Карантин вақтида саломатлик посбонлари учун иш кўлами, ҳажми,
зиммадаги масъулият ҳар қачонгидан ошди. Хўш, бошланғич касаба уюшма
қўмиталари бундай долзарб паллада ходимлар манфаатини қандай
ҳимоя қилди ва қилмоқда? Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.
МЕҲР
Фалокат оёқ остида, деганлари шу бўлса керак-да. Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиника ҳамшираси Дилноза Ҳасанованинг уйи ҳеч кутилмаганда ёниб кетди. Бахтсиз ҳодисадан оила гангиб қолди. Тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Рустам Узоқов тезда иш берувчи ва қўмита аъзолари билан маслаҳатлашди. Саъй-ҳаракатлар натижасида Ҳасановага моддий ёрдам ва уйини ёпиб олиши учун 150 та шифер олиб берилди.
Қўмита ташаббуси билан 100 нафар ходим фарзандига ўқув қуроллари олиб берилгани ҳам айни муддао бўлди. Ходимларнинг ишдан бўш вақтларида мутолаа қилиши учун 6 миллион 880 минг сўмлик бадиий адабиёт, соғлом турмуш тарзи тарғиботи йўлида 6 миллион 784 минг сўмлик спорт жиҳозлари харид қилинди.
Фаол ходима Матлуба Мажидовага «Кўҳинур» санаторийсига бепул йўлланма тақдим этилди, ариза ва мурожаатлар инобатга олиниб, асосан 63 нафар ходимнинг ўзи ёки яқин қариндошлари энг яхши сиҳатгоҳларда ҳордиқ чиқарди. Ходимларнинг 100 нафар фарзанди сўлим оромгоҳларда дам олдирилди. Бухорои Шарифга қилинган саёҳатнинг таассуроти ҳануз тиллардан тушмайди. Тармоқ келишувига асосан,10 нафар ҳамшира фаоллиги учун рағбатлантирилган бўлса, юбилей саналари муносабати билан беш нафар фахрийга эсдалик совғалари берилди. Ётиб қолган тиббиёт ходимларига озиқ-овқат жамланмалари етказилди.
Аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган ва «Covid-19» билан оғриб, ҳаётдан кўз юмган тўрт нафар шифокорнинг оила аъзолари моддий қўллаб-қувватланди.
Меҳнаткашларни касаба уюшма имтиёзларидан тўлароқ баҳраманд этиш давр талабидир. Шунга кўра, тарғибот-ташвиқот ишлари натижаси ўлароқ яқинда «Евродента стомасервис» хусусий корхонаси касаба уюшма ҳимоясига олинди…
ҚАДР
Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати – соҳа иши самарадорлигини ошириш мақсадини ўзида мужассам этган янги тузилма. Хизмат ташкил этилиши билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди.
Ташкилот номининг ўзгариши ходимлар иш фаолиятига қандай таъсир қилди?
Узоқ йиллардан буён Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик марказида ишлаб келган Инобат Хушвақтова иш берувчининг «Ташкилот тугатилаётгани муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида»ги буйруғига кўра ишдан озод этилди. Аслида у сал аввал «Ходимларни қайта ташкил этилган ташкилотга ўтказиш (лавозимга тайинлаш) тўғрисида»ги буйруқ билан ва ходимларнинг розилик хатига асосан ҳуқуқий ворис ташкилотга иш ўрни билан ўтказилганди. Демак, айнан шу буйруқ бекор қилинди. Янги ташкилот раҳбарининг янги буйруғига кўра, у Бактериология лабораториясига 0,5 ставка билан ишга қабул қилинди. Содда қилиб айтганда, тўлиқ штатда ишлаган ходиманинг нони яримта бўлди. Хушвақтова чора излаб касаба уюшмаларига ариза ёзди. Иш судгача борди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг очиқ суд мажлисида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши меҳнат инспектори Озод Адилов тушунтириш бериб, буйруқ қонунга зид равишда чиқарилганини айтди. Гувоҳ сифатида қатнашган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси касаба уюшма қўмитаси раиси Раҳмонқул Саломов даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси розилиги олинмаганини ва унга огоҳлантириш хати берилмаганини билдирди.
Суд ҳайъати юқоридаги сабаблар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида одилона қарор чиқарди: Инобат Хушвақтова ўзининг бир ставкалик лаборантлик ишига қайта тикланди.
– Давлатимиз томонидан пандемия вақтидаги камтарона меҳнатим юқори баҳоланиб, «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирландим. Иш жойим ўзгариб, ҳуқуқимиз поймол этилган, руҳан тушкунликка тушган вақтимда эса касаба уюшма фаоллари елкадош бўлишди. Уларнинг аралашуви билан ишимга тикландим, ойликларим ундириб берилди, – дейди Инобат Хушвақтова.
Худди шундай масала юзасидан яна 22 кишининг иши судда кўриб чиқилиб, улар ҳам ўз вазифаларига тикланишди.
ЭЪТИБОР
Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ўнга яқин ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик сўраб, Бирлашган касаба уюшма қўмитасига тақдимнома киритди. Тақдимномада иш берувчи ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-модда 7-бандига асосан ходимларни ишдан бўшатиш кўзда тутилганди.
Касабақўм раиси Адҳам Усмонов шошилмади. У Президентнинг 2019 йил 7 мартдаги қарорини асос қилиб, меҳнат шартномаларининг бекор қилинишига розилик бермади. Дарвоқе, мазкур қарорда «Аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади», деб белгилаб қўйилган ва шу ҳужжат шарофати билан ўн нафарга яқин тиббиёт ходими ўз вазифасида қоладиган бўлди…
Қўмита томонидан 2021 йилда 78 нафар ходимга моддий ёрдам берилди, 34 нафар ходим санаторийда дам олди. Бир нафар ходим «Умид гулшани» сиҳатгоҳида бепул соғломлаштирилди. Ходимларнинг 400 нафар фарзанди театр томошасига олиб борилди. Янги йил байрамида 1000 нафар ўғил-қизга Қорбобо совғалари тақдим этилди.
80 нафар ходимнинг фарзанди Яккабоғдаги «Истиқлол ғунчалари» оромгоҳида соғломлаштирилган бўлса, 140 нафар ходим учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат уюштирилди.
ЭЪТИРОЗ
Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасида 223 нафар врач, 2363 нафар ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходими, 707 нафар орастабон меҳнат қилади. Касаба уюшма қўмитаси раиси Рустам Абдураҳмонов имкон қадар ҳамкасбларининг ёнида бўлишга ҳаракат қилади.
Масалан, орастабон бўлиб ишлайдиган Насиба Пўлатованинг соғлиги яхши эмас. Бунинг устига турмуш ўртоғининг кўзи ожиз. Аёлнинг шароити ҳисобга олиниб, моддий ёрдам ажратилди. Яна бир тозалик бекаси Муниса Тўраеванинг уч нафар фарзандидан икки нафари вояга етмаган, бири олий ўқув юртида «шартнома» асосида ўқийди. Шароити ҳаминқадар.
51-оилавий шифокорлик пунктида патронаж ҳамшира бўлиб ишлайдиган Гулруҳ Маҳмудованинг турмуш ўртоғи ногирон. Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Ўғилой Очилова боқувчиси йўқ, бир нафар фарзанднинг онаси, мактаб ҳамшираси. Шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг навбатчи ҳамшираси Муҳайё Абдураҳмонованинг эса уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, турмуш ўртоғи вафот этган. Юқумли касалликлар шифохонасида орастабонлик қиладиган Зебо Қўлдошева яқинда бел-думғаза чуррасини олдирди. Жарроҳлик амалиётидан кейинги тикланиш муолажаларини давом эттирмоқда. Хуллас, турмуш муаммоларига дуч келган ходимлар оз эмас. Касаба уюшма қўмитаси уларнинг оилавий шароити, эҳтиёжмандлигини ҳисобга олиб, моддий кўмак ажратди.
Наргиза Остонова туғруқ мажмуасида доя бўлиб ишлайди. Бу аёл қисқа вақт ичида ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилиб қолди. «Тўқбой» оилавий шифокорлик пунктида қоровуллик қиладиган Беҳзод Каримовнинг ҳам бошига мусибат тушди. Ота-онаси «Covid-19» касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмди. Кўп тармоқли марказий поликлиника катта фельдшери Илҳом Зарипов эса хасталаниб вафот этди. Қўмита аъзолари мусибатли оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзди.
– Ўтган йилда 222 нафар ходимга моддий ёрдам берилди. Йил давомида бу мақсад йўлида 37 миллион 360 минг сўм сарфланди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Рустам Абдураҳмонов. – Жамоа шартномасига кўра, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг 40 нафарига иш берувчининг моддий рағбатлантириш фондидан ёрдам кўрсатиш белгиланган. Жамоа катта. Ҳеч бир кам таъминланган ходимни эътибордан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Баъзи ходимларнинг оилавий шароити оғир бўлса-да, моддий кўмак сўрашга орияти йўл қўймайди. Уларни ҳам жойлардаги вакилларимиз кўмагида аниқлаб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз.
Бирлашмада иш берувчи билан шерикликда болаларни ёзги дам олдириш бўйича яхши анъаналар йўлга қўйилган. Масалан, ўтган йили ходимларнинг 75 нафар фарзанди соғломлаштирилди ва ота-оналарга йўлланмалар пулини тўлашда сезиларли енгилликлар яратилди.
– Тиббиёт бирлашмасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас, – дейди касабақўм етакчиси. – Масалан, кутубхонамиз анча ночор. Китоблар кам. Кичкина, кўримсиз хонада жойлашган. Қанийди, компьютер ва бошқа замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган кенг ва ёруғ хона бўлса, китоб фондини бойитиш учун янги адабиётлар харид қилардик. Бир қарашда ҳозирги тезкор замонда ходимларнинг китоб ўқишга вақтлари йўқдек туюлади, аммо яхши шароитлар, янги-янги бадиий ва илмий адабиётлар бўлса, китобхонлик маданиятини йўлга қўйса бўлади.
Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан мунтазам спорт тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Масалан, яқинда бир гуруҳ шифокорлар хотирасига бағишлаб, спартакиада ташкил этилди.
Соғлом турмуш тарзи тарғиботи учун икки нафар ходим бириктирилган. Улар ўз иш режаларини ишлаб чиқиб, фаолиятларини тизимли йўлга қўйиб олишини кутяпмиз. Аслида спорт тарғиботчиларининг ойлик маошига 20 фоиз устама қўшилиши керак. Аммо ҳалигача туман молия бўлими томонидан бу устама молиялаштирилгани йўқ.
Мазкур масалада туман Молия бўлимига билдириш хати билан мурожаат қилинганда улар спорт тарғиботчилари иш ҳақини ТТБнинг пуллик хизматлари тушумидан ёки иш берувчининг ходимларни рағбатлантириш фондидан қоплаш мумкинлиги ҳақида «маслаҳат» бериш билан кифояланишди, холос. Ваҳоланки, соғлом турмуш тарзини йўлга қўядиган «спорт тарғиботчиси» лавозими айнан давлатимиз раҳбарининг қарори ва ташаббуси билан жорий этилган.
Яна бир масала. Стационар муассасаларда ишлайдиган тиббиёт ходимлари малака ошириш учун ўқишга борганда сафар ва ўқув харажатлари қоплаб берилмаётир. Ахир, бу мутахассислар ўзи учун эмас, халқ ва аҳоли саломатлиги учун билим ва малакасини оширмоқда ва улар ўқув давомида анчагина маблағга чиқимдор бўлишяпти.
Шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган ходимларнинг чиқимдор бўлмаслиги чора-тадбирларини ишлаб чиқиш вақти келди. Бу масала Меҳнат кодексининг тегишли бандларида аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган бўлса-да, афсуски, кўрик харажатлари ҳамон ходимнинг хамёнига бориб тақаляпти. Бу эса уларнинг ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Дарҳақиқат, Рустам Абдураҳмонов кўтарган масалалар анчагина долзарб ва кўп йиллардан бери ечимини топмаётган муаммолар. Кўрамиз, бунга қандай муносабат билдирилар ва амалий чора-тадбирлар белгиланар экан?
ЭЪТИРОФ
Жараёнлар билан танишиш учун туман ва шаҳарлардаги тиббиёт муассасаларида бўлганимизда ёки санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари билан учрашувларда шунга амин бўлдикки, ходимлар касаба уюшмаларидан рози. Моддий тарафдан қийналган, касбий-ҳуқуқий масалаларда муаммога дуч келган ходимлар касаба уюшмаларини ўзига суянч ва таянч сифатида билишади.
Демак, саъй-ҳаракатлар беиз кетмаяпти. Саломатлик посбонларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояси ишончли қўлларда!
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»
