Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов билан суҳбат
– Миллий медиа майдонда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг алоҳида ўрни бор. Суҳбатимизга тайёргарлик жараёнида, шунчаки бир қизиқиш ўлароқ, «Google»га кириб, «ЎзА» деб сўров киритсам, шундай изоҳ чиқди: «ЎзА» – Ўзбекистон янгиликлари биздан бошланади…». Адашмасам, бу жамоанинг шиори, темир қоидаси. Масаладан келиб чиқиб, бугун шу мақсадни тўлиқ уддалай оляпмиз, деб айта оласизми?
– Саволингизга жавоб беришдан олдин озроқ чекиниш қилсам.
Гап шундаки, биз тенги авлоднинг болалик тасаввурлари эртаклар тинглаб, афсоналар таъсирида шаклланган. Биз сеҳрли ойначани қўлга олиб, сийпаланса шаҳзодалар, маликалар пайдо бўлиши, улар бир-бирларини кўзгуда кўриб, севиб қолиши каби эпик тўқималарга ишонганмиз. Айни замонда ўша «бадиий чўпчак»лар эртак эмас, жўн ҳақиқатга дўниб қолди. Бугунги бола телефонини шундайгина силаса, заминнинг у бурчидаги одамни кўради, суҳбатлашади, фикрлашади. Ва ўз ўрнида, бир қитъада содир бўлган ҳодиса хабари сониялар ичида бутун ер юзини қамраб олади…
Дунё 50-60 йил орасида тамомила ўзгариб кетди. Кеча биз афсона, деб қараган тушунчаларимиз бугун ҳаққоний ҳаёт тарзимизни белгилаб турибди. Жумладан, ахборот шу қадар қудратга эга бўлиб кетдики, сиёсатчилар энди уни бемалол жаҳон тартибини бошқарувчи кўринмас куч, демоқдалар.
Дарҳақиқат, информацияда нафақат дунёни бошқариш, балки унинг зидди ўлароқ бутун-бутун мамлакатларни, тизимларни телба-тескари қила олиш «фазилатлари» мавжудлигини, у ҳар қандай жанговор армиядан, қақшатқич қуролдан, ҳатто баъзида, табиий офатдан ҳам даҳшатлироқ эканини фаҳмлаб турибмиз. Шундай экан, мазкур факторга тепадан қараш, у билан ҳисоблашмаслик асло мумкин эмас.
Шу маънода, ОАВ дейилмиш хабарчилик билан шуғулланадиган манбаларнинг барчаси, ижтимоий-юридик мавқеидан қатъи назар бугун мазкур масалага виждон амри билан қарамоғи шарт, деб ўйлайман.
Маълумот тарқатишни олатасир пойгага айлантириб юбориш эса гоҳида акс таъсир бериши, сувни лойқалатиши ҳам мумкин. Глобаллашув деймиз, ахборот асри деймиз, бироқ биз ушбу тараққиёт қадриятлари сифатида шарҳлаётган омилларнинг таассуфки, беназир имкониятлари билан бирга, ҳазир бўлишимиз керак бўлган жиҳатлариям бор. Бу, аввало, бугун ахборот тарқатишдаги тутумлар-форматларнинг ўзгариши, тараққий этгани билан боғлиқ. Қолаверса, бу ерда, деярли чекловлар, дейлик, биз узоқ йиллар ўрганган «цензура»нинг йўқлиги ҳамда бугунги кунларимиз мисолидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, одамни эсанкиратар даражадаги эркинликнинг пайдо бўлиши, ўйлайманки, бизда янги бир маданият-ахборот макони билан ишлаш маданияти ва қадрияти шаклланишига фавқулодда эҳтиёжни пайдо қилди. Ўртада пайдо бўлган ушбу зарурият бугун ҳаётимизда ОАВ ходимларидан ҳушёрлик ва ватанпарварлик билан бирга ҳар битта сўзи, ахбороти, хабари, лавҳа ва репортажи ҳалол, тўғри, асосли ва таҳлилий бўлишини талаб қиляпти. Бу, журналистнинг ҳар битта сўзи ўқувчини тўғри йўлга, тўғри фикрлашга, тўғри хулосалар чиқаришга даъват қилмоғи шарт, деганидир. Айнан мана шу нуқтаи назар билан бугунги ҳолатимизни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳали жуда катта ва мураккаб юмушларни бажаришимиз зарурлиги аён бўлади.
Тўғри, сўнгги беш-олти йил ичида журналистика соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Бунга қатор мисоллар келтириш мумкин. Лекин, менинг назаримда, биргина матбуот дарвозаларининг ҳаммага бирдек очилаётгани, унинг чинакам халқ овозига, минбарига айланиб бораётгани булар ичидаги энг аҳамиятлисидир. Медиа маконига журналистларнинг янги авлоди кириб келгани, жамиятда янги бўғин – ижтимоий тармоқлардаги миллий сигментнинг юзага келиши ва бу майдонда бугун юзлаб блогер ва интернет журналистлари ижод қилаётгани бағоят ибратлидир.
Ҳа, бугун ўзбек медиа маконида адолатли сўзи, мақоласи, фикри билан минг-минглаб мухлислар эътирофини қозонаётган журналистлар, газеталар, сайтлар, телевидение ва радио каналлар, блогерлар бор. Бу, бир журналист сифатида мени жуда хурсанд қилади.
Бироқ айни чоғда, глобал медиабозор «сир»ларини тўкис ўрганиб, жаҳон ахборот бозорида юксак мавқе тополмаганимиз ҳам ҳақиқат. Орамизда маълумотлар оқимига кўмилиб, улардан керак-нокерагини ажратолмай гангиб юрганлар йўқ эмас. Майда манфаат, арзон ном қозониш учун, ҳатто, кимларнингдир қўлидаги қуролга айланиб, кимлардандир ўч олиш, кимларнидир ёмон отлиқ қилиш йўлида унча-мунча қинғирликлардан тап тортмайдиганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас, кам эса-да, бор. Бундай паллада «адашган»ни тўғри йўлга солиш, унга ёрдам бериш ҳам ҳозирги ўтиш даврида барчамизнинг бурчимиз, десам хато гапирмаган бўламан.
Энди саволингизга жавоб берсам ҳам бўлади.
ЎзА ҳақида сўз айтишдан аввал битта фактни эслатмоқчиман. Биласиз, ҳар қандай тоғнинг бошқаларидан ажралиб турадиган юксак чўққиси, ўрмоннинг эса узоқ-узоқлардан кўзга ташланиб тургувчи баланд, дов дарахти бўлади. ЎзА ҳам ўз босиб ўтган йўли, тажрибаси ва эришган нуфузига кўра, ушбу таърифу тавсифларга лойиқ, деб ўйлайман. Албатта, йиллар шамолида тобланган ушбу «оқсоқол» ташкилотнинг мен ёки бошқанинг алқовисиз обрўси кемтик бўлиб қолмайди. Унинг муносиб тарихи, асос солган мактаби бор. Бу, барчага аён ҳақиқатлар аслида.
Ўрни келганда яна бир ҳолатга изоҳ бериш лозим.
ЎзА давлатнинг расмий ахборот агентлиги ҳисобланади. Нима дегани бу? Бу ЎзА биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, ҳукумат ва давлат органлари фаолиятини, мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни ёритади, Президентнинг фармон ва қарорлари, Парламентнинг қарор ва ахборотлари, Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва бошқа расмий маълумотлар ЎзА орқали тарқатилади, деганидир.
Узоқ йиллар давомида – 1918 йили Тошкентда РосТАнинг бўлими сифатида очилиб, кейинчалик ТАСС тизимидаги ЎзТАГ – Ўзбекистон Телеграф Ахборот агентлигига айланганида ҳам, 1992 йил 5 февралда Президент фармони билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, деб қайта ташкил этилганидан сўнг ҳам ЎзА асосан юқоридаги вазифаларни бажарди, яъни асосан расмий материаллар тайёрлаш билан машғул бўлди.
Сўнгги беш йилдаги «Янги Ўзбекистон» ғояси ЎзА фаолиятини ҳам янги ўзанларга буриб юборди. Агентликнинг ярим қия эшик-деразалари барча учун кенг очилди. Чекланган-чегараланган биронта мавзу қолмади. Буларнинг ҳаммаси Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ошкоралик сиёсатининг ширин меваларидир. Очиқлик маънавият боғларига тиниқ ҳаволар олиб кирди. Дунё медиа маконида муносиб ўрин эгаллаш жамоамиздаги ижодкорларнинг ягона мақсадига айланди.
– Баъзида, ЎзАнинг ижтимоий тармоқларда нега ўқувчиси кўп эмас, деган саволлар қулоққа чалинади.
– Саволда ним ҳақиқат бор. Яримлиги шундаки, назаримда, оммавий ахборот воситасининг иқтидори, замонавий тилда айтганда, рейтинги ижтимоий тармоқларда ўқувчисининг оз ёки кўплиги билан ўлчанмайди. Кўпчилик яхши билади, виртуал форматларда ўқувчи «тўплаш»нинг тез ва арзон усуллари кўп. Мисол учун, биронта амалдорнинг жиндай хатоси ёки шошилиб айтган сўзини топиб, тармоққа қўйворсангиз, ҳаш-паш дегунча бир дунё «хайрихоҳ» орттирасиз. Ёки қайсидир раҳбарга тош отсангиз, кимдир кимнидир пичоқлаб қўйганини биринчи бўлиб элга овоза қилсангиз яна бир олам «мухлисларингиз» пайдо бўлади. Мен бу билан амалдорни оқлаётганим ёхуд тезкор хабар бераётган мухбирни қоралаётганим йўқ. Бундай ва бундан-да баттар хатолар атрофимизда оз эмас.
Кишини ўйга толдирадиган жиҳат шундаки, кўпимизда ҳали «шу гаплар тўғримикан, ёлғон бўлса, туҳмат бўлса, гуноҳкор бўлиб қолмайманми?», деган мулоҳаза етишмайди. Сўз айтиш масъулияти йўқ. Аксинча, хабар қулоққа чалиндими, суриштирмасдан «тошбўрон»ни бошлаб юборамиз. Тошлар ёмғири остида қолаётган одам, адолатсизликка гирифтор бўлган инсон қисмати ҳақида кўп ҳам ўйламаймиз. Таассуфки, кўп холларда ўша ҳукм биз томонимиздан «чиқарилган» бўлади…
– «Оломон синдроми» ишлаб кетади-да… Шундай ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
– «Фалон йўлни тутинг», «Писмадон йўлни тутманг», дея маслаҳат беришдан жуда узоқман. Лекин журналистда, аввало, илм, маданият, жавобгарликни ҳис қилиш туйғулари мустаҳкам бўлиши лозим. Шу ўринда журналистиканинг оддий қоидаси – этикага амал қилиш доираларидан бугун бироз чиқиб кетаётгандаймиз. Кўпчилик ҳолларда оддий қоидаларни ҳам назарга илмаслик, менсимасликка ўхшаш ҳолатлар кузатилаётир.
Масалан, тилдан фойдаланиш масаласи ҳам шулардан бири. Аслида, она тили қоидаларига амал қилиш ҳамма учун бир, у Ватанга, миллатга бўлган эътибору ҳурмат рамзи. Журналистдир, ёзувчи ёки блогердир, ким бўлишидан, қайси миллатга мансуб эканидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаросими, демак давлат тили қоидаларига тўлиқ амал қилмоғи шарт. Масалан, ЎзАда берилаётган материалларни мухбирлар тайёрлайди, муҳаррирлар кўради, таҳрир қилади ва ҳоказо. Ижтимоий тармоқларда ўтирган одамлар эса, гоҳида бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмайдилар, улар ўзлари хоҳлаган материални хоҳлаган шаклда тарқатади ва, айни чоғда, тарқатилган маълумотларга муносабатини ҳам ўзлари хоҳлаган шаклда айтади. Мантиқан бу тўғри: ҳар кимнинг эрки ўз қўлида. Бироқ бу жараённинг маънавий-ахлоқий томонлари ҳам бор. Биз ўзимизча тўғри, адолатли, холис деб ҳисоблаётган мулоҳазаларимиз қандай асосларга таянади, у одамларга, ўқувчилар руҳиятига қандай таъсир қилади? Албатта, масаланинг бу жиҳатини ҳам жуда жиддий ўйлашимиз керак бўлган лаҳтагидир.
Менинг назаримда, бугун оммага маълумот тарқатаётган манба, ҳар бир инсон миллий зеҳниятимиз-менталитетимиздан келиб чиқса, ҳеч бўлмаганда, уни ҳисобга олиб ишга ёндашса тўғри бўлади. Бу нима дегани? Бу шу деганики, «ёзаётганларим эрта бир кун фарзандларимиз, набираларимиз ҳаётини бузмайдими, онгу шуурини лойқалатмайдими», деган ўлчов айни дамда темир қоидамизга айланмоғи керак. Айниқса, билмай, ўйламай-нетмай бировга туҳмат ёғдириш, маломат қилиш – бу фақат «оломон синдроми»га хос бўлган «фазилат»дир.
Бир мисол айтаман. Яқинда ижодкор дўстим оламдан ўтди. У узоқ йиллар қариялар уйида яшади. Оиласи, бола-чақаси бор эди. Фарзанди неча марталаб отасига ялиндики: «Отажон, уйга келинг, маҳаллада бош кўтариб юролмаяпман». Аммо бормади. У қариялар уйига ўрганган эди. Яна унинг бир неча касали бор эди. Шу сабабли «Уйга борсам, илкис аҳволим оғирлашиб қолса, духтурлар келгунича ўтиб қолсам, нима бўлади? Бу ерда каравотим ёнидаги тугмачани шундай боссам, духтурлар чопиб келади. Болам, сен одамларнинг гапига қулоқ солма», деб бу таклифга рози бўлмади. Начора, вақти-соати етган экан, ўтди. Аммо шундай қайғули ҳолни бозорга солиб, шов-шув кўтарадиганлар пайдо бўлиб қолганига нима дейиш мумкин? Нима эмиш, ўғил отани уйдан ҳайдади, у оқпадар ва ҳоказо, ва ҳоказо… Ана-мана дегунча ижтимоий тармоқлар «ёнди!». Бечора бола маломатлар тўфонида қолди. Кимдир томошабин бўлиб турмаслиги керакмиди? Айтдим. Ҳақиқат баёнидан сўнг тармоқлардаги «олов» бирдан сўнди. Қолган гаплар, билиб-билмай ёлғон деди-дедиларга эргашганларнинг виждонига ҳавола. Фақат шуни эслатишим лозимки, ўшаларнинг ҳеч қайсиси узр, бекор қилибмиз, билмабмиз, адашибмиз, демади. Энди айтинг, шу ўринда ота-боболаримиз қадрлаб келган, туҳматдан, ғийбатдан, бировга асоссиз маломат қилишдан қўрқиш «рефлекс»и, жўн айтганда, миллий менталитетимизни кўряпсизми? Афсуски, зикр этилган ҳикояда ундан урвоғам йўқ! Ва бу ниҳоятда хавотирли. Шу маънода, бундай қусурлардан нафақат эҳтиёт бўлиш, балки унга қарши курашишни ҳам ўрганмоғимизни бугунги вазият тақозо этаётгандай…
– ЎзАнинг форматида, яъни таҳрир қилиш, тил қоидаларига эътибор бериш, факт чинлиги масалаларига қатъий амал қилиш бор гап. Аммо бу тезкорликка, вақтдан ютқазиб қўйишга олиб келмайдими?
– Бунинг иккита жиҳати бор: тезкорлик қиламан деб хатога йўл қўйиш, хато қилмайин, деб тезкорликни унутиш мумкин эмас. Журналист, тайёрлаётган мақола ё хабари, ҳам тезкор, ҳам сифатли, ҳам холис бўлишига интилса, ҳаммаси рисоладагидек бўлади. Бошқа йўл йўқ.
– Давлатнинг асосий расмий матбуот агентлиги саналадиган ЎзАни 35 миллионлик аудиториядан қанча фоизи кузатаётган бўлиши мумкин? Бу жараён мониторинг ва таҳлил қилинадими?
– Албатта таҳлил қилинади. Стратегия ва мониторинг бўлимида ҳар бир мақоланинг кейинги тақдири кузатиб борилади, ўрганилади, ижодий мулоқотда тавсиялар берилади, йўл-йўриқлар кўрсатилади. Эълон қилинган материалларни кимлар ўқиди, нима деди, қандай фикр билдирди, ҳаммасининг ҳисоби бор. ЎзАда чиққан бирорта хабар, мақола, маълумот беэътибор қолмайди, ҳаммасига ўз вақтида баҳо бериб борилади.
– ЎзАда кунлик, ойлик, йиллик ахборот ҳажми қанча? Масалан, бир кунда қанча материал берилади?
– Агентликнинг расмий сайтида ҳар кун 200 тагача материал берилади. Ўнлаб фотосуратлар ёритилади. Соддароқ айтганда, майдон жуда кенг. Агентлик сайтида берилган бир кунлик хабар ва мақолалар катта-катта газеталарнинг ўнлаб сонларига сиғмаслиги мумкин.
– Интернетнинг ютуғида бу…
– Албатта! Фикрингизни давом эттириб айтиш керакки, бу қаламкашларнинг катта бахти. Қаранг, истаганча майдон бор. Дейлик, газета 6 саҳифалик бўлса, уни 7 ёки 8 саҳифа қилишнинг ўзи ўнлаб муаммолар туғдиради: қоғоз, маблағ, босмахонадаги фавқулодий юкламаларнинг асаббузарликлари…
Интернет эса бепоён. Истаганча, бир кунда юз-юзлаб мақолалар жойлаштиришингиз мумкин. Ҳеч ким йўлингизни тўсолмайди. Лекин, агар шамолнинг орқасидан қувиб кетиладиган бўлса, кўплаб хатоларга йўл қўйиш, ўқувчилар олдида уялиб қолиш ҳам мумкин.
Демоқчи бўлганим шуки, ЎзАда ҳар битта материал, такрор бўлса ҳам айтаман, у оддийгина хабар бўлса ҳам, эълон қилингунча икки-уч қўлдан, кўздан ўтади. Асосий шиоримиз хатоликка, нотўғри фикрга, ўрганилмаган фактни ўқувчига узатишга йўл қўймасликдир.
– Имло хатолар масаласида-чи?
– Қани эди хато бўлмаса! Ҳаммамизнинг истагимиз, ҳаракатимиз шу. Лекин тан олиб айтаманки, ҳали-ҳозирча мақсадга тўла эришганимиз йўқ. Бир неча сабаблари бор бунинг. Аввало, барчанинг даражаси, илми, қобилияти бир хил, деб бўлмайди. Қолаверса, баъзи ҳолатларда, ҳатто тажрибали одамлар ҳам хато ўтказиб юбориши мумкин. Бу баъзан ишдаги «босим» билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Хуллас, минг афсуски, ҳозирча имло хатолар тугатилди, деёлмайман. Аммо жиддий, сиёсий ёхуд айрим воқеаларни тескари талқин қилиш, халқаро масалаларда эҳтиётсизлик каби ҳолатлардан асрашимиз керак ахборот майдонини. Баъзан битта ноўрин сўз, битта нотўғри факт кўплаб одамларни чалғитиб юбориши мумкин. Бундай ҳол ижтимоий тармоқларда бўлса, «ҳа, биттаси айтибди-қўйибди-да», деб эътибор берилмаслиги мумкин, лекин давлатнинг ахборот агентлиги томонидан айтилган сўзга бундай қаралмайди. Биз бу масъулиятни чуқур ҳис қиламиз.
– Агар ЎзА «катта газеталарнинг бир ҳафталик ҳажмини бир кунда бериши мумкин» бўлса, савол туғилади: ЎзАда қанча ходим ишлайди?
– Техник ходимлар билан бирга ҳисоблаганда 185 нафар. Биласиз, ЎзА жойлашган бино 16 қаватдан иборат. Уни тозалаш, техник хизмат кўрсатиш, чироғига, лифтига қараш, қўриқлаш каби кўпдан-кўп хизмат турлари бор. Ижодий ходимлар сони ҳудудлардаги мухбирлар билан ҳисоблаганда 52 нафар. Яна 17 нафар таржимон бор. Агентлик 9 тилда ахборот тарқатади. Материаллар асосан ўзбек тилида тайёрланиб, кейин бошқа тилларга таржима қилинади. Баъзан, пана-пастқамлардан «ЎзА жуда катта идора, давлатнинг миллион-миллион пули кетиб ётибди», деган гаплар эшитилади. Тўғри. ЎзА давлат ахборот агентлиги. Жаҳоннинг ҳамма мамлакатларида бўлгани сингари ҳукумат ўз ташкилотига қарайди, ғамхўрлик қилади. Харажатга келадиган бўлсак, бу йилги давлат бюджетида назарда тутилган маблағ 20 миллиард сўм атрофида. Бугунги кунда бу қанчалик кўп ёки камлигини эса ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.
– Таҳлилий мақолалар, публицистик чиқишлар бир жанр сифатида журналистикадан узоқлашиб кетаётгандай туюлмайдими сизга?
– Мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман. Бугун журналистикамиз сиз айтаётгандай назарий жиҳатдан бироз ўзини четга тортгандай. Сабаби жуда оддий: таҳлилий ёки кенг қамровли публицистик мақола ёзиш, хабар ёзиш эмас, оғир, азобли меҳнат. Бу худди ёзнинг жазирама кунида қуёш тиғида терга ботиб кетмон чопишдек машаққатли.
Таҳлилда кичик детални ҳам, фактни ҳам охиригача ўрганиш, моҳиятига етиш керак. Мана, масалан, Қашқадарёда жуда катта газни қайта ишлаш заводи очилди. Биз ҳам очилиш тадбирларида иштирок этдик. Бир қанча журналистлар мақолалар ёзишди, фикрлар билдиришди. Лекин таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Ishonch» газетасида эълон қилинган «Uzbekistan GTL»: Миллат қадди ва қадрига дахлдор гигант мажмуа» сарлавҳали публицистик мақоласи алоҳида ажралиб туради. Мақола ЎзА сайти ва «Халқ сўзи» газетасида ҳам эълон қилинди. Бундай таҳлилий мақола ёзиш учун кишида катта салоҳият, маҳорат, меҳнаткашлик, касбига, халқига, Ватанига чексиз муҳаббат бўлиши керак. Қудратилла Рафиқовникига ўхшаш мақолалар талабалар учун ҳам, журналистлар учун ҳам тайёр сабоқ, маҳорат дарси. Шунақа мақолалар кўпайса, журналистикамиз ҳам равнақ топади.
– Ҳозир катта авлод билан ёш авлод ўртасида чуқур жарлик пайдо бўлаётгандай. Икки авлод орасида мулоқот тили йўқолиб қолгандай. Умуман, ёшлар билан ишлаш масаласи қандай кечмоқда. Ўша жарлик – ўртадаги масофа сизга қанчалик сезилади?
– Сиз жарлик деган ҳолат, у қадар ваҳимали эмас. Нима учун ваҳимали эмас? Аввало, ҳозирги ёшлар жуда тезкор. Бу ерда бошқа масала бор. Биринчиси – сабр. Оқсоқол журналистларимиз ёшларга тажрибасини ўргатишга тайёр. Мен ўзимизнинг ташкилотдаги тажрибали журналистлар фаолиятидан келиб чиқиб, шу гапларни айтмоқдаман. Ёшларда ҳам иштиёқ етарли, фақат сабр-тоқат масаласида, юмшоқ айтганда, озроққина чидамсизлик сезилади. Улар ёшликка хос шиддат билан тезроқ чўққиларга кўтарилгиси келади.
Жойи келганда яна бир гапни айтгим келади. Очиғи, журналистга, айниқса шаклланиб бўлган журналистга бир нарсани ўргатиш қийин. Яхши журналист бўлишни истаган одамнинг ўзи ҳаракат қилиши, изланиши, ўқиб-ўрганиши, маҳоратини ошириш учун куну тун меҳнат қилиши керак.
– Ўз хатоларидан ўзи ўрганиши керак дейсизда?
– Ўз хатоларини ўзи тузатишни ўрганиши керак. Хато қилмаслик учун эса тажрибали, билимли устозлар маҳоратидан сабоқ олса фойда топади. Бу ҳам меҳнат. Бу меҳнатга ҳам ҳамманинг бардоши етавермайди.
– Аввалги мулоҳазали, зиёли журналистикадан бугун бетгачопар, шартаки журналистикага ўтиб кетаётгандай туюлади менга…
– Мен сизни тушунаман. Сиз ижтимоий тармоқларни назарда тутяпсиз. Газета ва журналларда бундай ҳолатлар йўқ.
Менинг назаримда, интернетда чиқаётган нарсаларнинг ҳаммасини ёппасига интернет журналистикаси дейиш нотўғри. У ерда журналистикага мутлақо алоқаси йўқ нарсалар тиқилиб ётибди. Шундай даврлар бўлдики, журналистикадан нон тополмаганларнинг айримлари олағовур шамоллардан фойдаланиб, ўзларича «интернет қироли» бўлишга интилишди. Шамоллар аста-секин пасайиб, чанг-ғуборлар тарқалган сайин, ҳар кимга тош отиш, шов-шув кўтариш билан интернет журналистикасини яратяпман, деб даво қилувчиларнинг чин қиёфалари ҳам кўриниб қолаётир. Ўқувчилар ҳам зерикишяпти ёлғон-яшиқ миш-мишлардан. Шу маънода, журналистикамиз бояги сиз айтаётган даражада қутбларга бўлиниб кетган эмас. Ҳақиқий журналистика ўз йўлида давом этмоқда. Ўз эстафетасини арзийдиган, етук авлодга бермоқда. Умумий жараён, катта эврилиш тўлқинлари бу.
Яна интернет журналистикаси билан боғлиқ битта оғриқли жойимиз бор. Хўш, интернет журналистикаси қачон шаклланади? Аёнки, ёзма матбуот ёки телевидение ҳозирги шаклга бир кунда келган эмас. Қанча йўлларни босиб ўтган, жуда олис тарихи бор ёзма журналистиканинг. Интернет журналистикаси бизда энди пайдо бўляпти. Яқин 5-6 йил ичидаги гап бу. Энди бу жараённи тўғри ўзанга буриш зарур. Томошабинлик эмас, талабчанлик пайти ҳозир. «Жа-а опқочибди-да!», «Роса хатолар қиворибди-ю!», дея илжайиб қўйиш эмас, тарбиялаш йўлини ахтариш зарур.
Афсуски, кўпимиз шундай камчиликларни кўрганда, ичимизда бир ғижиниб қўйиш билан чекланяпмиз, холос.
– Демак, бугунги анъанавий журналистикага интернет журналистикаси, фуқаролик журналистикаси (блогерлик) жиддий рақобатчи бўлолмайди, шундайми?
– Гап атамада ҳам, рақобатда ҳам эмас. Рақобат, ижодий рақобат ҳамиша бўлиши зарур. Лекин уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Умуман бу журналист, бу блогер, деб уларни бир-бирининг «душмани»га айлантиришдан тамомила воз кечиш зарур. У блогер бўладими, фуқаролик йўналишидаги журналист ёки радиожурналист бўладими, масала маҳсулотида. Натижада! Журналистга қандай талаб қўйилаётган бўлса, блогерга ҳам шундай талаб билан ёндошмоғимиз лозим. Блогерлар орасида талантлилар оз эмас.
Ўзим ҳам уларнинг ижтимоий тармоқлардаги мақолаларини роҳатланиб ўқийман. Баъзиларининг ўзларига ҳам телефон қилиб ташаккуримни айтаман. Ҳатто, агентлигимиз ижодкорларини айрим блогерлардан ибрат олишга ундайман.
– Демак сиз уларга рақобатчи эмас, ҳамкор, келажагимиз деб қарайсиз?
– Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳаммамиз битта оиламиз. Катта оила. Ватан битта, мақсад битта, ният битта бўлганидан кейин журналистга блогерни рақиб дейиш мумкинми? Ижодий рақобат эса нафақат блогер ва журналист ўртасида, балки хар икки журналист ўртасида ҳам бўлиши керак ва бу табиийдир.
– Рақобат бўлгани яхши. Рақобатда кимдир ютади, кимдир ютқазади барибир. Бошидаги саволимиз озгина очиқ қолди. ЎзА катта ахборот майдони бўлгани билан, ҳозир унга соғлом рақобатчи сифатида kun.uz, daryo.uz, хуллас, бир қанча электрон нашрлар пайдо бўлдики, бу ахборот майдонидаги соғлом рақобат сизларни ҳам ҳушёр торттирса керак?
– Тўғри айтдингиз. kun.uz, daryo.uz, qalampir.uz, xabar.uz – булар ибрат олса арзийдиган сайтлар. Бундай сайтлар Ўзбекистонда бир қанча. Биз уларнинг ҳаммасини ҳурмат қиламиз. ЎзАга келадиган бўлсак, бизда яқингача видео материаллар тайёрлаш учун техник имкониятлар йўқ эди. Эрта-индин медиамарказимиз ишга тушади. Керакли техник асбоб-ускуналар оляпмиз. Ҳудудий мухбирларга ҳам замонавий компьютерлар берилди. Лекин, техника деганингиз оддий бир темир-да. Темирнинг ўзи бориб, ўзи тушириб, ўзи монтаж қилиб, кўрсатув қилолмайди. Бунинг учун тирик, ақлли мутахассис, фидойи журналист керак. ЎзАда эса етук журналистлар етарли.
– Президент қарорида хорижда ЎзАнинг мухбирлар тармоғини очиш ҳақида ҳам айтиб ўтилган эди…
– Аввало, фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз номидан Президентимизга, ҳукуматимизга, миннатдорлигимизни айтмоқчиман. Шу кунгача бирорта ҳудудий мухбиримизнинг машина тугул, велосипеди ҳам йўқ эди. Фотомухбирларимиз эса эскириб қолган аппаратларда ишлар эди. Ўтган йили барча ҳудудий мухбирларга енгил автомашиналар олиб берилди, яқинда эса фотомухбирларнинг айримлари янги фотоаппаратлар билан таъминланди.
Ростини айтганда, охирги 3-4 йил ичида ЎзАга берилган эътибор 40-50 йил давомида бўлмаган эди. Энди хорижда мухбирлар тармоғини шакллантириш тўғрисидаги саволингизга келсак, бу нафақат ЎзАнинг, балки барча журналистларимизнинг кўп йиллик орзусидир. МТРК ҳам, «Халқ сўзи» ёки «Янги Ўзбекистон» газеталари ҳам хорижда ўз мухбирлари бўлишини истайдилар. Чамамда шу орзу ушаладиган кунлар унча узоқ эмас. Яқин ўртада телевидение, балким ЎзАнинг ҳам хорижда ўз мухбирлари бўлиши мумкин.
– Танқидий мақолаларга нисбатан раҳбарлар томонидан олиб ташланг ёки берманг, деган босимлар бўладими ЎзАга ҳам?
– Ҳурматли Юртбошимиз ҳар доим «журналистлар, фаол бўлинглар, мен сизларни ҳимоя қиламан», деб турибдилар. Энг қобилиятли, худди шу талабларга жавоб берадиган журналистларимиз ҳар йили мустақиллик байрамида, матбуот кунида, доимий равишда рағбатлантирилиб, руҳлантирилиб эътироф этиб келиняпти. Шундай шиддатли жараёнда, шунча гапларни тушунмасдан, фалон нарсани берма, фалон нарсани бер дейдиган раҳбарнинг юраги ё отнинг калласидай бўлиши керак, ё ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Менга кейинги йилларда бирорта раҳбар бундай топшириқ ёки илтимос билан мурожаат қилган эмас. Лекин «биз ҳақимизда мақола чиқаётган экан, хато кетиб қолмаслиги учун кўриб берсак бўладими?», қабилидаги телефонлар бўлиб туради. Мен бундай мурожаатларни хурсандчилик билан қабул қиламан. Нега? Чунки материал эълон қилингандан кейин, ўқ отилгандай гап – уни орқага қайтариб бўлмайди. Мақолада ҳар бир факт, рақам ва сўз тўғри бўлмоғи керак. Журналист, гоҳида эҳтиросга берилиб кетиб, масалани чуқур таҳлил қилолмаган бўлиши мумкин. Шу боис, маслаҳатлашиш зарар қилмайди, ноўрин кўнгилсизликларнинг олдини олади.
Аммо эълон қилинган танқидий мақолаларга жавоб беришда баъзи идораларда совуққонлик йўқ эмас. Мисол учун, аввалроқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг чипталари бошқа мамлакатларникидан баландлиги ва натижада йўловчиларнинг маълум қисми қўшни давлатларнинг аэропортлари орқали учишга мажбур бўлаётгани, охир-оқибат валюта ўзимизда эмас, бошқа жойда қолаётгани тўғрисида сайтимизда материал берилди. Икки марталаб мурожаат қилинишига қарамай жавоб беришмади аэропортдагилар. Бундай ҳолатларда журналист ҳам тишу тирноғи борлигини билдириб қўйиши керак.
– ЎзАнинг мукаммал кўриниши сизнинг тасаввурингизда қандай?
– Менинг тасаввуримда мукаммал дейдиган биронта ахборот воситаси йўқ дунёда. Лекин нисбатан намуна қилиб кўрсатиладиганлари бор. Биз 10 дан ортиқ мамлакат билан меморандум имзолаганмиз. Улар орасида Ҳиндистон, Хитой, Россия ва бошқа давлатларнинг ахборот агентликлари бор. Ҳамкорларимиз доирасида Хитой билан Ҳиндистон ахборот агентликларининг фаолияти бизга кўп жиҳатдан яқин. Қолаверса, биз глобал очиқ ахборот маконига кираётган эканмиз, бу борада йиллаб тажриба тўплаган нуфузли ахборот агентликларининг фаолиятини ўрганишимиз фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта.
Менинг тушунишимча, яқин келажакда ахборотнинг тутган ўрни бугунгидан ҳам юқорироқ бўлади. Шу боис, ҳали айтганимдай, жаҳон ахборот маконида ўзимизга мос ўрин топиш, миллий манфаатларимизни унутмаган ҳолда ушбу глобал тамойилга интеграция бўлиш ечимини топиш бугунги кунларимизда соҳамиз олдида турган энг муҳим вазифа, деб биламан.
Суҳбатдош:
Шоҳира ҲАМРО,
«ISHONCH»

