МИЛЛАТ ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛМОҚ – ВАЗИФАМИЗДИР

1083

2020 йилнинг 11 ноябрини биз, Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари меҳнат фаолиятимиздаги энг унутилмас кунлардан бири сифатида тилга оламиз. Сабаби, айнан шу санада мустақил юртимиз тарихида илк бор Ўзбекистон касаба уюшмалари куни катта байрам сифатида нишонланиб, биринчи марта Президент томонидан табрик йўлланди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратаётгани, инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб бораётган оқилона сиёсатининг яна бир яққол далили бўлди.
Ўтган йили «Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари» шиори остида Тошкент шаҳрида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов кенг қамровли маъруза қилиб, мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган 5 йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг салмоқли натижаларини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, охирги йилларда мамлакатимизда рўй бераётган тарихий янгиланишлар жараёни халқимизда ишонч руҳини мустаҳкамлаб, жонажон Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги имижини юксалтирди. Масалан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмалари умумконфедерациясига аъзоликка қабул қилингани, Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилгани, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани кўп нарсани англатади. Зеро, давлатимиз раҳбари айтганидек, «Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас».
Энди ҳаёт барча жамоат ташкилотларидан, жумладан, касаба уюшмаларидан ҳам фаол, қонунларга қатъий риоя этган ҳолда фаолият кўрсатишни талаб этмоқда. «Куч – адолатда» шиорини ҳаёт тарзига, қатъий қоидага айлантирган Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, оғизда эмас, балки амалда «Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ» вазифаси олдинги ўринларга чиқди. Бугунги ислоҳотлар ана шу сиёсатга ҳамоҳанг экани билан алоҳида диққатга молик.
Бунга кўплаб асослар келтириш мумкин. Масалан, Амир Темур бунёдкорликка алоҳида эътибор қаратган. Илм-фан ва маънавият аҳлини ардоқлаб, уларга ҳомийлик қилган. Кўплаб мадрасалар, кутубхоналар қурдирган. Нафақат ўз юртида, балки қадами етган жамики жойда мустаҳкам иморатлар, сарой ва мақбаралар барпо эттириб, йўллар қурдирган. Ҳар бир жойга эзгулик уруғини қадаган.
Юртбошимиз олиб бораётган доно сиёсатда ҳам бунёдкорлик ғояси, иқтисодиётни кучайтириш, одамларга яхши ҳаёт, қулай шароит яратиш мақсадлари амалда яққол кўзга ташланади. Кўп узоққа бормаймиз, яқиндагина Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида, тап-тақир чўлда «Uzbekistan GTL» заводи қад кўтарди. Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда жуда кўп айтилди, айтиладиям. Чунки бундай гигант мажмуани барпо этиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам Амир Темур бобомизнинг «Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг!», деган сўзлари тарихнинг ҳар икки даври учун ҳам жуда мос келади.
Яна шуни ҳам айтиш ўринлики, Амир Темур хотин-қизлар саломатлигини асраб-авайлаш, қадрлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш лозимлигини кўп бор таькидлаган. Янги Ўзбекистонда ҳам «Темир дафтар» , «Аёллар дафтари» каби кенг миқёсдаги ижтимоий ҳимоя тадбирлари орқали нозик ҳилқат вакилларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Чунки оналар, опа-сингилларимизнинг кайфияти, саломатлиги миллат тақдирига дахлдор масаладир.
Юртбошимиз ва халқимиз фуқаролар хавфсизлигини, ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш зиммасига вазифа сифатида юклатилган давлат органлари қаторида биз, касаба уюшмалари кенгашларидан ҳам кўп нарса кутмоқда. Илгарилари биз ҳақ-ҳуқуқи бузилаётганидан шикоят қилган кишига ёрдам кўрсатиш учун бунга сабаб бўлган томон ёки субъектларни ҳисобга олган ҳолда, аризачи шикоятини ўрганишга киришардик. Касаба уюшмалари учун энди фақат ва фақат қонунлар ҳамда меҳнат кодекси талаблари устувордир.
«Ушбу тизим ривожида сўнгги йилларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани, халқаро меҳнат ташкилоти, халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ва бошқа халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйганимиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорига айланиб бораётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда».
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ва ижтимоий шерикларига Мурожаатида ҳам халқ ташкилоти фаолиятида юз бераётган ижобий ўзгаришлар яна бир карра эътироф этилди.
«Янги Ўзбекистоннинг – янги касаба уюшмалари» Президентимиз стратегик вазифа сифатида белгилаб берган, миллий ғоя даражасига кўтарган, халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда барча имкониятларни сафарбар этишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида кўради».
Касаба уюшмаларида ҳақиқий янгиланиш, халқ ташкилоти мақомига мос фаолият кўрсатишда қурултойда белгилаб олинган аниқ ва муҳим режалар, йўналишлар бизга амалий дастур бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2015-2021 йилларга мўлжалланган бешта стратегик йўналиши 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Касаба уюшмаларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, мутлақо янги тизим мезонларини яратиш, замонавий кадрларни тайёрлаш, ижтимоий ҳамкорлик ва жамоатчилик назорати борасидаги фаолиятни сифат жиҳатидан муҳим босқичга кўтариш, фаол халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бешта стратегик йўналиш қурултойдан сўнг ўтган вақт давомида касаба уюшмалари учун ҳаракат дастурини ташкил этмоқда. Касаба уюшмалари олдида турган асосий вазифа давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 ноябрь куни Президент лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида белгилаб берилган, келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишларга уйғун тарзда фаолиятни юритишдир.
Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш белгиланган 1- ва 2-йўналишлари касаба уюшмалари ташкилотлари фаолияти самарадорлигини кескин ошириш учун муҳим дастурдир. Мисол учун, 2-йўналишда «Тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилади» деб белгиланган банд барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қатори касаба уюшмалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Иккинчи томондан, «Миллий иқтисодиётни жадал ривож­лантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш» деб номланган 3-йўналишда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш белгиланган. Бунинг учун макроиқтисодий барқарорлик, инф­ляция даражасини 5 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилади.
Сифатли таьлим ва аҳоли саломатлиги йўналишида ёзиб қўйилганидек, ўқитувчилар ва олий тоифали шифокорлар ойлик маоши ошириб борилиб, 2025 йилда минг АҚШ доллари миқдорига етказилади.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси йўналиш­ларида кўзда тутилган чора-тадбирларни синчиклаб ўқир экансиз, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини ривожлантиришнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш ҳаракати аниқ ва пухта режа, мустаҳкам асосга эга эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Тараққиёт стратегияси ва унинг 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган параметрларига оид «Йўл харитаси»ни назарда тутувчи Президент Фармонига биноан, ислоҳотлар натижадорлигини ривожланиш мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизимини жорий этиш бош­лаб юборилди. «Йўл харитаси»да 7 та устувор йўналиш доирасида қарийб 100 та мақсадли натижага эришиш назарда тутилмоқда.
Белгиланган аниқ марралар, чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш барча давлат ва нодавлат тизимлар, жумладан, касаба уюшмаларидан ҳам бир ёқадан бош чиқариб, баҳамжиҳат, ташаббус кўрсатиб ишлашни талаб этади. Биз бу борада фаоллик кўрсатиб, албатта, ишончни оқлаймиз.

Бахтиёр ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси