Дунёнинг пандемия таъсирига тушиб қолиши ҳам «Альфа» авлодни рағбатлантирди. Онлайн дарслар нафақат масофавий машғулотларни кенгайтирди, балки «Альфа» авлод камолотини тезлаштирди.
«Альфа» авлодни бугун эртак айтиб, панд-насиҳат айтиб, шапалоқ уриб, бурчакка турғазиб қўйиб тарбиялай олмайсиз. Чунки у виртуал оламда тарбия ва таълим олмоқда.
Хўш, шундай экан, нима қилмоқ керак?
Биринчи навбатда, янги авлод учун тарбиянинг янги шакллари лозим. Уларни тарбиялашнинг асоси – технологиялардан унумли фойдаланишни ўргатишдир. Бунинг учун, аввало, ўзингиз ушбу технологияларни ўзлаштиришга киришинг.
Фарзандингизнинг соатлаб компьютер қаршисида ўтиришига рухсат беринг. Фақат кимлар билан алоқада бўлаётгани ва қайси сайтлардан фойдаланаётганига эътибор қаратинг. Бунинг учун эса ўзингиз шундай маълумотларга эга бўлишингиз лозим.
«Z» авлоднинг ярми ва «Альфа» авлоднинг барчаси «facebook» ҳамда «odnoklasniki» каби сайтларга парво ҳам қилмаётган бир пайтда, сиз вақтингизни ана шу ерда ўтказиб юборишингиз ўзингиз учун қилган катта адолатсизликдир. Чунки уйингизда ижтимоий тармоқларни тоифалайдиган ва уларнинг кўпини инқирозга учратадиган бола улғайяпти.
«Альфа» авлодга истисно тариқасида қараш, уларнинг ўзгаришига умид қилиш хато. Ҳиндистонлик олим Амрит Кумар Жанинг сўзларига кўра, 2010 йилдан кейинги даврда туғилган болаларни тарбиялаш учун оиланинг барча аъзолари ҳаракат қилиши ва технологияларни ўрганиши лозим.
Бувингизнинг телефонда гаплашиб бўлгач, унга узоқ термулиб, «қизил тугмача»ни қидираётган ҳолатини кўз олдингизга келтиринг. Сизнинг бу вазиятни тушунишингиз табиий ҳол. Лекин 8 ёшни қаршилаган ўғлингиз ҳамда бувингиз орасидаги 30-35 йил кўп нарсани ўзгартирган.
Дейлик, жамоангизда 25 ёшни қаршилаган, «Z» авлодга мансуб бир ходим бор. Унинг энг катта муаммоси ишга кечикиб келиши, мотивациясининг тез пасайиши ва рағбатлантиришга қарамасдан соҳасига совуқ муносабатда бўлишидир. Сиз уни ўзингиздаги бор билим ва тажриба билан тарбия қила олмайсиз. Агар сиз 20 йил олдинги амалиётни бугун ҳам иш беришига ишонсангиз, адашасиз.
Замонавий раҳбар «Z» авлод вакиллари билан муносабатларда эътибор қаратиши зарур бўлган энг муҳим жиҳати шуки, у ҳар куни янги нарсаларни ўрганиши ва кун якунида «Бугун ўрганганларимнинг қайсилари эртага эскиради», деган саволни бериши керак. Чунки бизнинг «Z» авлод билан алоқаларимиз қанчалик камайса, «Альфа» авлодни шунчалик тез қўлдан бой берамиз. Унутмаслигимиз лозимки, «Z» авлод – «Y» авлод ва «Альфа» авлод ўртасидаги асосий кўприк.
Дейлик, сиз раҳбарсиз ва корхонангизнинг узоқ муддат фаолият юритишини истайсиз. Истиқболдаги беш йилликда сафингизга қўшиладиган «Альфа» авлод билан ҳам тил топишиш ниятидасиз. Унда «Z» авлод билан муносабатларни яхшилашингиз керак. Дунё олимлари бунинг учун бир қатор мисолларни келтирган. Келинг, уларни биргаликда кўриб чиқамиз.
Ўз ишининг устаси сифатида қараш
«Z» авлод руҳияти тез тушадиган ва буйруқларни ёқтирмайдиган қатлам. Уларга ходим сифатида муносабатда бўлиш корхонангиз истиқболи учун катта фожеадир. Бундан кейинги ўринларда сиз ходимингизга ўз ишининг устаси сифатида қарашга ва уни ҳам жамоанинг ажралмас бўлаги эканига ишонтиришга мажбурсиз.
Эски тактикалар муваффаққият келтирмайди
Сизнинг 20 йил аввал олган билим ва орттирган тажрибангиз «Z» авлод учун аҳамиятсиз. Афсуски, буни тан олиш керак. Энди ҳар куни ўқиб-ўрганишга мажбурсиз. Аввал билганларим умрим бўйи етарлидир, деган фикрдан узоқлашинг.
Замон руҳини инкор этманг!
Мен «Z» авлоднинг вакили сифатида бобом ёки бувимнинг «биз ундай эдик, биз бундай эдик», деган гапларини ва раҳбаримнинг «ёшлигимизда, шундай ишлар қилгандик, замони қурсин, шу ҳам замонми, ёшлар роса бузилиб кетди», деган гапларини кўтара олмайман. Чунки улар менинг даврим руҳиятини инкор этишмоқда.
Сиз ҳам бир раҳбар сифатида қўл остингиздаги «Z»нинг замонасини инкор этманг.
Мультиуниверсал ходимлар билан ишлашни ўрганинг
«Z» авлод маълум бир касбни эгаллаган тақдирда ҳам жуда кам ҳолларда ўз соҳаси бўйича ишлайди. Баъзилари умуман ишламайди ҳам. Масалан, ҳисобчингизнинг асл касби адабиётшунос бўлиши янги авлод учун одатий ҳолдир.
Рағбатлантириш ёки танбеҳ бериш эскирди!
Топшириқни хато бажаргани учун танбеҳ бериш ёки уддалагани учун уни рағбатлантириш эскирди. Бу – «Z» авлод учун етарли эмас. Сиз бундай вазиятда руҳиятингизни у билан бўлишишга мажбурсиз. Масалан, у бирор яхши натижа кўрсатганида севинганингиз ҳамда ичингиздан нималар ўтаётганини айтишингиз лозим.
«Z» авлод билан бир уйда яшаётган ёки ишлаётган бўлсангиз – юқоридаги тавсияларга «кўз ташлаб» қўйишингиз керак. Чунки улар бутун дунё учун ташвишга айланаётган «Альфа» авлодни тушунишингизга ёрдам берадиган кўприкдир.
Исфандиёр БУРГУТБОЕВ,
Туркиянинг Анадолу университети
журналистика факультети магистранти
